Оила қуриш шунчаки ҳою-ҳавас эмас, балки улкан масъулият ҳамдир. Турмуш қургувчи йигит ҳам, турмушга чиқаётган қиз ҳам бу масъулиятни теран ҳис қилишлари лозим. Бундан ҳам муҳироғи шуки, бу масъулият бизларнинг зиммамизга оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан юклатилган, оламларнинг сарвари бўлмиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган Ислом шариати ҳукмларига асосан вожиб бўлгандир.

Оилада ҳамманинг ва ҳар кимнинг  ўзига хос вазифаси бор. У – ота бўладими, онами, ўғил бўладими, қизми, эр ёки хотин бўлсин, ҳаммасининг ўзига яраша бурчлари бор.

Шуни эътироф қилиш керакки, масъулиятнинг аксари эркак зотининг зиммасидадир. У ўғил бўлса, ота-она олдида бурчлидир, ака бўлса сингилларнинг посбони, эр бўлса, хотиннинг қўрғони, ота бўлса, оиланинг бошлиғидир. Бинобарин моддий таъминот ҳам, маънавий назорат ҳам айнан эркак зотининг зиммасига кўпроқ юклатилган. Бу бурч – шарафли бурч.

عَنْ حَكِيمِ بْنِ مُعَاوِيَةَ الْقُشَيْرِىِّ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ مَا حَقُّ زَوْجَةِ أَحَدِنَا عَلَيْهِ قَالَ « أَنْ تُطْعِمَهَا إِذَا طَعِمْتَ وَتَكْسُوَهَا إِذَا اكْتَسَيْتَ — أَوِ اكْتَسَبْتَ — وَلاَ تَضْرِبِ الْوَجْهَ وَلاَ تُقَبِّحْ وَلاَ تَهْجُرْ إِلاَّ فِى الْبَيْتِ ». (سنن أبي داود)

Ҳаким ибн Муовия ал-Қушайрий разияллоҳу анҳу отасидан ривоят қилади:

“Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг зиммамизда хотиннинг қандай ҳақлари бор?” – деб сўрадим. Жаноб:

“Қачон овқатлансанг унга ҳам едиришинг, қачон кийинсанг уни ҳам кийинтиришингдур. Юзга урмагин, ҳақорат қилмагин ва уйдан бошқа жойда айро қилма!” – дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Аёлларга нафақа қилиш нафақат шунчаки эркалик вазифси, балки улкан савоб манбаи ҳамдир.

وعن أَبي هريرة — رضي الله عنه — ، قَالَ : قَالَ رَسُول الله — صلى الله عليه وسلم — : » دِينَارٌ أنْفَقْتَهُ في سَبيلِ اللهِ ، وَدِينار أنْفَقْتَهُ في رَقَبَةٍ ، وَدِينارٌ تَصَدَّقْتَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ ، وَدِينَارٌ أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ ، أعْظَمُهَا أجْراً الَّذِي أنْفَقْتَهُ عَلَى أهْلِكَ » رواه مسلم .

            Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

            “Бир динор Аллоҳ йўлида инфоқ қилдинг. Бир динор қул озод қилиш учун инфоқ қилдинг. Бир динор мискинларга садақа қилдинг. Бир динор аҳлингга нафақа қилдинг. Уларнинг ажри улуғроғи – аҳлингга нафақа қилганинг”, — дедилар. (Муслим ривояти)

عن عمرو بن الأحوص: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم  … ألا وإن حقهن عليكم أن تحسنوا إليهن في كسوتهن وطعامهن (سنن ألأترمزي)

Амр ибн Аҳвас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул Вадоъдадаги машҳур хутбаларида жумладан эркакларга қарата шундай деганлар:

“Огоҳ бўлингларки, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақлари – уларга кийим-кечак ва озиқ-овқатни чиройли қилиб қўймоқларингиздур!”

Ҳадиси шарифнинг матнига эътибор берсак, кўринадики, шунчаки кийим-кечак билан таъминлаб қўйиш эмас, балки чиройли қилиб қўйишга буюрилмоқдамиз. Бундан икки маънони тушуниш мумкин. Бири имкон даражасида эл қатори кийинтириш. Ортиқча зиқналик қилмаслик ва кераксиз ҳолатда исроф қилмаслик.

Иккинчиси маъно эса шариатга мувофиқ бўлган кийим билан таъминлаш. Майли энг сўнгги фасондагиси бўлсин, лекин шаратимиз кўрсатмаларига хилоф бўлмасин. Унутмаслигимиз керакки, бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонлармиз. Мусулмон кийинишда ҳам ўзлигини унутмаслиги керак.

Бот-бот айтилишига қарамай, кийинишда ҳамон шармсизлик давом этмоқда. Эркаклар ҳамиятларини фаоллаштирмаса бўлмайди. Эркак киши оиладаги кийинишга мутлоқ жавобгар. Юқорида эслаганмиздек, хотинининг, қизининг, опа-сингилларининг, керак бўлса онасининг кийинишини назорат қилишга мажбурдир. Зеро оилада эркак бошлиқдир:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ

Яъни: “Эркаклар хотинларнинг устидан қоимдурлар” (“Нисо” сураси, 34-оят)

“Қоим” сўзи ўзбек тилида “тургувчи” деган маънони билдиради ва Тафсири Нисопурийда тафсир қилинишича уларнинг ишлари бўйича турганликлари учун муболағага биноан истеъмол қилинади ва муҳофаза қилиш маъноларини ҳам билдиради.

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг тафсирларига кўра “эркак хотин узра тургувчи, яъни раиси, каттаси, унинг ҳокими ва нотўғри йўлга юрганда одоб бергувчисидур”.

Хўп, эркак бошлиқ экан, бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бордир? Ахир ҳар бир нарса ҳикматдан ҳоли эмас-ку?

Ҳа, сабаби бор. Уни Аллоҳ таоло оятнинг давомида баён қилган:

بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ (سورة النساء. 34)

“Аллоҳ баъзисини баъзисидан афзал қилгани ва молларидан нафақа қилганлари учун”

Жумҳур тафсирларга биноан биринчи “баъзи” − эркак, иккинчисихотин. Бинобарин Аллоҳ икки сабабга кўра − эркакни хотиндан афзал қилиб қўйганлиги ва молларидан хотинларга нафақа қилганликлари учун оилада эркак раҳбар бўлар экан.

Эркак оилада бошлиқ бўлишлигининг иккинчи сабаби “молларидан нафақа қилганлари” экан, рўзғор тирикчилиги учун даромад топгувчи хотин бўлса, имкониятнинг асосийси қўлдан кетган бўлади. Шунинг учун ҳам тамбал эркакларнинг кўпини кўрдик, аҳвол жуда ҳам аянчли. Оилада эркакнинг на эрлик ва на оталик обрўси бўлса.

Тирикчилик ишларига ярамайдиган қилиб қўймасин. Касал бўлса ёки бирор узри бўлса бошқа гап, аммо соғ бўлиб туриб, фақатгина танбаллиги сабабидан уйда ётиб олиб кечгача телевизор тагидан жилмасдан ётадиганларга нима дейишингни ҳам билмайсан. Рўзғор харажатларидан тортиб токи чекимлигигача хотин олиб келса, яна қандай қилиб бошлиқ бўлсин?!

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими