Чор атрофда кўкаламзору, дарахтлар яшнаб турадиган жаннатмакон юртимизнинг кўчаларини кезиб борар экансиз, табиатнинг гўзаллигидан дилингиз яшнаб кетади. Кимлардир ета олмаган кунга етиб келганингиз учун қалбингизда шукрона туйғулари қанот қоқа бошлайди. Борлиқ турфа рангларга бурканиб, камалакнинг мафтункор рангларидек товланиб, жилва қилади.
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранг гуллардан,
Магарким сунъининг наққошиға ранг имтиҳонидур.
Сўнг ногаҳон кўзингиз қийғос гуллаган мевали дарахтларнинг гуллари тўкилиб она замин бағрига тушганини илғаб қолади. Фалсафа ибораларига кўра ўша мева гулининг узилиб тушиши тарих ҳисобланади. Шу билан ўша гулнинг тушиши тарихга айланди. Ариқлардаги зилол сувлар ҳам мавж уриб оқар экан тарих саҳифаларини тўлдириб боради.
Ҳар сафар қадам босар эканмиз, ҳар бир босган қадамларимиз тарихга айланиб, мозий қаърига шўнғий боради Биз яна қадам ташлашимиз мумкин, аммо бу сафаргиси янги қадам, аввалги қадамлар эса ўтмишга айланиб бўлганидек, кейинги қадамни қўйишимиз биланоқ бу қадамларимиз ҳам тарихга битилаверади.
Демак биз истаймизми, истамаймизми қанчалик келажакка талпинганимиз сари ҳар бир сониямиз, ҳар бир нафасимиз ўтмиш гирдобига кириб боради. Ҳадемай ўзимиз ҳам тарихга айланамиз. Шундай экан, ўткинчи бу дунёда гарчи жисмимиз тарихларда макон топса-да маънавиятимиз, амалимиз келажак сари тўхтамай олдинга интилиши учун эртага топилмас, аммо бугун биз етарлича қадр қилмайдиган имкониятларимиздан фойдаланишимиз зарур. Ҳамюртимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек:
Бор элға яхшилиқ қилғилки, мундин яхши йўқ ‒
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ.
Ана ўшанда бизни келажак авлод доимо ҳурмат билан эслаб, керак бўлса юрган йўлларимиздан андозалар олсинлар. Уларнинг хотираларида ҳамиша яхшилик тимсоли бўлиб қолайлик. Эртанги кунда биз шундай мақомни топишимиз учун эса бугунги ғанимат ҳаётлик чоғимизда биздан аввалги аждодларимиз хотирасидан ибрат олмоғимиз керак бўлади.
Ўтганлар хотираси ҳамиша келажак учун йўл кўрсатгувчи чироқ бўлиб келган. Уларнинг ҳаёт йўллари бизга доимо сабоқ бўлади. Кимки шу йўлни тутса келажак қадамларини тўғри қўйиши учун энг тўғри омилни топган бўлади. Мозийга ибрат назари ила боқмаган кимсалар эса адашиб, пировардида охирсиз сўқмоқларда йўлларини йўқотиб қўядилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ўтганларимизни қандай хотиралаш ҳақида чиройли иршод қилиб:
“Ўтганларингизнинг яхшиликларини эсланглар”, ‒ деганлар (имом Суютий, “Ал-жомиъул-акбар”).
Албатта, хотиралаш ва эслаш шунчаки ёдга олиш эмалигини ҳам унтмаслигимиз керак. Акс ҳолда ўтганларимиз бизнинг қуруқ дабдабаларимизга муҳтож эмаслар. Бу борада ўтганларимизнинг ўзлари бизга етарли сабоқ бўладилар.
Инчунун, Oиша разияллоҳу анҳодан ривoят қилинади. «Мен Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хoтинларидан бирoртасига Хадича разияллоҳу анҳога рашк қилганимчалик рашк қилмаганман. Ҳолбуки, мен уни ҳеч ҳам кўрмаганман. Лекин жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу аёл ҳақида кўп зикр қилар эдилар. Гoҳида қўй сўйиб, унинг аъзoларидан баъзисини ажратиб Хадичанинг дўстларига юбoрардилар. Гoҳида мен ул зотга: “Гўёки дунёда Хадичадан бoшқаси бўлмагандек-а!” десам, у зoт: “Ҳа, у бўлган эди, бўлган эди! Шу аёлдан фарзандларим бўлди!” дер эдилар.”. (Имoм Бухoрий ва Муслим ривoятлари)
Абдуллоҳ ибн Динордан ривоят қилинади:
- Ибн Умар қачон Маккага чиқса эшаги бўлар эди. Туяга минишдан зерикканда ўшани минар эди. Яна бошига ўраб юрадиган салласи бўлар эди.
Бир куни ўша эшагида кетаётган эди бир аъробий ўтиб қолди.
- Сен фалончининг ўғли фалончи эмасмисан? – сўради ибн Умар.
- Шундоқ, – деди аъробий.
Ибн Умар разияллоҳу анҳумо эшагини бериб:
- Мана буни миниб ол! – деди ва салласини ҳам бериб: – Буни бошингга ўраб ол, -деди.
Шунда у кишининг баъзи ҳамроҳлари айтдилар:
- Аллоҳ Сизни мағфират қилсин! Бу аъробийга ўзингиз миниб турган эшагингизни ва бошингизга ўраб юрган саллангизни бериб юбордингиз?
У киши эса:
- Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Яхшиликларнинг энг эзгуроғи кишининг oтаси вафoт этганидан кейин унинг дўстлари билан алoқаларни боғлашликдур”, деб айтганларини эшитганман. Унинг oтаси менинг oтам Умар (разияллоҳу анҳу)нинг дўсти эди, – дедилар.
(Имoм Муслим ривoяти)
Ўтганларнинг руҳини шод этиш билан кифояланиб қолмай балки бугунги ғанимат инсонларни ҳам қадрлашимиз зарур. Ҳофиз айтганидек
Ўтгандан сўнг юз йил йиғлаб юргунча,
Тириклик чоғида бир бора йўқланг.
Зеро бу кун хотира ва қадрлаш кунидир.
Улуғбек Йўлдошев, Асака туманидаги
“Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими