Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир

1218

Биз биламизки, илм Ислом динининг асоси бўлиб, бу дин инсониятни доимо илмга тарғиб қилиб келган. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг, унга исмларнинг барчасини таълим берди. Шу илм билан Аллоҳ таоло Одамни фаришталардан устун тарафини намойиш этди. Қуръони Каримнинг аввалги нозил бўлган ояти ҳам «Ўқинг» деган сўз билан бошланган. Илм билан инсон юқори мартабаларга эришади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм эгаларини мақтаб шундай деган:
«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар, 9-оят).
Инсон икки нарса билан комилликка эришади.
1. Юксалиб борувчи мақсад ва интилиш.
2. Қалб кўзини очувчи ва уни тўғри йўлга бошловчи илм.
Аллоҳ Таоло айтади:
«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала, 11-оят).
Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар сафар шу оятни ўқисалар, «Эй, одамлар! Бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади», дер эканлар.
“Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз – вақти соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”. Ш.М. Мирзиёев.
Буюк шоир ва мутафаккир Низомиддин Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Дунёдаги ҳар бир соҳанинг, ҳар бир ишнинг ўз илми мажуд. Киши ўз ишининг билимдони бўлиши учун ўша соҳанинг илмини эгаллаши шарт. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни иймоннинг мевасига қиёслаб шундай марҳамат қилганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

Китоб ўқиш ва илм олишнинг аҳамияти ва фазилати тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида шундай марҳамат қилади:
“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар, балки илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деганлар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривояти).
Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
яъни: “Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний

Муҳтарам азизлар! Илм олиш ва китоб мутолаа қилиш борасида улуғ зотлардан ажойиб хотиралар қолган. Жумладан мазҳабимиз уламоларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларида, хурсанд бўлиб кетганларидан: яъни: “Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, – дер эканлар.
Фатҳ Мусилий: “Касалга обу таом берилмаса у ўладими?”, деб ёнидагилардан сўрадилар. Атрофдагилар “Ҳа, ўлади”, дейишди. Шунда Фатҳ: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса у ўлади”, деган эканлар. Дарҳақиқат, шайх Мусилийнинг гапларида чуқур ҳикмат бор. Жасаднинг озиғи таом бўлганидай, қалбнинг озиғи ва тириклик манбаи илм-у ҳикматдир. Ким илмни бой берган бўлса унинг қалби касалдир. Бундай қалб ўлимга маҳкум, лекин ўзи сезмайди.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча китобларини олиб ўқир эканлар.
Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан. Сизлар бекор ўтириб, одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб жавоб бердилар”.
Ҳалил ибҳ Аҳмад айтадилар: Инсонлар тўрт хил бўлади:
1. Билади ва билишини ҳам билади. У олимдир, унга эргашинг.
2. Билади, аммо билишини билмайди. У ғафлатда уни уйғотинг.
3. Билмайди ва билмаслигини ҳам билади. У йўл бошловчига муҳтож, унга йўл кўрсатинг.
4. Билмайди, билмаслигини ҳам билмайди. У — жоҳил, ундан узоқ бўлинг.
Бобомиз Амир Темур айтадиларки: “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”.
Қадимда ота-боболаримиз илмни бир бутун деб билганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам, устоз бўлганлар.
Бугунги кунда жамиятимизга зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлашимиз – барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоя ҳисобланади. Бунинг учун болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига эътибор беришимиз лозим.
Фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш учун уларга хорижий тилларни ҳам ўргатишимиз керак бўлади. Чунки юртимиз кундан-кунга дунё давлатлари билан алоқаларни кенгайтирмоқда. Ёшларимизнинг чет тилларини яхши билишлари илмий, иқтисодий жабҳаларда катта имкониятлар яратади. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга иброний ва сурёний тилларини ўрганишга буюрганлар. Ушбу саҳоба қисқа муддатда мазкур тилларни ўрганиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айланадилар. Мана шу далиллар чет тилларини ўрганишга динимизда тарғиб қилинганини исботлайди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илмдан бошқа бирор нарсани зиёда бўлишини сўранг, демаган. Фақатгина илмда зиёдалик сўрашни таълим берган. Қуръони каримда шундай дейилади:
яъни: “айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).
Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини англаб олишимиз мумкин. Демак, барчамиз фарзандларимизга илм ўрганиш фарз эканини чуқур англатишимиз ва унга мунтазам даъват қилишимиз, илму маърифатга нисбатан уларда қизиқиш уйғотиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз даркор.
Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлаган, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олган, Ибн Сино ўн уч ёшида мантиқ, фиқҳ ва калом илмини ўрганган, ўн олти ёшида машҳур табиб бўлиб танилган, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилган. Биз ҳам фарзандларимиз, аржумандларимизни илмга муҳаббатли, замонасининг тенгсиз, беназир инсонлари этиб тарбиялашимиз керак.
Муоз ибн Жабал айтганларидай, «Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир».
Имом ат-Термизий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда, У зот: «Аллоҳ ва унинг малоикалари ва ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам илм аҳилларига истиғфор айтадилар», – деганлар.
Бошқа бир ривоятда: «Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ Таоло унга жаннат йўлларини тўғрилаб қўюр», – деб марҳамат қилинган.
Илм инсонга дунёда ҳам, вафот этганидан кейин ҳам, охиратда ҳам, манфаат етказиб турадиган улуғ ибодатдир….

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.