Бутун ер юзи бўйлаб тарқалган тождор вирус пандемияси юртимизга кириб келганига ҳам тўрт ойдан ошиб қолди. Бу кунлар халқимизнинг, нафақат халқимизнинг, балки бутун инсониятнинг тарихида унутилмас саҳифалар бўлиб қолди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ундан ёмонидан Ўзи сақласин!
Бу кунлар ҳадемай ортда қолади, иншооллоҳ. Ўшанда шу куннинг саҳифалари сарҳисоб қилиниши бор. Балки биздан кейинги авлод бу саҳифаларни таҳлил қилар. Ўшанда бир томондан халқимизнинг саботи, иккинчи томондан ожизлиги, яна бир томондан халқимизнинг шундай ташвишли кунлардаги меҳр-оқибати, бошқа томондан шундай синовли кунларда ҳам халқининг кўзига чўп суққанлари кўринади.
Кимлардир ўзининг бор имконияти билан халқимиз дардига малҳам бўлмоқда. Айниқса тиббиёт ходимлари ўз жонлари ва оиласини таҳликага қўйиб бўлса ҳам жонларигача фидо қилмоқдалар.
Ички ишлар ходимлари халқимиз осудалиги учун кечаю-кундуз хизматда. Аслида улар доим ҳам хизматда бўлганлар. Бугун эса доимгидан ҳам кўра машаққат остида.
Бир томондан имкон қадар бор-бисотини эҳсон қилаётган саховатли инсонлар, бир томондан лоақал ўзларнинг қалбларга малҳам бўлгувчи сўзлари билан инсонларга таскин бўлаётган фасоҳат соҳиблари халқимизнинг юкини енгил қилмоқдалар.
Яна бошқа томондан эса шундай таҳликали кунларда нархларни сунъий равишда ошириб, халқининг бошига тушган ташвишдан дунё матосини ғанимат билаётган кимсалар.
Улар билмасмиларки, ўзлари кетаётган кеманинг остини тешиб қўяётганларини. Ахир ҳаммамиз бир кемадамиз-ку, бугунги кунда.
Карантиннинг аввалида зарурий озиқ-овқатларнинг нархларини кўтариб олганлар танқид қилинган эди. Ҳукуматмизнинг тезкор чоралари ва тадбирлари, ҳамда фаолларимизнинг тинимисиз олиб борган тарғиботлари самараси ўлароқ ҳаммаси тартибга тушди.
Бугун эса, дори-дармонларнинг нархларини ошириб олмоқдалар.
Тўғри, савдогар инсон маҳсулотидан кўпроқ фойда кўриши муҳим. Бироқ оиласига келган мусибат пайтида акасининг, укасининг ёки бошқа яқинларининг товоқларига чангал солиш нақадар уят!
Ҳолбуки мўминлар бир оиладурлар:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ
Яъни: “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот. 10)
Биродар биродарининг қўлидан тортади. Керак бўлса ўзида борини нисор қилади.
Бугун ибрат пайтидир. Бугун намуна пайтидир. Бугун ўзаро меҳру-саховатни намоён қилиш пайтидир. Фурсатни қўлдан берманг!
Эртанги кунда тарих саҳифалари очилганда бизнинг номимиз қаро ҳарфларда битилиб қолмасин.
Муҳаммадийхон домла Ҳожиев,
Асака тумани “Мирзахолиқ ота”
жоме масжиди имом-хатиби