ОМОНАТДОРЛИК турлари

949

Ибодатдаги омонатдорлик.

Ибодатдаги омонатдорлик ҳар бир мусулмон инсон Аллоҳ буюрган фарзларни буюрилганидек адо этиши демакдир. Намоз, рўза, ота-онага яхшилик қилишлик каби. Али ибн Толҳа роҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишича Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг :
“Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир”, сўзи ҳақида айтдилар: омонат – фарзлардир. Аллоҳ азза ва жалла уни осмонлар, ер ва тоғларга таклиф қилди. Агар уни адо қилсангизлар мукофатлайман, зое қилсангиз азоблайман, деди. Улар ўз узрларини чиройли холда Робул аъламийнга арз қилдилар. Сўнг Аллоҳ жалла шаънуҳу ушбу омонатни Одам алайҳис саломга таклиф қилди. Одам алайҳис салом барча шартлари билан мазкур омонатни қабул қилдилар. Бошқа ривоятда келтирилишича, Одам алайҳис салом у омонат нималардан иборат дея сўрадилар, Аллоҳ таоло: агар яхши адо қилсанг ажру савобга эга бўласан, адо қила олмасанг азоблайман, деди. Одам алайҳис салом: эй, Роббим, мен уни масъулиятини бўйнимга оламан, дедилар. Мужоҳид роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: омонат масъулиятини олганларидан кейин пешин ва аср намози ўртасидаги вақт миқдори ўтмади ҳамки жаннатдан чиқарилдилар.

Инсон жисмидаги аъзоларини муҳофаза қилишдаги омонатдорлик

Мусулмон инсон барча аъзоларини муҳофаза қилиши, уларни Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишлик ўринларида ишлатишдан сақлаши лозим. Масалан, қўл инсонга берилган омонат бўлиб уни ҳаромдан сақлашлик керак, кўз ҳам омонат, уни ҳаромга назар қилишдан асрашлик лозим. Инсондаги ҳар бир аъзо ўзининг муносиб ўрнига жойлашгани, бошқа аъзолар билан мутаносиб экани, ҳар бири ўз вазифаларини мукаммал адо этиши биз инсонларга Аллоҳ таолонинг буюк инъомидир. Танамиз аъзоларини саломат бўлиши эса дунё ва охиратга алоқадор барча амалларимизни бажаришимизнинг асосий омили ҳисобланади. Ушбу аъзоларни асл мақсадга мувофиқ ишлатишга масъулмиз. Қиёмат кунида неъматлар ҳақида сўралганимизда аъзоларимиздан ҳам ҳисобга тутилишимиз муқаррар. Қуръони каримнинг Мулк сурасида эса Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Айт: “У сизларни йўқдан бор қилган ва сизларга эшитиш, кўриш ва ақлни берган Зотдир. Жуда ҳам оз шукр қиласизлар-а?!”, деб марҳамат қилди. (Мулк сураси 23 оят).
Аъзолар неъматига шукр қила олмасакчи? Бу ҳақда Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримда:
“Ниҳоят, унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилиб ўтган нарсалари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берадилар. Улар териларига: “Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?”- дедилар. У (тери)лари: “Ҳар бир нарсани нутқ қилдирган Аллоҳ бизни ҳам нутқ қилдирди. У зот сизларни аввал бошда яратган ва Унгагина қайтарилурсизлар”, дедилар.
(Фуссилат 20-21 оятлар)

Исомиддин Шамсиддинов

Андижон шаҳар “Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ” жоме масжиди имом хатиби