ЎЗБЕКИСТОН – УСТОЗЛАР ЮРТИ 

650

Дунёда яшаётган ҳар бир инсон аввало ўз ватани ҳақида, иқлими, табиати, бойлиги, ишлаб чиқариши, ихтиролари, боболаридан қолган мерослари ҳақида куюниб, суюниб гапиради.

Алҳамдулиллаҳ, бизнинг юртимиз кундан-кунга тараққиёт сари илдамлаб бораётган улкан мамлакатдир. Тарихга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистонимизда минглаб олимлар ижод қилиб, ўз илмий меросларини нафақат ўз халқига, балки бутун дунё аҳлига ноёб хазина сифатида қолдирганлар. Шунинг учун ҳам Ўзхбекистон устозлар юрти деб айтишга тўла ҳақлимиз. Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Заминимизда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, мутафаккир боболаримизнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, бемисл илмий-ийжодий кашфиётлари бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солаётганини ғурур билан таъкидлаш лозим”, деб ёзадилар. Боболаримиз ўз даврида ўз вазифаларини аъло даражада бажарди. Ўсиб-улғайиб келаётган янги авлод вакиллари ҳам илм олиб олим бўлиб келажак авлодга янги-янги ихтироларни мерос қилиб қолдириши керак.

Ўзбекистон устозлар юрти деганимизда дунёни ўз илми билан ларзага солган ҳадис илмининг султони, бетакрор илм соҳиби Муҳамма ибн Исмоил ал-Бухорий, алгебра фанига асос солган Мусо ал-Хоразмий, “Астрономия асослари” фундаментал оламнинг тузилиши, ернинг ўлчови ҳақида дастлабки маълумотларни IX асрда бера олган Аҳмад Фарғоний, улуғ қомусий аллома, биринчи бўлиб ер шари глобусини яратган Абу Райҳон Беруний, медицина отаси деб тан олинган Абу Али ибн Сино, “Шарқ Аристотели” деб ном олган буюк аллома Абу Наср Фаробий, 1018 та юлдузни ҳолатини ва жойлашувини XV асрда баён қилиб берган астрономия соҳасида буюк аллома Мирзо Улуғбек, “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи” деган юксак шарафга сазовор бўлган, калом илмининг етук алломаси Имом Мотурудий, “Дин ва миллатнинг ҳужжати” деган ном билан ижод қилган ислом ҳуқуқшуносларидан бири Бурҳониддин Марғиноний, “Дилинг Аллоҳ, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган пурмаъно сўзлар соҳиби, дунёга машҳур бўлган буюк аллома Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари, ўзбек тилининг асосчиси, юртбошимиз таъбири билан айтганда “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони” бўлган, жаҳон адабиёти тарихида порлоқ юлдуз бўлиб порлаган ҳазрат Алишер Навоий ва яна шунга ўхшаш минглаб азиз авлиё, олиму уламо, фозилу фузалоларни мисол келтира оламиз. Аллоҳнинг назари тушган олимларнинг она заминимизда қўним топишлари, шу замин тупроғида мангу ётишларида ҳамҳикматлар бисёр. Шундайэкан ташлаётган қадамларимизни, олаётган илмимизни, гапираётган гапимизни устозларга муносиб шогирт сифатида амалга оширишимиз зарур.

Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир:

…يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ (سورةالمجادلة/11)

яъни: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, – деб башорат беради.

Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.)дан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Имом Бухорий ва Муслимларнинг (Аллоҳ бу икки улуғ имомдан рози бўлсин) “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадис Муовия ибн Абу Суфён (рз.)дан ривоят этилган бўлиб, унда Муовия айтадилар: “Мен Расулуллоҳнинг (с.а.в.): “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, – деганларини эшитдим”.

Абу Умома (рз.)дан ривоят этилади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, – деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот (а.с.): “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”, -дедилар”. Бу ҳадисни ҳамюртимиз Имом Термизий ҳам ривоят этганлар.

Илм ва илм аҳлининг даражаси ҳар қайси жамиятда ҳам юқори даражага қўйилган. Ўзбекистонимиз ҳам устозлар ватани бўлгани учун ана шундай шарафли номларга муносиб топишгандир. Дарҳақиқат, ота инсоннинг дунёга келишига сабаб бўлса, устоз унга таълим бериб илмини зиёда қилади. Боболаримиздан қолган одатга кўра намозларидан сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловот айтиб бўлгач, ота-оналари қаторида таълим-тарбия берган устозларининг ҳақларига ҳам Яратгандан мағфират сўраб дуо қиладилар. Ёшларимиз ҳам ана шу одатни дастурул амал қилиб, ўрганиб олишлари, ўтган устозлар ҳақига доимо дуолар қилиб, ҳаётда яшаб турган устозлар дуосини олиб яшашлари мақсадга мувофиқдир. Бугунги кун ёшлари замон талабидан келиб чиқиб дунёвий билимлар билан бирга диний билимларни ёки диний билимлар билан бирга дунёвий билимларни аъло даражада ўзлаштиришлари керак. Устозлар юрти бўлган Ўзбекистонимизда яна ҳам устозлар кўпайишини умид қилиб Аллоҳдан сўраб қоламиз.

Отабек Хусанов

Олтинкўл туман

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом – хатиби
Отабек Хусано