Оммавий бало вақтида мусулмон устидаги вазифалар

1458

Муқаддас динимиз инсонларни икки дунё бахти ва саодатига етаклайдиган дин ҳисобланади. Бахтиёр яшашни истаган киши эса албатта дини кўрсатмаларига қўлидан келганича амал қилиб, ҳаёт кечиради. Бу йўлдаги амалнинг мукофоти  икки дунё саодати ҳисобланади.  

Қадрли юртдошлар, бу дунё синов, имтиҳон дунёсидир. Ҳаёт ҳар доим ҳам бир текисда кетавермайди. Имтиҳондан иборат бу дунёни ўзига яраша машаққат ва қийи

нчиликлари бўлади.

         Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда бутун дунёни коронавирус офати катта ташвишга солиб турибди. Бу синов жонажон Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бундай имтиҳон кунларда халқимиз бир-бирларига далда, кўмакчи бўлмоқлари керак.

         Хўш, бундай синовли кунларда мусулмон киши ўзини қандай тутиши ва нималарга кўпроқ эътибор бериши лозим. Бу борада мўътабар китобларимизда қуйидаги тавсиялар берилган.

          Дуо қилиш:

         Дуо инсон қалбининг туб-тубидаган чиқадиган холис амали ҳисобланади. Мўмин банда қўлини дуога кўтар экан, бевосита Роббисига боғланади. У дуосида хулуси ният билан нимани сўраса, Яратган унинг қўлларини ҳеч қачон қуруқ қайтармайди. Аллоҳ бундан ҳаё қилади. Ҳакимлардан бири айтади: “Нажоти қўлида бўла туриб ҳолок бўладиган кишидан ажабланаман. У нима экан, дейишди. Ҳаким дуо деб жавоб берган экан”.

         Ҳа азиз юртдошлар! Биз ҳам мана бу каби вазиятларда бир-биримизни ҳаққимизга дуо қилиб туришимиз керак. Дуоларимизда сўрайликки, Аллоҳ юртимизни, бутун дунёни тинч қилсин. Офият берсин. Бу балони бошимиздан кўтарсин. Беморларга шифои комил ато этсин.

         Паноҳ сўраш:

         Бошига мушкул иш тушган кишиларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам паноҳ сўраш дуоларини ўргатганлар. Қуйидаги дуони эртаю кеч канда қилмай, ўқиб юрган кишига зарар тегмайди.

Абон ибн Усмондан, у отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким тонг оттирган чоғи “Бисмиллаҳиллазии лаа ядурру маъа исмиҳи шайъун фил арди ва лаа фис самааи ва ҳувас-самийъул-алийм”ни уч марта айтса, кеч киргизгунича унга тўсатдан келадиган бало етмайди. Ким кеч киргизган чоғи айтса ҳам. Яъни ўша кечаси унга тўсатдан келадиган бало етмайди”. Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилган.

Дуонинг маъноси: “Унинг номи ила еру осмонда ҳеч бир нарса зарар етказа олмайдиган Аллоҳнинг номи билан (паноҳ сўрайман). У ўта эшитувчи ва ўта билувчидир”.

          Таваккал ва тақво қилиш:

           Таваккал ва тақво қилиш улуғ фазилат ҳисобланади. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади. “Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (ўлчов) қилиб қўйгандир” (Талоқ сураси, 2–3-оятлар).

             Эҳтиёт чораларини кўриш:

Мусулмон киши ҳушёр бўлиши керак. Бу каби ҳолатларда ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам эҳтиёт қилиши лозим. Аллоҳ таоло бизларни “Нисо” сураси 71-оятида сергакликка чақиради: “Эй, имон келтирганлар! Ўзингизни ҳушёр тутинг”.

Ҳадисларда ҳам ҳушёрликка чақирилади: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас. Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур”, дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда эса: “Идишлар оғзини ёпинглар, сув мешининг оғзини беркитинглар, чунки йилда бир кеча бор. У кечада вабо ёғилади. Оғзи ёпилмаган идишлар, боғичи боғланмаган мешларга ўша вабодан тушади”, дейилган.

         Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!”, деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, мусулмон одам бундай пайтда ўзини эҳтиёт қилиши, вирус кенг тарқалиб бораётган ҳудудга бормаслиги, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши зарур. Шу боис мазкур вирус тарқалаётган мамлакатларга сафар қилмай туриш тўғри бўлади.

            Шахсий озодаликка қатъий амал қилиш:

           Соғлиқни сақлаш вакиллари асосан бу вирус нопокликдан келиб чиқишини бот-бот такрорламоқдалар. Шунинг учун ҳар-бир киши шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиши лозим.

         Ислом шариатининг энг асосий мақсадларидан бири бу жонни сақлаш ва уни барча турдаги хавф ва зарарлардан ҳимоя қилишдир.

  Кўпроқ хайр-эҳсон қилиш:

           Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ азза ва аалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради», дедилар».

           Демак, банданинг садақаси қабул бўлиб қолса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмон ўлимни даф бўлиши бор нарса экан. «Садақа – радди бало» деган ҳикмат шундан келиб чиққан.

           Аммо ачинарлиси шундаки, бундай мушкул вазиятда хайр-эҳсон қилиб балоларни аритиш ўрнига пайтдан фойдаланиб, мўмайгина пул ишлаш илинжида махсулот нархларини ноинсофларча кўтариб кўпчиликни назаридан қолаётган кимсалар афсуски орамизда бор.

         Ваҳимага тушмаслик:

         Бу каби ҳолатларда инсон ваҳимага тушмасликка чақирилади. Зеро, ҳикматларда: “Ақлли инсон бошига тушган балони аритиш ҳаракатида бўлади. Аҳмоқ эса битта балони иккита қилиб олади”. Ушбу маънода юртимиздан етишиб чиққан машҳур табиблардан Абу Али ибн Сино жуда гўзал тавсия берган: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.

Хотиржамлик ярим соғликдир.

Сабр эса шифонинг бошланишидир”.

         Дарҳақиқат, мусулмон тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан деган эътиқодда  туради. Ваҳима эса эътиқоднинг заифлигидан келиб чиқади.

        Турли асоссиз хабарларни тарқатмаслик:

Динимизда хабарларни аввал яхши ўрганиб, ростлиги маълум бўлгач, кейин тарқатишга тавсия беради. Ҳадисларда кишининг эшитган нарсасини гапириб юриши, унинг ёлғончилигига кифоя қилади, дейилган.

Имом Аҳмад ва Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда: “Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас”, дейилади.

Демак, ушбу ҳадислардан келиб чиқиб, коронавирус ҳақида хабарларни тегишли расмий манбалардан олиш ёки тарқатиш кераклиги келиб чиқади. Бундай вазиятларда одамларни ваҳимага қўйиб, саросимага соладиган ва уларни қўрқитадиган миш-мишларни тарқатиш шаръай ҳалол ҳисобланмайди.

 “Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофазачи ва Унинг Ўзи раҳимлиларнинг энг раҳимлигидир”. (Юсуф сураси, 64-оят)

Мирзамақсуд домла АЛИМОВ

Андижон вилояти бош имом-хатиби