2020 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллади.

Мурожаатномада Президентимиз молия сохасига тўхталиб, Ўзбекистонда Ислом молияси хизматларини жорий қилиш вақти етиб келганини айтиб: «Мамлакатимизда Ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақт-соати етиб келди. Бу борада Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади», деди президентимиз.

Маълумот учун, исломий молия тармоғи бугунги кунда жаҳонда жадал ривожланиб бораётган ва инновацион молиялаштириш механизмларини ўзида жамлаган соҳалардан бири ҳисобланади.

Молиялашнинг бу тизими фойда ва зарарни бўлишиш ҳамда реал активларга асосланган молиялаштиришни ўзида намоён қилиши билан анъанавий банклардан фарқ қилади.

Исломий банклар мижоз талаби билан объектни қуриб бериши, асбоб-ускуналар, товар, хомашёлар олиб бериши ёки уларни ижарага бериши мумкин. Молиялаштириш асосида савдо амалиёти ётади. Замонавий банк тизимида эса банкларнинг савдо амалиётларини амалга ошириш қонунчилик нуқтайи назаридан мушкул бўлиб, бунга солиқ ҳамда банк фаолиятига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўсқинлик қилади.

2020 йил 4 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов шу йилнинг ўзида Ўзбекистондаги 3та банкда исломий молиялаш жорий этилиши мумкинлигини айтган эди.

Яна бир маълумот кейинги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.

(Манбалар асосида тайёрланди)

 

Бахтиёржон домла Қодиров

Бўстон туман бош имом-хатиби