Оила ва жамият

519

Жамиятнинг бугуни ҳам, эртаси ҳам ҳар томонлама оилаларга боғлиқ. Оилада тарбия бўлмас экан, оилани сақлаб қолишга эътибор бўлмас экан, қандай қилиб жамиятда тарбия ва осойишталик бўлсин?

Зеро оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўладилар.

Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

قَالَ أَبُو الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ لِزَوْجَتِهِ: إِذَا غَضِبْتُ فَرَضِّنِي وَإِذَا غَضِبْتِ رَضَّيْتُكِ وَإِلَّا لَمْ نَصْطَحِبْ

яъни: Абу Дардо р.а. аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай  олмаймиз”.

Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.

            Яна бир муҳим масала, бу – қурилган оилани бус-бутун сақлаб қолиш. Динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрилган. Агар эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирларида ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:

وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا

 إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا  (سورة النساء /35).

яъни: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят). Зеро, эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади.

Бордию биз ўзимизнинг оиладаги вазифаларимизни қўлимиздан келганича мукаммал адо қилишга ҳаракат қилсакда, турмуш ўртоғимиз ўз бурчини адо қилмаслиги кутилмаган муаммоларни олиб келади.

Ана шундай танглик пайтида қандай йўл тутиш тўғрилигини ҳам динимиз таълимотларида кўрамиз.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Нисо” сурасининг 19-оятида эркакларга хитоб қилади:

 “Улар билан яхши муъошаратда бўлинглар. Агар сизлар уларни ёмон кўрсаларингиз, шоядки бир нарсани ёмон кўрсангиз  ҳам Аллоҳ ўша нарсада кўпгина яхшиликларни қилиб қўйса”

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Сизларга хотинлар ҳақида васият қиламан. Хотин киши қобирғадан яралгандир. Қобирғанинг қийшиқроғ жойи юқорисидур. Уни тўғрилайман деб уринсанг синдириб қўясан. Агар тек қўйиб қўйсанг қийшиқликдан қолмайди. Хотинларга яхшиликни васият қиламан”, − деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Одатда инсон ҳар қанча инсоф билан холисона фикрлаганда ҳам ўз айбларини тўла кўриши қийин. Холис бўлмаса ёки инсоф қилмаса умуман ўзини айбдор санаши мушкул. Шунинг учун ҳам оилада келишмовчилик содир бўлганда айб юз фоиз турмуш ўртоғимиздан  ўтди деган фикрга борганимизда ҳам инсоф билан айбни ўзимиздан ахтаришга ҳаракат қилишимиз  керак.

(Жума тезисларидан фойдаланилди)

Сарварбек Йўлдошев

Асака т. “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом хатиби