Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаб кетган илгарги салафи солиҳлар даврида бир парҳезгорлиги, тақвоси ва омонатдорлиги билан атрофга шуҳрати ёйилган бир аёл бор эди. Насаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аждодига мансуб ҳошимийлардан эди. Ҳалоллик ва диёнатда довруғи ёйилган бу аёлга одамлар турли қимматбаҳо пул-буюмларини омонат келтириб қўйишар, керак бўлганда қайтариб олиб кетишар эди.
У аёлнинг зийрак ва ўткир фаросат соҳиби бўлган бир ўғли ҳам бўлиб, у ҳамма қатори олти ёшга тўлганда мадрасага қатнай бошлаган эди. Эрта туриб қорнини тўйғазиб мадрасага йўл олар. Дарси тамом бўлгач уйига қайтар ва онажониси кўмагида дарсларни тайёрлар эди.
Бир куни уларнинг уйига икки нотаниш киши маълум миқдорда маблағ келтириб омонат қўймоқчи бўлишди. Омонатларини топширар экан уни қайтариб олишда “иккимиз бирга келсак кейин қайтариб берасиз. Иккимиздан биримиз ёлғиз келадиган бўлсак, омонатни бермайсиз”—деб шарт қўйишди. Болакайнинг онаси “ҳўп” деб омонатни қабул қилди.
Орадан кўп ўтмасдан ҳалиги омонатчиларнинг биттаси келиб омонатини сўради. Аёл аёллигига бордими, ё бошқа сабаб бўлдими буниси номаълум, хуллас, омонатчилар қўйган шартни унутиб, омонатни сўраб келган одамга бериб юборди.
Эртаси куни унинг шериги ҳам келди ва у ҳам омонатни сўради. Аммо бир кун олдин унинг шериги омонатни олиб кетган эди. Аёл, шартини унутиб омонатни шеригига бериб юборганини айтди. Лекин у одам тўполон қила бошлади. Болакайнинг онасига “биз сизга омонат қўйиш чоғида қаттиқ тайинлагандик. Иккимиз бирга келсак қайтарасиз, ҳеч биримизга ёлғиз келсак омонатимизни бермайсиз, деб айтгандик. Сиз омонатга хиёнат қилдингиз. Энди зомин бўлдингиз! Тўлайсиз!”—деб даъво қила бошлади ва қозига арз қилишини айтиб дағдаға қилди.
Шу орада мактабдан унинг олти ёшли зийрак ўғилчаси келиб қолди. Кўрдики онажониси нима қилишини билмасдан йиғлаб ўтирибди. Болакай онасидан ҳол сўради. Онаизор воқеани баён қилди. Даъвогар кишини кўрсатиб, маҳкамага борганда унга қандай жавоб бераман, омонатини қаердан топиб бераман—деб йиғларди. Зийрак ва ўткир фаҳм-фаросатли болакай онасига таскин бериб: онажон хотиржам бўлинг! Маҳкамага боришингизга хожат йўқ. Даъвогар билан ўзим гаплшаман — деди.
Кейин ҳалиги кишига юзланиб:
Амаки, шартингиз бўйича омонатни талаб қилиш ҳуқуқига иккингиз бирга келганда эга бўласиз. Ёлғиз келиб омонатингизни талаб қилишга ҳаққингиз йўқ! Тўғрими?—деди. У:
Ҳа, шундай—деди. Шунда олти ёшли болакай:
Ундай бўлса, шеригингизни топиб келасиз! Унгача сиз билан гаплашмасликка онажонимнинг ҳаққи бор. Маҳкамага ҳам бормайдилар! Қани жўнанг. Шеригингиз билан бирга келинг!—деб қатъий талаб қўйди.
Бу гапдан кейин ҳалиги одамнинг шашти пасайди ва шеригини топиб келиш учун ҳонадондан чиқиб кетди.
Олти ёшли болакай оғир вазиятга тушиб қолган онажонисининг жонига оро кирди. Катта бир ҳижолатчиликдан қутқариб қолди.
Ўша болакай аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг тўрт фиқҳий йўналишидан бири—шофеъийлик мазҳабининг асосчиси Имом Муҳаммад Ибн Идрис Шофеъий эди!
Авазбек домла МЎМИНОВ,
Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди имом-хатиби