Инсон бутун умри давомида ейиш-ичишга муҳтож бўлади. Ундан қувват олиб ҳаёт кечиради, Аллоҳ буюрган амалларни адо этади. Донолар: «Таом яшаш ва зикр учундир», дейишган. Овқат лаззатланиш учун эмас, балки яшаш учун восита қилинган. Таом тановул қилишнинг шартлари ҳалол нарсаларни ейиш, ризқни Яратгандан деб билиш, Унинг тақсимотига рози бўлиш ва таом қуввати билан Унга гуноҳ қилмасликдир.

    Дастурхон устида ўтириш, таом ейиш, ичимлик ичишнинг одоблари ва тартиб-қоидаларига доир қуйидагича тавсиялар бор:

    «Таомланиш олдидан қўлни ювиш, еб-ичишни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш, ўнг қўлда ейиш, таомни ўз олдидан бошлаш, қўлни артишдан олдин яхшилаб ялаш, дастурхонга тўкилган ушоқ ва гуруч каби нарсаларни териб ейиш, қорин тўйгандан кейин «Алҳамдулиллаҳ», деб Аллоҳга ҳамд айтиш» овқатланишнинг энг муҳим одобларидир».

    «Таомни совутиброқ енглар, чунки иссиқ-қайноқ таомда барака бўлмайди».

    «Дастурхонга келтирилган таомнинг айби топилмайди, иштаҳа бўлса ейилади, бўлмаса, тарк этилади».

    Меъёрида овқатланиш ҳам одобга киради. Хархил овқатлар, мунтазам қуюқ зиёфатларга ўчлик одамни ялқов қилиб қўяди, соғлигига зиён етказади, тоатдан чалғитади.

    Кўп овқат ейиш инсон табиатига ёт нарса, табиблар ҳамиша кўп таом ейишдан қайтаришган, кам таомланишнинг кўплаб фойдаларини айтиб ўтишган. Қориннинг учдан бири овқатга, яна бири ичимликка, қолгани нафас олишга ажратилиши керак.

    Кўп еганда юрак қисилиб, яхши ишламайди, мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, ошқозон зўриқиб ишлайди, одамнинг дангасалиги ортиб, камҳафсала ва сер уйқу бўлиб қолади.

    Сут ёки сутли таом билан балиқ, тухум ва нордон нарсани; қовурилган гўшт билан қайнатилганини; эски гўшт билан янгисини; мижози турлича бўлган овқатларни бир-бирига аралаштириб ейиш, ҳидланган таомни истеъмол қилиш ярамайди.

    Атоқли ҳаким Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий айтади: «Овқатларни бир-бирига аралаштириб еб бўлмайди. Масалан, қатиқдан сўнг ғўр узумни, барча турдаги овқатлардан кейин ўрик ва шафтоли еб бўлмайди. Ғўр узум билан балиқни, сирка билан саримсоқни, пиёз билан саримсоқ пиёзни ҳам аралаштириб истеъмол қилиб бўлмайди. Бундан ташқари, асал билан қовунни, товуқ гўшти билан балиқни, саримсоқ, боқила, айрон ва қатиқни ҳам аралаштириб бўлмайди.

    Кўпчилик олдига чиқувчи кишиларнинг хом пиёз, саримсоқ каби бадбўй нарсаларни истеъмол қилишлари ҳам одобга тўғри келмайди.

    Ёши улуғ ва фозил кишилар дастурхондаги таомга қўл узатмагунча бошқалар кутиб туришади, улар ҳам ўз навбатида бошқаларни маҳтал қилиб қўймасликлари зарур.

    Таомни ўз олдингиздан енг, аммо мевани қайси тарафдан олсангиз ҳам, зарари йўқ.

    Луқмалар ўртача катталикда олинади, яхшилаб чайнаб, сўнг ютилади. Иложи борича ўнг тарафда чайнаган маъқул.

    Оғиздаги таомни ютмай туриб, идишга қўл узатилмайди, тишланган таом идишга қайтариб қўйилмайди, дастурхонга тортилган таомнинг айбини топиб, камситилмайди.

     Таом иссиқ ёки жуда совуқ ҳолда ейилмайди, унга пуфланмайди, ҳидлаб кўрилмайди, хўриллатиб ёки шапиллатиб истеъмол қилинмайди, устида нафас олинмайди. Луқмани олиб бораётганда оғиз катта очилмайди. Таом ейилаётган қўл чинни ёки товоққа, дастурхонга силкитилмайди.

    Тик турган ҳолда таом ейилмайди ва ичимлик ичилмайди (фақат замзам тик турган ҳолда, қиблага юзланиб ичилади). Замонавий тиббиёт ҳам тик турган ҳолда шошилиб овқатланиш таомнинг яхши ҳазм бўлмаслиги ва семириб кетиш сабабларидан эканини аниқлади.

     Овқатни қошиқ билан ичишда уни тўлдириб юборилса – очкўзлик, оз бўлса, мутакаббирлик аломатидир.

     Қуюқ овқатларни қўлда еган маъқул. Ғарбликлар бу одатни «маданиятсизлик» санашса-да, ҳозирги пайтда фан бармоқ учларида иштаҳа қўзғашга ва овқат ҳазмига ёрдамлашадиган нуқталар борлигини кашф этди.

     Овқатланиб бўлингач, овқат идишлари ва ёғли бармоқлар яланиб, сўнг сочиққа артилади.                                                                                  

    Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомларидан фориғ бўлсалар, бу дуони ўқир эдилар: “Алҳамду лиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва жаъалана муслимин” (Имом Насаий ривояти). Валлоҳу аълам.