Аллоҳ азза ва жалланинг бандалари узра мўжизалари бисёр. Улардан бири – аёл ҳилқати, унинг жону танидан жой олиб, бағрида, жисмидан бир парча ўлароқ ривожланиб, вақти соати етганда туғиладиган чақалоқ ва шу лаҳзалардаёқ мурғак учунгина ризқу насиба бўлиб оппоқ чашмадай пайдо бўлгувчи она сутидир.
Кўкрак сути чақалоқ учун бебаҳо, беқиёс неъмат, таркибига кўра янги туғилган чақалоқ бадани тўқималарига энг яқин бўлган ҳимоя воситаси, фаол биологик озуқадир. Она сутида оқсил, ёғ, углеводлар, минерал, тузлар, фосфор, кальций, руҳ, темир, А, Д, Е каби витаминлар ва болажон ўсиб-ривожланиши учун зарурий бошқа моддалар мавжуд экан.
Кўкрак сути билан озиқланувчи фарзанд:
1. Юкорида санаб ўтилган унинг эҳтиёжидаги моддалар билан тўла таъминланади.
2. Иммун ҳимояси кучли бўлади, кам оғрийди.
3. Турли аллергик касалликларга чалинмайди.
4. Уларда рахит, камконлик (анемия) ривожланиш ҳавфи жуда ҳам кам бўлади.
5. Қорин ва ичаклар дам бўлиши, дисбактериоз, ич қотиши кам кузатилади.
6. Отит (қулоқ оғриғи) кам бўлади.
7. Кўкракни кўп ва куч билан суриши жараёнида боланинг юз – жағ мускул ва суяклари тўғри ривожланади.
8. Рухий – асаб тизими кўрсаткичлари, моторика ривожланиши сунъий озиқланувчи гўдакка нисбатан бир неча баробар юқори бўлади.
9. Онани мунтазам эмган бола онанинг иссиқ бағрини, баданининг хароратини, юзидаги меҳр-муҳаббатни доимо ҳис қилиб, сезиб турганлиги боис, бундай фарзанд нисбатан хотиржам, кўникувчан, меҳрибон ва онасига муҳаббатли бўлади.
Шу жойда айтиш жоиз бўлса, она фарзандини Аллоҳнинг исмини тилга олиб, Иҳлос, Ясин сураларини ўкиб озиқлантирса, бола олим, қори, ақл-заковатли бўлгай.
10. Кўкрак сути билан эмизадиган аёлларда бачадон тез қисқаради, туғруқдан кейинги қон кетиши олди олинади.
11. Мастопатия (кўкрак бези касали), сут безлари саратони хавфи олинади.
12. Исталмаган ҳомиладорлик олди олинади.
13. Чала – 7 ойлик туғилган бола онасининг кўкрак сути 9 ойлик расо туғилган чақалоқнинг она сутидан қувватлироқ кучлироқ бўлса не ажаб, азизларим.
Ва, нихоят, кўкрак сути керагича илиқ, стерил, болани тез тинчлантирувчи, шифобахш, қулай, фойдали пул сарфланмайдиган, арзон озуқадир.
Чақалоқни 2 ёшигача она сути билан озиқлантириш нақадар фойдали эканига ояти каримада ҳам ишорат бор. Бакара сураси 233-оятида Аллоҳ таоло айтади:
“Оналар болаларини тўла 2 йил эмизадилар. Бу муддат эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир”. Шариатимизда она сути нақадар муҳимлиги боис, агар она касаллиги ёки хохламаганлиги учун эмиза олмаса, отага энага ёллаш вожиб бўлади. Бу одат тарихда арабларда кенг тарқалган бўлиб, сути баракали, афифа, ақлли, соғлом энагаларга чақалоқ топширилган. Сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссолату васалламнинг сут оналари Халимаи Саъдия бўлганлар.
Хозирда ёш келинларимизга биз оналар, бувижонлар, қайноналар айтамизки: Фарзандингиз соғлом, закий, қувноқ, меҳрибон бўлсин десангиз, Аллоҳ таолонинг буюк неъмати – сутингизни унга меҳр ила тақдим этинг.
Зеро, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссолату васаллам дедилар:
Аллоҳ азза ва жалла малоикаларга айтаркан, чақалоғини ўзининг сути билан эмизган ҳар бир мўминага сутининг ҳар томчисига биттадан раҳматимни қўшиб ёзинг, деб.
Айланай, келинжонларим, ёш онажонларим, шу раҳматлардан бебаҳра бўлманг!!!
Андижон вилояти бош имом-хатиби хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, Вилоят Бош Отинойиси Шоирахон Косимова