Оила пойдевори

791

Оиланинг тинч-тотувлиги ва мустаҳкамлиги юрт фаровонлигининг асосидир. Инсон ҳаётини оиласиз тасаввур қилиб бўлмайди. Уни боғловчи кўприк эса никоҳдир. Оила келажак авлодга кучли таъсир этувчи чинакам тарбия маскани. Шу боис ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, айниқса, уларнинг оила қуришларига жиддий эътибор қаратиш барчадан катта масъулият талаб этади.
Оила муқаддас даргоҳ, соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим ва бетакрордир. Инсон саломатлиги ва маънавий камолотининг биринчи пойдевори оилада қўйилади. Жамият ривожланиб, маънавий омилларнинг ижтимоий тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ортган сари оиладаги тарбия эътибор ҳам кучаяди.
Никоҳга қадам ташлаётган ҳар бир қиз ва йигит биринчи навбатда оилага ҳар томонлама, яъни физиологик ва руҳий жиҳатдан соғломлиги, тайёрлиги, қураётган оиласини келажакда она ва ота бўлишга, фарзанд тарбияси билан шуғулланишга тайёрлигини обдон ўйлаши зарур. Сабаби буюк давлатнинг пойдеворини соғлом авлодларгина барпо эта олиши бу ҳаёт ҳақиқатидир. Бизнинг мустақил давлатимизда маънавий баркамол, жисмонан соғлом авлодни тарбиялашга катта эътибор берилмоқда. (fargonaziyo.uz)
Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг бари шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди:
وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ … (سورة النّحل/72)
яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…”.
Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, деганлар.
Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги, оиласини никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р.а.) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин, чунки бу кўзнинг тийилиши ва фаржнинг поклигидир. Ким бунга қодир бўлмаса, унда рўза тутсин, чунки бу билан шаҳват сўндирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). (Жума тезислари)

Абдураззоқ Фармонов. Асака т. “Сиддиқ ҳожи” жоме масжиди имом хатиби