Тождор вирус пандемияси асримизнинг энг долзарб мавзуси бўлди. Балки ҳозирги даврда яшаб умр ўтказаётган инсонлар ҳаёти давомида бундай офатни кўрмаган. Ҳаттоки тарих манбаларида ҳам бу қадар оммавий кенг ва тез тарқалган касаллик ҳақида ҳали учратганимиз йўқ.
Тўғри, тарихда бундан-да хатарлироқ касаллик ва ўлатлар тарқагани маълум, лекин ер юзи бўйлаб тез фурсатда кенг қамровда тарқагани биринчиси бўлса керак.
Пандемиянинг тарқалиш хавфи қанча юқори бўлса ҳам, ундан сақланишининг йўли жуда ҳам оддий ва осонлиги бир томондан қараганда жуда ҳам қулай. Лекин иккинчи томондан қараганда одамлар шу оддийгина ҳимоя усулига бефарқ қарашлари кишини лол қолдиради.
Бошқа халқларнинг турмуш тарзи бу усулни қандай қабул қилса ўзлари билади, лекин мўминлар учун ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак. Деярли доимий турмуш тарзимиз. Аксарияти шариатимизнинг буйруқлари ҳамдир. Бўлганда ҳам бундан сал кам ўн беш аср жорий қилиниб, амалда бажарилаётган ибодатлар.
Бу ҳолатни кўриб гоҳо ўйга толамиз. Наҳотки бу уммат шариат кўрсатмаларига шу қадар бепарво бўлиб кетган бўлса?
Бадан поклиги ва сатри аврат учун наҳотки Аллоҳнинг Қуръондаги амри бизларга кифоя қилмасдан, фақат касалликдан сақланиш учунгина риоя қилсак?
Поклик ҳақида ҳадислар бисёр.
Жумладан, имом Термизий ривоят қилган ҳадис шарифда “Поклик имоннинг ярмидир” дейилган. (Сунани Термизий)
Кийниш масаласига келсак, тиллар лол…
Пандемияга қарши энг кўп айтилагн сўз – УЙДА ҚОЛИНГ!
حَدَّثَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ مُحَمَّدٍ أَخْبَرَنَا أَبُو عَامِرٍ حَدَّثَنَا زُهَيْرٌ عَنْ زَيْدِ بْنِ أَسْلَمَ عَنْ عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِيَّاكُمْ وَالْجُلُوسَ بِالطُّرُقَاتِ فَقَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا لَنَا مِنْ مَجَالِسِنَا بُدٌّ نَتَحَدَّثُ فِيهَا فَقَالَ إِذْ أَبَيْتُمْ إِلَّا الْمَجْلِسَ فَأَعْطُوا الطَّرِيقَ حَقَّهُ قَالُوا وَمَا حَقُّ الطَّرِيقِ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ غَضُّ الْبَصَرِ وَكَفُّ الْأَذَى وَرَدُّ السَّلَامِ وَالْأَمْرُ بِالْمَعْرُوفِ وَالنَّهْيُ عَنْ الْمُنْكَرِ
Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Йўлларда ўтиришдан сизларни қайтарурман”.
“Эй Аллоҳнинг расули! Гоҳо сўзлашиб ўтиришдан бошқа чора қолмай қолади-ку?” деб сўрадилар.
“Ундай ҳолатда ўтирсангиз йўлнинг ҳақини адо қилиб қўйинглар” дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
“Йўлнинг ҳақи нимадир?” деб сўрадилар.
“Кўзни тўсиш, озор беришдан тийилиш, саломга жавоб қайтариш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш” дедилар жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам. (“Саҳиҳул Бухорий”)
Бугунги кун талаби нима?
Айнан ЗАРУРАТСИЗ кўчага чиқмаслик.
Бу борада бизларга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари етарли эмасмиди, “Пайғамбаримни яхши кўраман!” деб даъво қилган умматга?
Бозорда овоз кучайтиргичда тинмай қайтариляпти: ЖАМОАТ ЖОЙЛАРИДА ТУПУРМАНГ!
عن أَبِي ذرٍّ رضي اللَّه عنه قال : قال النبي صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم : « عُرِضَتْ عَلَيَّ أعْمالُ أُمَّتي حسَنُهَا وسيِّئُهَا فوجَدْتُ في مَحاسِنِ أعْمالِهَا الأذَى يُماطُ عن الطَّرِيقِ ، وَوجَدْتُ في مَساوَىءِ أعْمالِها النُّخَاعَةُ تَكُونُ فِي المَسْجِدِ لاَ تُدْفَنُ » رواه مسلم .
Абу Зар Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам айтди:
“Менга умматимнинг яхши ва ёмон амаллари кўрсатилди. Яхши амалларининг ичида йўлдан олиб ташланган озор бергувчи нарсани ҳам кўрдим. Ёмон аммалларининг ичида масжиддаги кўмиб қўйилмаган тупургини ҳам кўрдим”. (“Адабул муфрад” ва “Саҳиҳи Муслим”)
Мисоллар бисёр. Умумийси – ҳукумат томонидан чиқарилган қоидаларга амал қилиш.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло буюради:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللّهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلاً
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир”.
Хўш, яна нима дейсиз?
Улуғбек қори Йўлдошев,
Асака тумани “Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими