Оилада фарзанд тарбияси

631

Ватаннинг боши оила. Аллоҳ таоло инсонни жуфт- жуфт қилиб яратди ва барча мавжудот ва махлуқотлари ичида азизу мукаррам қилди ва инсонларни жам бўлиб яшашларини, шириндан-шакар фарзандлар кўриб, хаётдаги энг гўзал жонзот бўлишни иноят қилган экан. Албатта ўз ўрнида бизлар ҳам бу неъматлардан тўғри фойдаланишимиз ва эл корига яровчи инсонлар бўлиб етишмоғимиз зарур. Оила – муқаддас қўрғон, пок маскан. Деҳқон эрта баҳорда далага умид билан ниҳол экади. У ўсиб-улғайгунча ундан мехрини аямайди. Оила ҳам худди ана шу кўклам сингари. Инсон унга эътиборли бўлсагина юксалади, яъни оила тинч фаравон ҳаёт кечиради, борди-ю лоқайдлик,бепарволик, этиборсизлик қилинса у нихол қуриб битади яъни ўсиб борётган фарзандлар ота-онага ҳам, динига ҳам, ватанига ҳам катта зарар ва зиён етказувчи бўлиб ўсадилар. Айниқса ривожланиб бораётган замонимизда ҳаётимизга кириб келаётган янгиликлар, янги қоида ва одатлар ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмайди. Айниқса- бу ҳали яхши ёмонни ажрата олмайдиган ёшларга қаттиқ таъсир қилаётгани кундан- кунга маълум бўлмоқда. Мўмин-мусулмонликни даъво қилаётган диёримизнинг айрим замонавий ёшларининг юртимизда азал- азалдан сақланиб келган миллий қадриятларимизни беписандлик билан бузаётганликларидан хайрон бўлиб қоласан киши. Кўча- кўйга чиқиб қолсангиз баъзи- бир йигитларни сочларини ўстириб, баданларига хар хил ўзгартиришлар киритиб, кийган кийимларини кўриб таажжубда қоласан киши. Аллоҳ берган тил неъматидан чиқаётган хар хил бехаё ва фахш сўзларни эшитиб уялиб кетасан киши… Аммо баъзи бир ёш қизлар юқорида айтиб ўтилган ишларда йигитларни ҳам довда қолдириши бунданда ачинарли ва аянчли ҳолдир. Келажагимиз эгалари бўлган ёшларимиз нега бундай бўлиб тарбияланишяпти? Қани ор- номусли, мард йигитлару, ибо ва ҳаёда тенгсиз бўлган қизлар?. Қани фарзандларига мехрибон чиройли, яхши тарбия бераётган, миллий қадриятларига суянган мушфиқ ва мехрибон ота- оналар? Нима сабабдан ёшлар ўз билганича яшашга одатланишмоқда?. Шунга ўхшаш ва яна бошқа бир қанча саволлар кишини чуқур ўйга толдиради. Барча саволларнинг жавоби битта, у ҳам бўлса бепарволик эмасми? Яъни ота- онани фарзандларига бўлган этиборсизлиги ва бепарволиги. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида ва пайғамбаримиз с.а.в ўзларининг бир қанча хадиси муборакларида фарзанд омонат неъмат, уларни таълим ва тарбиясига, ҳулқ атворларига этибор қаратиш, уларни хақларини адо қилиш ва хақларига хиёнат қилмаслик тўғрисида бизларни огохлантирган. Фарзанд- Аллоҳнинг инсонга берган улуғ неъматларидан биридир. У дунё хаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: «Мол мулк, фарзандлар дунё хаётининг зийнатидир…»-деб мархамат қилган. (Кахф сураси, 46-оят). Диндаги мухим вазифалардан яна бири албатта-бу фарзанд тарбияси хисобланади. Сарвари коинот: «Хар бир чакалоқ Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирувчи бўлгунча (шу холда бўлади). Кейин эса, ота-онаси уни яхудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёки мажусий қилиб қўяди»- дедилар. Бу хадисдан маълум бўладики Ислом фитратида дунёга келган болалар ота-онанинг бепарволиги сабабли тарбиясиз, хулқи ёмон ва энг асосийси турли нотўғри йўлларга кириб кетишликлари турган гап. Демак, ёшлардаги ёмон ахлоқ ва унинг нохуш оқибатлари учун аввало, ота-она, махала, устоз мураббийлар ва қолаверса барчаларимиз масъул эканлигимизни эсдан чиқармаслигимиз зарур бўлади. Шу ўринда одоб-ахлоққа далолат қилувчи баъзи бир хадисларни келтириб ўтамиз. Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар. «Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг». Ва яна «Фарзандларингизга ва ахлингизга яхшиликни таълим беринг ва уларга одобни ўргатинг». Демак хар бир ота-она ўз фарзандини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориши лозим бўладики, зеро, илму фаннинг қайси сохасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб-ўрганиб маълумот хосил қилган фарзанд, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади. Зеро, пайгамбаримиз Мухаммад Мустафо с.а.в яна бир хадисларида:”Инсонларнинг энг яхшиси бошқа инсонларга манфаати, фойдаси тегадиганидир” – дедилар. Айниқса ,таълим муассасаларида ўқишни тугатиб, ёзги таътилга чиққан фарзандларимизга янада эътиборли бўлишимиз лозим бўлади. Уларни қизиқарли дам олишларига қулай шароитлар яратиб беришлигимиз ва хар бир ота- она фарзандларини кўча- куйда бехуда тентираб , бўлмагур, ножўя хатти- харакатлар қилишдан сақлаб, жуда гўзал хулқ эгаси бўлишга чақиришлари лозим. Мана шундай холатда фарзанд тарбиялаган ота-она иншааллох фарзандидан яхшилик ва мехрибонлик кутишлиги мумкин. Дархақиқат юқорида айтиб ўтганимиздек ота- оналарнинг бепарволиги оқибатида ёш укаларимиз ва сингилларимиз томонидан хар хил турдаги жиноятлар, хуқуқбузарлар, фирибгарлар ва энг асосий ачинарлиси ёш сингилларимиз ва қизларимиз хар хил турдаги бемани дисқларни кўриб ёки китобларни ўқиб, лоақал телефонларда бўлса ҳам кўриб, ёхуд баъзи бир фарзанд қадрига етмаган ота- оналар сабабли эрта турмушга чиқаётган қизлар хамон учраб турибди. Бора- бора булар катта муаммога айланиб кетмасдан аввал хар биримиз мана шундай иллатларни олдини олишимиз зарур. Тўғри, хар бир ота- она фарзанди учун тинмай ишлайди, емай- едиради, киймай-кийдиради, улғайганда рохатини кўраман деб орзулар қилади. Вахоланки, фарзанд ота-она лоқайдлиги ва бепарволиги оқибатида ахлоқи бузуқ кимса бўлиб улғаяди. Бундай фарзанд ота-онасига қандай рохатни хадя эта олади. Молу-дунё зиёда бўлса-ю, инсонни тану-жони саломат бўлса-ю фарзанди жиноятчи бўлса ёки қизи одобсиз, бехаё бўлиб ўсган бўлса ота- онага молу-дунё ва соғлик- саломатлик тотийдими? Албатта, йўқ. Ахир фарзанднинг ортидан яхши гап эшитишдан улуғ бахт борми дунёда?, фарзанд орқасидан ёмон гап эшитишдан катта қайғу йўқ дунёда! Дилбандининг ортидан бировлар мақтасинчи, ота-онанинг кўнглида ғам андух қолармикан?. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак шариатимиз хар бир инсонни хаё ва ибога буюради. Сабаб шуки хар бир инсон хох эркак киши бўлсин хох аёл киши бўлсин ўз нафсини тия билса ўзбек халқига иснод ва жуда катта доғ бўлиб турган фохишабозлик, қўшмачилик, турли юқумли касалликлар ва бошқа ёмон ишлардан қутиламиз ва сақлана оламиз . . Демак ушбу масъулятни хис этган холда барча ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясига жиддий эътибор беришликлари ва хар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари лозим экан.Барчаларимизга Аллоҳ берган улуг неъмат ,фарзанд неъматини шукрини чиройли адо этиб,уларни одоб-ахлоқига ,тарбиясига чиройли эътибор қилиб, Ўзининг ҳузурига ёруг юз билан боришлигимизни насиб этсин.

И.Ортиқов

Олтинкӯл тумани

“Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби