Муқаддас ислом дини инсонларни доимо яхшилик қилиш ва меҳр-оқибатли бўлишга чорловчи диндир. Бутун оламларни эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло ва унинг элчилари пайғамбарлар ҳам яхшиликни энг аввало ота-онадан бошлашни буюрган. Чунки инсонни бу ёруғ оламга келишига аввало Аллоҳ ва кейингина ота-онадир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилган:
“Роббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки иккиси ҳузурингда қарилик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”
“Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут. Ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!”. (Исро сураси, 23-24 оятлар).
Ушбу ояти карималарда инсон ўта муҳим икки ишга – фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилиш ва ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Бу оятлар Қуръони каримда ота-она ҳурмати Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги даражада эканлигига далолат қилади. Юқорида зикр этилган оятлардаги буйруқ замирида шукр қилишга тарғиб бор. Дарҳақиқат, мусулмон инсон аввало ўзини яратган, ҳаёт берган ва беҳисоб неъматлар ато этган Зотни таниб, унга бўйсуниши, бандалик ҳақини адо этиши лозим. Бу иймон тақозосидир. Бандалик ҳақига риоя этмаслик ношукрликдир.
Юқоридаги оят инсоннинг ота-онасини кексалик чоғи таъкидланиб, зикр қилинишининг сабаби шуки, улар ёшлик, бақувват чоғларида фарзандлар кўмагига деярли муҳтож бўлишмайди. Аммо қариликда ҳожатманд, заиф, боқувчига, фарзандлар ёрдами ва кўмагига муҳтож бўлиб қолишади. Ёшликда фарзандларини парвариш қилишган бўлишса, кексаликда ўзлари парваришга эҳтиёж сезишади. Айни мана шу давр уларни рози қилиш ва улар боис улкан савобларга эришиб қолиш фурсати эканига далолат қилади.
Имом ибн Касир тафсирида келтирилишича, «“уф!..” дема…» дан мурод, уларга бирор ёмон сўз айтмасликдир, “уф!..” ёмон сўзларнинг ҳам энг паст мартабасидир. “Жеркимаслик” эса ота-онанинг қалбига озор берадиган, оғир ботадиган ҳар бир ишдан сақланишдир.
Одам фарзандининг бу ёруғ дунёга келишига, комил инсон бўлиб вояга етишига сабабчи бўлган, фарзандни тарбиялашда не-не машаққатларга бардош берган зотларнинг ҳаққига риоя қилиш, уларга яхши муомалада бўлиш ҳам ақлан, ҳам шаръан лозим ва зарурдир. Аллоҳ таоло шундай амр қилган:
“…(Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” (Луқмон сураси 14-ояти).
Ҳеч бир инсон ўз-ўзидан комил шахс бўлиб қолмайди, балки унинг гўдаклигида барча инжиқликларига чидаб, тарбия берган ота-онанинг машаққатли меҳнати туфайли камол топади. Ҳар бир инсон шу ҳолатларни унутмай, ота-онасининг ҳақига доим яхши дуода бўлиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: “Амалларнинг қайси бири Аллоҳ таолога суюклироқдир?” У зот дедилар: “Ўз вақтида ўқилган намоз”. “Кейин-чи?”, У зот дедилар: “Кейин ота-онага яхшилик қилиш…” “Кейин-чи?”, У зот дедилар: “Кейин Аллоҳ йўлида ўз нафси билан курашиш”. (Имом Бухорий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
–Кишининг ўз ота-онасини сўкиши улкан гуноҳлардандир.
–Ё Расулуллоҳ, инсон ўз ота-онасини ҳам сўкадими?-деб сўрашди саҳобалар.
У зот дедилар:
-Киши ўзганинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади. Онасини сўкса, у ҳам бунинг онасини сўкади”. (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳга ширк келтиришдан кейинги улкан гуноҳлардан бири ота-онага оқ бўлишдир. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида баён қилинган. Имом Қуртубий тафсирида бундай дейилган: Ота-онага оқ бўлиш уларнинг ҳақли равишдаги истак ва буйруқларига терс иш қилишдир. Шунинг учун, фарзанд ота-онанинг шариатга зид бўлмаган талабларига итоат қилиши лозимдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умидида эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан икки эшик очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Фарзанд ота-онасидан қайси бирини хафа қилса, уни рози қилмагунича Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Агар ота-она фарзандига зулм қилса, фарзанд нима қилиши керак?” деб сўради. “Агар улар фарзандига зулм қилсалар ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак” (Имом Бухорий ривояти).
Албатта, ота-онага улар ҳаётлик пайтларида сидқидилдан яхшилик қилиш, ширинсўз ва хушмуомала бўлиш, уларнинг инжиқликларини тавозелик билан кўтариш, уларнинг розилигига эришиш керак бўлади.
Бу ота-онанинг ҳаққи уларнинг вафотидан кейин қолмайди дегани эмас. Молик ибн Робиа розияллоҳу аънҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Ансорийлардан бўлган бир йигит келиб, у зотдан сўради: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам вафотидан сўнг мен уларга қилишим керак бўлган бирор яхшилик қолдими?” У зот: “Ҳа, тўрт яхшилик. Уларнинг ҳақига дуо қилиш ва истиғфор айтиш, уларнинг аҳд-ваъдаларини бажариш, уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш, улар туфайли боғланган қариндошларинг билан силаи раҳм қилиш. Сен уларга вафотларидан сўнг қилишинг лозим бўлган яхшилик ана шулардир”, дедилар.
Халқимизда “Қилмиш-қидирмиш”, деган нақл бор. Албатта бу дунё – қайтар дунёдир. Ким нимани экса шуни ўради. Ота-онасини хўрлаган инсон, боласидан яхшилик кутмасин.
Ҳар бир фарзанд ота-онасига яхшилик қилиб чарчамаслиги лозим. Юртимиздаги ҳар бир фарзандга ота-онасининг хизматини қилиб розилигини олиш насиб этсин. Аллоҳ таоло ота-оналаримизнинг ҳаётларини умрларини зиёда айлаб, марҳум ва марҳумаларини раҳматига олиб, охиратларини обод қилсин.
Хонобод шаҳар
бош имом хатиби
Мансуржон Рахимов