Пахта миллий бойлигимиз

1747

Пахта миллий бойлигимиз. Уни нес-нобут қилмасдан, совуқ кунларга қолдирмасдан ўз вақтида териб олишлик хозирги куннинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Олтин куз эса азал-азалдан пишиқчилик, мўл-кўл ҳосилни йиғиш ва сарфланган меҳнат самарасини кўриш мавсуми ҳисобланади. Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб оқ олтин, яъни ризқу рўзимиз бўлган пахта ҳосилини териш ишларига уюшқоқлик ила киришилди. Ғўза меҳр талаб эканлигини халқимиз яхши билади. У деҳқоннинг қалб қўри, кўз нури ва қайноқ меҳридан қувват олиб яшнайди, унинг кечани-кеча, кундузни-кундуз демай қилган фидокорона меҳнати туфайли мўл ҳосил тўпланади.

Доно халқимиз эса “Ҳашар – элга ярашар” деб бежизга айтмаган. Шунга биноан хозирги кунда ҳар биримиз далалардаги ҳосилни увол қилмасдан йиғиш ишларида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз зарур. Зеро Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримнинг Моида сураси, 2-оятида “Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларингизга ёрдам берингиз!” деб марҳамат қилган.

Шундай экан ҳар бир меҳнатга яроқли каттаю-кичик бу ишга бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад йўлида бирлашиб, фидокорона киришмоғи лозимдир. Нуроний отахону-онахонлар ҳам дуо-ю хайрлари билан деҳқонлар ва меҳнаткашларни бу ишга рағбатлантириб турмоғи, саҳоватпеша инсонлар ҳамда маънавий-маърифий соҳа эгалари эса ҳашарчиларнинг ҳолидан хабар олиб, маънавий ва моддий кўмаклар кўрсатиб, уларнинг кўнгилларини кўтариб, пахта теримида уларнинг кучига-куч, ғайратига-ғайрат қўшмоғи мақсадга мувофиқдир. Зеро Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам “яхшиликка далолат қилган инсон ўша яхшиликни қилган кабидир” деб ўзининг муборак Ҳадиси шарифларида марҳамат қилганлар.

Жумладан, вилоятимиз имом-хатиблари ва отинойилари ҳам пахта йиғим теримига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлик мақсадида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган меҳнатга лаёқатли, вояга етган ишсиз ёшларни, уюшмаган аҳолини пахта йиғим терим ишларига кенг жалб қилишлик йўлида тарғибот ва ташвиқот ишларида фаол иштирок этмоқдалар. Манашундай тарғибот тадбирлари доирасида пахта йиғим теримида оппоқ хирмонни йиғиб олишлик йўлида далаларда хизмат қилаётган миришкор пахтакорларнинг холларидан хабар олишиб, уларга моддий ва маънавий кўмаклар кўрсатиб келмоқдалар. Шунингдек, ушбу хайрли тадбирларда пахта теримларида фаоллик кўрсатаётган, яъни кўп пахта тераётган пахтакорларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, пахта теримларда фаол қатнашаётган пахтакорларнинг маънавий билимларини янада такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр этилаётган бир қатор китоб ва журналлар ҳам тақдим қилмоқдалар.

[su_custom_gallery source=”media: 4095,4094,4091,4088,4089,4090,4092,4096,4097,4098,4099,4100″ limit=”12″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]

Аслида ҳалол меҳнат ва деҳқончилик ила халқ дастурхонини тўкин қилиш ҳам улуғ ибодатдир.

Пахта – бизнинг ризқу рўзимиз. Серқуёш ўлкамизда пахта етиштирилиши ҳам улуғ неъматдир. Эгнимиздаги кийим-бош, таомни лазиз қиладиган мой ва кундалик ҳаётимизда фойдаланадиган зарур буюмлар ҳам айнан пахтадан тайёрланади.

Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахлдор деб биладиган ҳар бир киши бундай хайрли ишларнинг моҳиятини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб ўзининг ҳиссасини қўшади.

Бу йилги она заминимизда етиштирилган нозу-неъматларни ва пахта ҳосилимизнинг барчасини нес-нобуд қилмай териб олишимизда Парвардигорнинг Ўзи мададкор бўлсин.

Ҳосилларимизга қут-баракалар ато этсин.

Юртимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини абадий қилсин.

Хирмонингизга барака азиз пахтакорлар!

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

Ахборот таҳлили ва назорати

мутаҳассиси Нуруллоҳ Қодиров