Омонатдорлик

983

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамлик неъмати боис дастурхонимиз тўкин-сочин, ҳаётимиз бир маромда фаровон ўтяпти. Кийим бош озиқ-овқат ва техника жиҳозларини ота-боболаримиз ҳатто кўрмаган, балки хаёлларига ҳам келтирмаганларини ишлатяпмиз. Аммо, минг афсуски ота-бобаларимиз даврида ҳар бир инсонда топилган маънавий-диний қадрятларимиз бугунги кунга келиб ноёб ҳодисага айланишга улгурди. Ушбулардан бири омонатдорлик бўлиб, қуйида омонатдорлик ҳақида суҳбатлашамиз.
Омонатдорлик деб ҳуқуқларни адо этишлик ва уни муҳофаза қилишга айтилади. Ҳаёт кечирар эканмиз ҳар биримизнинг зиммамизда бир қанча вазифалар бор. Фарзанд сифатида ота-онамизга яхшилик қилиш вазифаси, бу бир пайтнинг ўзида ота-онамизнинг ҳаққи ҳисобланади. Оила бошлиғи сифатида оила бекаси ҳақларига риоя қилишлик, ота сифатида фарзандларимизга тарбия бериш вазифаси, бу эса фарзандлар ҳаққи дейилади. Қўшни сифатида бошқа қўшнилар ҳақларига риоя қилишлик, бирор корхонада ишчи сифатида зиммамизга адо этишлик масъулияти юкланган вазифаларимизни сидқидилдан ҳам виждонан адо этишимиз, юрт фуқароси сифатида юрт ободлиги ва фаровонлигига ҳисса қўшишимиз ва ҳоказо.
Бу сифат Ислом ахлоқларидан бўлиб, динимиз асосларидан бири бўлади. Аллоҳ азза ва жалла омонатларни адо этишга буюрган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам омонатдорликни кишининг чиройли хулқига ва имонига ҳужжат эканини баён қилдилар. Умматларига доимо намуна бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Муҳаммад ал-амин, омонатли, ишончли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам экани барчамизга маълум ва машҳур.
Омонатдорликка эътибор бериш билан жамиятда яшаётган инсонлар ораларида дўстлик-ҳамжиҳатлик алоқалари мустаҳкамланиши, хайр ва барака ёғилиши, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ватаолонинг розилигини топиб жаннатий бўлишлик омонатдорлик фазилатларидан ҳисобланади.
Давоми бор.
И.ШАМСИДДИНОВ.
Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ
жомеъ масжиди имом-хатиби