Ўлкамизга ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрда. Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини, бандаларининг ушбу ойдаги вазифалари ва савобли амалларини Қуръони каримнинг Бақара сурасида батафсил баён қилиб берган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
Яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини соғиниб, катта тайёргарликлар билан кутиб олишади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари, тобеъинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор беришган, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган.
Улар Рамазон кунлари турли хил фойдасиз гап-сўзлар, беҳуда ўйин-кулги, ғийбат, бўҳтон, ёлғондан сақланишган. Рамазон кечаларини кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, тавба-истиғфор қилишлар билан бедор ўтказишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришда ўзаро мусобақалашишган.
Шуниси ибратли ва эътиборга лойиқки, САВДОГАРЛАР БУ ОЙДА МОЛЛАРИНИНГ, АЙНИҚСА, ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ НАРХИНИ ҲАР ҚАЧОНГИДАН ҲАМ АРЗОНЛАШТИРИБ ЮБОРИШГАН.
Мусулмонларимиз Рамазон ойидаги ана шундай солиҳ амалларни қилишда ҳамиша Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашишса, асло адашишмайди. Саҳл розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий, Муслим ва Насаий ривояти).
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Рўза қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, унга Ўзим ҳисобсиз савоб бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти).
Бугунги дунё бўйлаб тарқалган коронавируси пандемияси сабабидан жорий қилинган карантин даврида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси муфти У. Алимов ҳазратларининг фатвоси ва Уламолар кенгашининг баёнотига итоат қилган ҳолда, барча ибодатларимизни оиламиз бағрида адо қилиб, ифторлик пайтида Аллоҳга ёлвориб дуолар қилсак, ажаб эмаски, тез кунларда Аллоҳ таоло бу офатни инсонларнинг бошларидан кўтарса.
Иншооллоҳ, ўшанда яна масжидларимиз гавжум ва обод бўлгай.
Ҳозирча
УЙДА ҚОЛИНГ!
Бу нафақат соғлигимиз учун фойдали, балки бутун жамиятимиз учун ҳам муҳимдир.
Шаҳобиддин Парпиев
Асака туман бош имом хатиби