ЎЗБЕКИСТОН МУСУЛМОНЛАРИ ИДОРАСИ УЛАМОЛАР КЕНГАШИНИНГ РАМАЗОН ОЙИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДАГИ БАЁНОТИГА МУНОСАБАТ

1089

Ассалому алайкум азиз юртдошлар, қадрли мўмин-мусулмонлар. Барчаларимизга маълумки, 2020 йил 13 апрел куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг муборак Рамазон ойини ўтказиш тўғрисидаги баёнотини эълон қилдилар.

Бугунги кунда дунё ҳамжамияти олдида турган коронавирус пандемияси Аллоҳнинг биз бандаларига юборган синовидир. Бунинг учун тушкунликка тушмаслигимиз, бўлар-бўлмасга ваҳима кўтариш мусулмон кишига ярашмайди. Биз мусулмонлар бундай даврда ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Давлатимиз раҳбари ва ишбошиларимизнинг амрига қулоқ тутиб, бир ёқадан бош чиқарсак, ҳаммаси тезда изига тушиб кетади. Фақат бунинг учун озроқ вақт ва чиройли сабр керак холос.

Ҳурматли юртдошлар бугун ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги керак. Лоқайдлик қимматга тушмаслиги учун ҳам ҳушёрликни қўлдан бой бермаслик шарт. Ҳалқимизда “Ўзини асраганни Худо асрайди” деган мақол нақадар ўринли. Ҳукуматимиз томонидан бунинг учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Юртдошлраимизнинг саломатлиги учун қайғуриб, жонини жабборга бериб ишламоқда. Шу юртнинг фуқаросиман деган ҳар бир инсон бу борада ёрдам бериши зарур. Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан бўлган бошлиқларга итоат этингиз!…”-дея марҳамат қилган. Биз фуқароларнинг ишбошиларга ёрдамимиз оддий: уйда ўтириш, кўчага чиқмаслик, ваҳима уйғотмаслик, ибодатларни баёнотда айтилганидек уйда ўтказишимиз лозим.

Аллоҳ ҳоҳласа барчаси жойига тушиб кетади. Биз тоату ибодатга, намозу рўзага, дуою илтижога интилишимиз керак бўлади. Энди кўзимиз очилмаса, айтинг, қачон кўзимиз очилади? Қачонгача гумроҳлик кўчасида юрамиз? Қулфланган қалбларни қулфини очадиган вақт келмадими? Энди қулфларни очмасак бўлмайди. Бунинг учун хонадонларимизда Рамазон ойида кундузлари рўза тутиб, кечалари таровиҳ намозларини фарзандларимиз билан адо қилайлик! Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Эҳсоннинг мукофоти эҳсондир”-дея марҳамат қилган. Демак, қодир бўлганларимиз закот, фитр-садақотларимизни, ният қилиб қўйган ифторликларимизни етим-есир, ночорларга берайлик! Албатта уйимизга одам тўплаб, эҳсон қилсак бўладию, одам чақирмаса эҳсон қабул бўлмайди деган гап шариъатда йўқ. Мана ҳақиқий риёсиз эҳсон қиладиган давр келди. Бундан фойдаланиб қолайлик азизлар!

Аллоҳдан илтижо қилиб сўрайлик, бу синовдан ҳалқимизни эсон-омон ўтказсин, беморларимизга шифои комил берсин. Уларни тез кунларда сафимизга қайтарсин. Масжидларимиз яна жамоатларга тўлсин, фарзандларимиз билим даргоҳларига қайтсин. Кириб келаётган муборак Рамазон ойини Аллоҳ рози бўладиган ҳолатда ўтказишлигимизни муваффақ айласин. Барчаларимизни аҳил-иноқликда, ҳамжиҳатликда умргузаронлик қилиб, берган неъматларини шукрини адо қилиб яшамоқликни насиб қилсин!

Мансурбек Рахимов

Хонобод шаҳар бош имом хатиби