Омонатдорлик

1218

Аллоҳнинг каломи Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу  алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тарғиб қилинган фазилатли ва улуғ ҳулқлардан бири – бу Омонатдорликдир.

Инсонларни доимо омонатдор бўлишга буюрган Аллоҳ азза ва жалла шундай мархамат килади: «Эй иймон келтирган бандалар! Аллоҳ ва Росулига (буйруқларига) ҳиёнат қилманглар ва (бир-бирингиздаги) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб ҳиёнат қилманглар!» (Анфол сураси  27-оят).

Омонатдорлик бизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос бўлиб қолган муҳим сифатлардан биридир. У зот ўта омонатдор эдилар. У зотнинг омонатдор эканликларини ҳатто душманлари ҳам эътироф этиб, у кишини «Содиқул-амин» яъни тўғри сўз ва омонатдор деб аташарди.

Абу Довуд розияллоҳу анҳу келтирган ривоятда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сенга омонат берган кишининг омонатини адо эт, сенга ҳиёнат қилганга ҳиёнат қилма», «Киши бошқа кишига бир гапни айтса, сўнг у ёқ-бу ёққа қараб қўйса, у (гап) омонатдир», деб насиҳат қилганлар.

Инсонларнинг бир-бирига ишончсизлиги, бу омонатга бўлган вафонинг йўқолиши эканлигини баён қилиб Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: «Одамлар савдо қиладилар. Лекин уларнинг ҳеч бири омонатни адо этмайдилар. Ҳатто фалон уруғда омонатдор бир киши бор дейишгача боришади» (Имом Муслим ривояти).

Динимиз таълимотларида инсонлар ўртасида тузилган битим ва келишилган ишларга амал қилиш – бу Омонатдир дейилади.

 Ҳақ сўзни гапириш ҳам, ишни келишилгандек ва пишиқ қилишлик ҳам бизларга омонатдир. Аҳдга, ваъдага вафо қилмаслик, ўз вазифасини бажармаслик, ҳалол ва тўғри юрмаслик омонатга ҳиёнатдир.

Омонатдорлик ҳулқи орамизда жорий қилинса, биздаги аҳвол яхши томонга ўзгариши аниқ. Чунки омонатдорлик ҳислати бошқа барча фазилатлар сингари, нафакат ўз эгасига балки у яшаб турган жамиятга ҳам фойдали амалдир.

Омонат сўзининг умумий маъноси: Шариъатда қайтарилган қайтариқлар ва шариъатда буюрилган буйруқлар, шунингдек мазкур қайтариқ ва буйруқларни шариъат томонидан белгиланган барча шартлари билан қабул қилмоқликка айтилади.

Омонатнинг хос маъноси: Мусулмон инсон муҳофаза қилиши лозим бўлган барча ишлар.

Масалан, шартнома асосида инсон зиммасига тушган қарз, омонат умуман олганда бошқаларнинг молиявий ҳуқуқлари ёки йўқолган буюмлар каби шартномасиз инсон зиммасига лозим бўлган ҳуқуқлар, шунингдек, инсонларнинг сир-махфий маълумотларини сақлаш. Масъулиятли ишларни ўз аҳлига топшириш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иш ўз аҳлидан бошқа кишиларга топширилганда қиёматни кутавер!» деганлар. (Саҳиҳул Бухорий).

Шунингдек, омонат деганда: Ибодатларни ўз вақтида адо қилиш, рост ва содиқ гувоҳлик бериш ҳам назарда тутилади.

 

Андижон шаҳар

“Холиқбердибой” жоме масжиди

имом-хатиби Улуғбек Назиров