Ислом шариати ота-оналар зиммасида бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони карим, суннати набавия ва ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган. Фарзандлар зиммасида ота-онага бўлган бир қанча бурчлари бор.
Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомала билан ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари лозим.
Албатта, Аллоҳнинг китоби мусулмонларнинг инсонийлик қиёфасини, унинг бошқа кишиларга ва умуман, оламга нисбатан бўлган муомаласи, одоби, хулқини шакллантиришда катта ўрин эгаллайди. Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда татбиқ қилиб келинаётган кўпдан – кўп инсоний хислатлар, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлар Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат, хайр-саҳоват ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилган ва ҳимоя қилган.
Қуръони каримда, ота-онани ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”– деган. Уфф сўзи – безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдиради. Ота-онага бу сўзни ишлатиб ранжитиш, Аллоҳга итоатсизлик бўлади. Аллоҳ таоло ўзига ибодат қилишдан кейин, ота-онага яхшилик қилишни, уларга озор бермасликни ва ширинсухан бўлишни буюраяпти. Бу динимизда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Ушбу суранинг кейинги оятида: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”, – деган. Фарзандлар ота-онанинг ҳузурида ўзини қанча паст тутса, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Яна доимо уларга Аллоҳ таолодан мағфират тилаб дуо қилишлари лозим бўлади. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан қанча машаққатларни чекиб ўтган.
Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир, фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин, юқоридаги ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан.
Аллоҳ таоло китобида ота-онани ҳурмат қилиш, уларга яхшилик қилиш ва шукр қилиш тўғрисида бошқа кўплаб ояти карималар ҳам келган. Шундай экан ота-онани эъзозлаш Аллоҳ таоло тамонидан инсонларга берилган буюруқ ҳисобланади. Ким у буюруққа бўйин эгмаса, Аллоҳга қарши чиққан ҳисобланади. Аллоҳнинг буюруғига итоат этмаслик, катта гуноҳга сабаб бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши, қари бир одам билан келди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
- Эй фалончи! сен билан бирга келган бу киши ким? – деди. У:
- Отам, – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- “Унинг олдидан юрма, ундан олдин ўтирма, исмини айтиб чақирма ва уни ҳеч ҳам ҳақорат қилма”, – дедилар.
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онага ҳар доим эътибор билан қараб, ҳатто юришидан тортиб, ўтириб туришларида ҳам уларга дилхиралик қилмасликка даъват қилган.
Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
- “Эй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Сизнинг ҳузурингизга ҳижрат қилиш ва жиҳод қилишга байъат қилиш учун келдим”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- “Ота-онангдан бирортаси ҳаётми?”, – деб сўрадилар. У:
- “Ҳа, иккиси ҳам ҳаётлар”, – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- “Аллоҳдан ажр олишни истайсанми?” – дедилар. У киши:
- “Ҳа”, – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
- “Ота-онанг ҳузурига қайтиб бор, кейин улар билан бирга бўлиб, яхшилик қил”, – дедилар.
Бу ҳадисдан бизга маълум бўладики, бизнинг ҳаёти дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни ҳурмат-иззитини жойига қўйиб, уларга хизмат қилиб дуоларини олишимиз керак экан. Чунки, ота-онанинг хизмати барча эзгу амаллардан, қолаверса, ўзи ўниб ўсган диёридан бошқа жойга мол-дунё ва аҳли-оиласини ташлаб ҳижрат қилишдек, ҳамда мушриклар тамонидан эзилётган мўминларга ёрдам бериш савобидан кўра шарафли амал эканлиги кўриниб турибди.
Саҳобалардан бўлган Молик ибн Робиа ҳикоя қилади:
Кунлардан бир кун биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида эдик, Бани Салама қабиласидан бир киши келди ва
– “Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам вафотларидан кейин уларга қилишим мумкин бўлган бирон яхшилик борми?” – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳа”, – деб айтдилар: “Улар учун дуо ва истиғфор айтмоқ, васиятларини ўрнига қўймоқ, дўстларига иззат-икром кўрсатмоқ ва қариндошлар билан қариндошлик ришталарини узмаслик”. Кишининг, отаси ўлгандан кейин, унинг дўстлари ва севганларига яхшилик қилиш ҳам отасига яхшилик қилиш жумласидандир. Фарзандда онанинг ҳаққи отага нисбатан икки баробар кўпроқ. Онанинг дуоси тезроқ қабул бўлади. Шу гаплардан кейин, одамлар:
– Нечун, эй, Аллоҳнинг Расули? – деб сўрадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:
– Чунки она, отага қараганда фарзандга яқинроқ. Яқин бўлганнинг дуоси олдинроқ қабул бўлади.
Улар учун дуо қилиш: Уларга ҳаётлиги ва вафот бўлганларида ҳам раҳмат тилашингиз энг буюк яхшилик ва энг тўғри ҳақиқат бўлади.
Улар учун истиғфор сўраш: Аллоҳдан уларнинг гуноҳларини афв этишни сўраб истиғфор айтиш.
Васиятларини ўрнига қўймоқ: Шариатга зид бўлмайдиган васиятларини бажариш.
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Ота-она бўлганларимиз бор, насиб қилса, шундай неъматга етадиганларимиз бор. Биз ота-онамизга қандай муносабатда бўлсак, фарзандларимиз албатта кўпроқ биз тутган йўлдан юришади. Фарзанд тарияси билан унинг мурғаклик давриданок, ҳатто дунё юзини кўрмасдан шуғулланиш лозим. Халқимиз қадимдан тарбияни ҳеч качон бир кишининг иши деб билмаган. Эзгулик, яхшилик, одоб-ахлоқни муқаддаслаштириб, хар бир кишига ёшликдан шу қоидаларга амал қилишни ўргатиб назорат этиб турганлар.
Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири – шахсий намуна, оила ибратидир. Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандларни, аввало, яхши оила, яхши ота-оналар тарбиялайди.
Тарбия бевосита исломий ва миллий қадриятларимиз билан муштаракдир. Барча қадрятлар қатламига тарбия, тарбия ва яна тарбия сингдирилган. Дарвоқе, ислом қадриятларининг бош мавзусини ҳам иймон-эътиқод, ихлос, ибодат, тақво аҳлоқнинг одоб, дўст биродарлик, аҳиллик, ота-она, қариндош-уруғчилик, шунингдек фарз, вожиб, суннат, ҳалол ва харом, меҳр-оқибат, инсоф-диёнат ва шунга ўхшашлар ташкил этади. Барчамизнинг зиммамизда энг долзарб бўлиб турган вазифа келажагимиз пойдевори бўлган ёшларни ҳар томонлама етук, соғлом, баркамол қилиб тарбиялашдир. Чунки келажагимиз ёшларга уларнинг ақлу-заковатига боғлиқдир.
Исломий қадрятларда ҳам, миллий қадрятларимизда ҳам инсон учун доғ бўлувчи куфр, разолат, ҳасад, адоват, ҳиёнат, ёлғончилик, текинхўрлик, тенгсизлик каби салбий ҳислатлар аёвсиз қораланган. Қадриятларимиз одобида ҳаққоний адолатли йўл тутилади.
Хулоса қилиб айтганда ҳар қандай ишда уларнинг розиликларини олишни асосий мақсад деб билиш, ўз манфаатларидан уларнинг хоҳиш-истакларини устун деб билиш лозим. Уларнинг вафотидан сўнг ўзи учун дуо қилмоқчи бўлган пайтда, албатта, ота-онасининг ҳақига, уларнинг гуноҳларини кечиришини сўраб дуо қилиш фарзандларнинг бўйнидаги ҳақлардан ҳисобланади.
Демак, ота-онанинг дуоибадини эмас, балки уларнинг дуоихайрини олишга ғайрат қилиш керак. Уларнинг фарзандлари ҳақида кўнгилларидан ўтадиган ҳар қандай нарса агар тилларига келадиган бўлса, кўпинча қабул бўлиши эътиборидан ҳам бу масалада доимо ҳушёр бўлмоқликни ўзимизга вазифа деб билишимиз лозим.
Мамлакат тараққиёти ёшларимизга боғлиқ экан, уларнинг маънавиятини юксалтириш учун миллий ва диний қадриятларимизни улар онгида тўғри сингдиришимиз шарт ва зарурдир.
Азизулло домла Мамасидиқов
Жалақудуқ тумани бош имом – хатиби