Мелодий сана янгиланиши арафасида фарзандлар орасида ноқонуний пиротехника воситаларини портлатиш бир пайтлар анъанага кириб қолган эди. неча йиллардирки, бу ишлар на шариатга, на давлат қонунига ва на инсоний одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келмаслиги ҳақида кўп бора айтилиб келмоқда. Бироқ ҳали-ҳануз фарзандларга бепарво бўлиш ҳолатлари давом этиб келмоқда.

Нафақат болалар, ҳатто катта ёшдагилар ҳам бунга эҳтимом қилиши ачинарлидир. Маълумотларга қараганда, уларнинг ораларида турли тан жароҳатларни олаётганлар, баъзи аъзолари куйиб жабр кўраётганлар, кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотганлар, ҳатто қўл-оёғидан ажраб қолганларни ҳам учраши ачинарли ҳолатдир.

Ёшларни бу “ўйин”ларидан турли ёшдаги инсонлар, беморлар, ёш ҳомиладор келинлар ҳам азият чекмоқдалар.

Шифокорлар сўзларига кўра, “пақилдоқ” одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатар экан.

Буни ўйнаётган ёшлар пиротехника воситаларини салбий оқибатларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Балки улар пиротехника воситаларини портлаганига, ундан чиқадиган шовқинли ва даҳшатли овозларга, дўст ва синфдошларини чўчитиб қўрқитганларига хурсанд бўладилар. Ахир улар инсонларни чўчитиш ва уларни қўрқитиб азият етказишдан динимиз қайтарганлигини қаердан ҳам билишсин.

Мутахассислар маълумотига кўра пиротехника воситалари ишлатилганда ёниш ҳарорати 3000 даражагача етиши мумкин бўлиб, кучли ёнғин келиб чиқиши хавфини кучайтиради.

Бу арзимас кўринган иш сабабли инсоннинг бошига турли хил кулфатлар ёғилиши, ўзининг ҳаёти хатарда қолиши ва ҳатто жони ҳалокатга учраши мумкин экан.

Кўриниб турибдики, баъзан ўйламасдан қилинган ишлар, эътиборсизликлар нафақат инсонни ўзига, балки ўзгаларга ҳам зарар етказиб, кўнгилсизликлар ва гуноҳларга сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ» деганлар.

Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», деганлар.

Пиротехника воситалари савдоси билан шуғилланувчилар ҳам инсонларга зарар етказиб, гуноҳ ишларга шерик бўлаётганликларини билиб қўйсалар ҳамда бу йўл билан бола-чақа боқиб уларни роҳатини кўришни истасалар бошқа тирикчилик қилсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки қиёмат куни ҳамма инсон ҳаёти, илми, қилган касб-ҳунаридар сўралади.

Албатта, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, байрамни баҳона қилиб шариатимиз ва урфимизга мос келмайдиган ва кўнгилсизликларга сабаб бўладиган ишларга қўл уришдан, хусусан, ичкиликбозлик каби иллатларга берилишдан, фарзандларимизни эса ман этилган пиротехника воситаларини ишлатмаслигидан огоҳ этишимиз лозим.

 

Шаҳобиддин домла Парпиев,

Асака тумани бош имом-хатиби.