ОЛАМНИ МАҲЛИЁ АЙЛАГАН ДИЁР

1789

Жонажон юртимиз табиати, фусункор манзаралари қадим-қадимдан не-не халқларнинг кўзини куйдирмаган, ҳавасини келтирмаган. Айнан шу бетакрор чирой ва саҳоватли заминимиз сабаб боболаримиз уни қанча-қанча босқинчилардан ҳимоя қилишга мажбур бўлишган. Лекин, бу диёрга мусулмонларнинг кириб келиши юртимиз тарихида янги саҳифа очди.

Арабларнинг юртимизга келиш сабабларидан бири ҳам икки дарё оралиғида жойлашган сеҳрли диёр бағридаги беҳисоб табиий бойликлар, ер ва сув, иқлими, унда ўсадиган ранго-ранг неъматлар эди. Шу боис мусулмонлар бу ерда Ислом динини ёйишни мақсад қилишган. Бу ҳақда тарихий манбаларда ҳам қатор маълумотлар келтирилган. Хусусан, Мавороуннаҳрга Ислом дини кириб келишидан олдинги ижтимоий ҳолати, табиати ҳақида тарихчи Ёқут Ҳамавий шундай шоҳидлик беради: “Мовароуннаҳрдан мурод Хуросондаги Жайҳун дарёсининг нариги томонидир. Жайҳуннинг ғарбий томони эса, Хуросон ва Хоразм вилоятига тегишли бўлган. Хоразм Хуросон ҳудудига кирмайди, балки у алоҳида иқлим – юрт ҳисобланади. Мовароуннаҳр иқлимлар ичида ҳавоси энг мусаффоси, энг ҳосилдори ва бошқа яхши жиҳатлари нисбатан кўпроғи саналади. У ерлик аҳоли яхшилик ва саҳоватга ўч ва ёрдампарвар бўлиб, ёмонликдан йироқ ва бағрикенг инсонлардир. Шу билан бирга, мовароуннаҳрликлар тенгсиз куч-қудрат, енгиб бўлмас қатъиятлилик ва жасурлик соҳиби бўлганлар. Шунингдек, уларда ҳарбий тайёргарлик ва қурол-аслаҳа яхши ривожланган. Бу ўлканинг ҳосилдорлиги шундаки, мазкур ҳудуднинг унумдорлиги борасида айтилган васфларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Ҳатто бутун ислом оламида ҳам Мовароуннаҳрчалик ҳосилдор юрт топилмайди. Чунки, бошқа ўлкаларда бир неча марта қаҳатчилик бўлса ҳам, Мовароуннаҳрда ҳосилдорлик ва тўкин-сочинлик бардавом бўлади.
Мовароуннаҳрликлар иссиқ, совуқ ёки бирор офатга йўлиқсалар, экинзорларидан нажот излайдилар. Уларнинг ҳосили ўзлари ва қариндошларига ҳам етиб, ҳатто ортиб ҳам қолади. Бу ўлка аҳолиси бошқа юртлардан бирор нарса олиб келишга эҳтиёж сезмайди. Мовароуннаҳрнинг ҳар бир қарич ерида шаҳар, қишлоқ, сув, экинзор ёки яйловларни учратиш мумкин. Ҳар бир аҳоли ўзига ва оиласига етарли ва ҳатто ундан ортиқ миқдордаги ҳосилотга эга. Ҳудуддаги сувлар чучуклиги ва истеъмолга яроқлилиги билан ажралиб туради. Мовароуннаҳрнинг тоғлари, воҳалари ва шаҳарларининг деярли барчасида сув мавжуд. Аҳоли туя, эшак ва хачир каби уловлардан фойдаланадилар. Қўй гўштини туркманлардан олиб келадилар, қолган озуқалар эса ўзларида етарлича топилади.
Мовароуннаҳр аҳолисининг либослари пахтадан бўлиб, пахта бу ҳудудда кўп етиштирилади ва у ердан бошқа юртларга етказиб берилади. Шунингдек, шойи, жун, тола ва Хўжанд ипаги кўп ишлаб чиқарилади. Ипак аҳоли орасида қадрли бўлиб, ортиб қоладиган даражада кўп эмас, албатта. Шунингдек, бу ҳудудда мислсиз ва бебаҳо қоғоз ишлаб чиқарилади.
Ўлкада темир конлари ҳам кўп. Аҳоли темирдан қурол ва бошқа асбоб-аскуналарни истаганча ясай оладилар. Шу билан бирга, олтин, кумуш ва симоб конлари ҳам мавжуд бўлиб, улар бошқа юртларда топилмайдиган даражада кўп заҳирага эга. Панжаҳарнинг кумуш кони заҳирасини ҳисобга олмаганда, Мовароуннаҳрдаги симоб, олтин, мис ва бошқа конлар заҳирасига ҳеч қайси юртнинг конлари ета олмайди.
Сўғд, Усрушана, Фарғона ва Шош меваларининг тўкин-сочинлиги ҳеч бир юртда топилмайди. Қуллар Мовароуннаҳрга чегарадош ўлкаларда яшайдиган туркий халқлардан келтирилади ва бошқа юртларга ҳам жўнатилади. Улар шарқнинг энг яхши қуллари ҳисобланади. Мушк – хушбўйликлар Тибет ва Қирғиздан келтирилади ва Мовароуннаҳр орқали бошқа исломий давлатларга жўнатилади. Соғониён (Чағониён) ва Бошқирддан бошқа ўлкаларга заъфарон юборилади. Шунингдек, сувсар, олмахон, тулки ва бошқа ҳайвонларнинг мўйналари, яна темир, темир бўлаклари, газлама ва шу каби подшоҳларга керакли бўлган нарсалар ҳам бошқа ўлкаларга етказиб берилади”.
Ҳа, юртимиз замини азалдан табиий бойликларга ватан бўлган. Афсуски, ҳозирда уларнинг кўпчилиги таназзул ёқасига келиб қолган. Демакки, уларни асраб-авайлаш, оқилона фойдаланиш барчамизнинг инсонийлик бурчимиздир. Хусусан, Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”, – деб огоҳлантиради. (Бақара сураси, 205-оят).
Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, – деганлар (Абу Довуд ривояти).
Албатта, бугун табиат муҳофазаси борасида эътиборли бўлиш муҳимдир. Негаки, шу йўл билан ўзимиздан келажак авлодга обод ва озод ватан қолдирган бўламиз.

Зиёдулло ИСОМИДДИНОВ,
Бўз туманидаги Абдуназар ота масжиди имом-хатиби.