Шарқ халқларида одоб ва ахлоқ бошқа халқларга қараганда анча юқори бўлган. Кейинги йилларда дунё бўйича оммавий маданият умумлашиши шарқ халқларига ҳам ўз таъсирини кўрсатишга улгура олди. Одоб ва ахлоқнинг деярли барча жабҳалари оммавий маданият улушидан бенасиб қолмади. Бу ҳолат жуда ҳам ачинарлидир.
Яна ҳам ачинарлиси шуки, ҳатто ота-онага бўлган муомалалар ҳам ўзгарди. Исломий дастурларга асосланган шарқ оиласида ҳеч қачон ота-онага бу қадар қўпол ва лоқайд муомалада бўлмаслик керак эди. Лекин бўлмоқда.
Алҳамдулиллоҳ бизлар мусулмонмиз. Ҳар на бўлганда ҳам мусулмончиликда туришимиз керак. Барчаси ўтиб, эрта қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳисоб беришимиз бор. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ўзининг розилиги ва ғазабини ота-онанинг розилиги ва ғазабига боғлаб қўйди:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: رَضَى الرَّبِّ فِي رِضَى الْوَالِدِ وَسَخَطُ الرَّبِّ فِي سَخَطِ الْوَالِدِ (رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Раббнинг розилиги отанинг розилигида, Раббнинг ғазаби отанинг ғазабидадир” (Имом Термизий ривоят қилган).
Отамиз бизнинг дунёга кeлишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъйи-ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади. Бизнинг камолга етишимиздаги онанинг бeқиёс xизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир” дeганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар.
Улар биз учун жаннатнинг эшикларидир. Кимки ҳаёт даврида шу эшикни тутмаса ҳор бўлгай.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
- Бурни ишқалансин! Бурни ишқалансин! ‒ дедилар.
- Кимнинг, эй Аллоҳнинг Расули?” ‒ дейилди.
- Кимки ота-онасинининг бирини ёки иккаласини ҳам қариган чоғида топса-ю, (уларнинг хизматларини қилиб) жаннатга кириб олмаган бўлса”, ‒ дедилар. (Муслим ва Термизий ривояти)
Муҳтарам ота-оналар фарзандлари камоли, уларнинг чин инсон бўлиб улғайишлари, таълим-тарбия олишлари, касбу ҳунар ўрганишлари йўлида жонларини, молларини, куч-ғайратларини сафарбар этишади. Фарзандга келган бало-қазоларга кўксиларини қалқон қилишади.
قَالَ أَبُو مُوسَى الْأَشْعَرِيُّ رضي الله عنه شَهِدَ اِبْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا رَجُلاً يَماَنِيًّا يَطُوفُ بِالْبَيْتِ حَمَلَ أُمَّهُ وَرَاءَ ظَهْرِهِ يَقُولُ: إِنّي لَهَا بَعِيْرُهَا الْمُذَلَّلُ … إِنْ أَذْعَرَتْ رِكَابُهَا لَمْ أُذْعِرْ ثُمَّ قَالَ: يَا ابْنَ عُمَرَ أَتَرَانِيْ جَزَيْتُهَا قَالَ: “لَا، وَلَا بِزَفْرَةٍ وَاحِدَةٍ” (رَوَاهُ الْإِمَامُ الْبُخَارِيُّ).
Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳу айтади:
“Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир Яманлик киши ўз онасини елкасига кўтарган ҳолда Каъбатуллоҳни тавоф эттириб юрганини кўрдилар. У одам тинмай қуйидаги байтни айтар эди:
Онаи зорим учун бўйнини эгган туяман,
Туя минган онам ҳорисада, мен ҳоримасман.
Бу байтни ўқир экан ҳалиги киши Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога қараб:
“Эй Абдуллоҳ, мана шу хизматим билан онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?”, – деб сўради. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
“Йўқ! Бу хизматинг онангнинг сен туфайли битта оҳ тортганига ҳам тенг келмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан азизлар ота-оналаримизни ҳаётлик чоғларида хизматларини адо қилиб, жаннат соҳиби бўлиш имконини барчамизга ато қилсин.
Одилжон домла Расулов,
Марҳамат тумани “Бозорбоши”
жоме масжиди имом-хатиби