Оила-муқаддас даргоҳ

1368

Оила-инсоният тарихининг ҳамма даврларида жамиятнинг асосий бўғини, муқаддас даргоҳ бўлиб келган Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низомлар жорий қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда оила қуриш пaйғaмбapлapнинг суннати эканлигини айтиб, жумладан, Раъд сурасининг 38-оятида бундай дейди:

Яъни: “Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз”.

Муқаддас Динимизнинг таълимотларида оила масаласига катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, оила аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари, фарзандлар тарбияси каби муҳим масалаларга тегишли жавоблар берилган.

Инсонлар ҳам бошқа мавжудотлар қатори жуфт-жуфт қилиб яратилган. Аллоҳ таоло бу жуфтликни Ўзининг илоҳий оят-аломатларидан бири эканлигини эслатиб, Рум сурасининг 21- оятида бундай марҳамат қилади:

Яъни: “Унинг оятларидан (яна бири) токи ҳузурларидан ҳотиржамлик ва ором топишингиз учун сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратиб қўйганлиги ва ўртангизда муҳаббат ва раҳмат пайдо қилиб қўйганлигидир”.

Шу қоидага кўра, никоҳ орқали уйланиш, фарзандлар тарбиялаш динимиз таълимотларида таъкидланганидек муқаддас ҳисобланади. Никоҳ ўзига яраша қоидалар асосида ташкил этилади. Мана шу қоидаларга кўра, фарзандларни ёшлигиданоқ оиладаги ўрнига тайёрлаб бориш зарур. Ота-оналар болалари катта бўлиб қолганлигини, уларнинг ҳам кўнгил хоҳишлари, ўзларига яраша орзу-истаклари борлигини ҳам ҳисобга олишлари керак.

Ёшларимиз эса, оила қуриш, умр йўлдош танлаш каби нозик ҳамда умр савдоси дея аталмиш ишларда ўзларининг билим ва тажрибалари камлигини асло унутмасликлари лозим. Оила масаласига ёши улуғлар билан кенгашиб, оилавий муҳитни, қисқа қилиб айтганда, кафоатни яъни Исломдаги никоҳланувчиларни бир бирларига тенглаш мувофиқлиги масаласини ҳам инобатга олган ҳолда ёндашиш лозим. Кафоат деганда, диёнати, молу мулки, касбу хунарига ва насабига эътибор бериш тушунилади. Чунки, одатда, ушбу омилларга эътибор бермаслик кўпгина оилаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, азиз юртимизда истиқлолдан кейин оилага эътибор кучайди. Бунга мисол қилиб, 2012-йилнинг “Мустаҳкам оила йили” ва 2016-йилнинг “Соғлом она ва бола йили” номлари билан номланиши фикримизнинг яққол далилидир. Йилларнинг бундай номланиши албатта, ўзининг самарасини берди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти таъкидлаганидек, оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир

Асосий Қонунимизда бундай дейилади: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”.(Ўз.Р. Конституцияси 14-боб, 63-модда).

Мазкур қоида асосида мамлакатимизда оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга моддий ва маънавий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.

Ҳозирги кунда оилавий муаммолар дунёнинг кўплаб давлатларини ўйлантириб келаётган муҳим масалалардан бўлиб қолмоқда. Минг афсуски, кейинги пайтларда баъзи бир жамиятларда “ҳуррият”, “шахс эркинлиги” деган ғояларни илгари сураётган айрим кимсалар “Оила эркинлигини чегаралаб қўяди. Шунинг учун уни кераги йуқ” деган даъволарни қилишмоқда. Энг ачинарлиси, бундай сафсатага ишонувчиларнинг сони кўпайса кўпайяптики, охири кўринмаяпти. Оқибатда эса, кўплаб муаммолар юзага келди. Инсон табиатига зид бўлган, яъни бир жинсли никоҳлар, ажралишлар, тирик етимларнинг кўпайиши ўзининг қора рангини кўрсатишни бошлади. Оила аъзоларининг ўрталарида ўзаро меҳр-оқибат деган фазилат ортга чекинди. Бундай фазилат агар оилани тарк этса, албатта, эр-хотин ўз оиласида тинч-тотув яшашнинг ўрнига ҳаром-хариш кайфу сафога бериладилар.

Жамият ҳаётида оила қуриб яшаш нақадар аҳамиятли эканини ҳазрати Пaйғaмбapимиз Муҳаммад (с.а.в.) таъкидлаб бундай хитоб қилганлар: “Эй йигитлар! Сизлардан қай бирингиз оила қуришга қурби етса, уйлансин. Уйланиш номаҳрамларга кўз ташлашдан, бузуқликлардан асрайди. Қурби етмаган киши рўза тутсин, токи унга тўсиқ бўлсин”.

Юқорида айтилган муаммонинг ечими ушбу ҳадиси шарифда қисқа ва лўнда қилиб айтилган.

Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл, “Никоҳ менинг суннатимдир. Кимки менинг суннатимдан юз ўгирса, бас, мендан эмас”, деб бирдек тарғиб қилинар экан, оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган.

Оилада эр ва хотиннинг ўртасидаги никоҳ риштаси шу даражада бўлсинки, инсон зоти бу амалнинг жаннатда ҳам давом этадиган ибодат эканини тушунсин. Шунинг учун ҳам оила муқаддасдир. Унинг мустаҳкамлиги учун оиланинг барча аъзолари бирдек масъул. Мустаҳкамлик ўзаро меҳр-муҳаббат билан амалга ошади.

Оила муқаддаслигини бугун ҳар бир оила бошлиқлари англаб етиши зарур. Ватанпарварлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат ва шунга ўхшаш бошқа олийжаноб тyйғyлap аввало оилада вужудга келади. Шу билан биргаликда дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати дастлаб оилада шаклланади.

Шуни англаган Ўзбекистон Ресбубликасининг биринчи президенти мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ оилага, унинг жамиятдаги нуфузини кўтаришга алоҳида эътибор қаратиб келди. У кишининг “Бизга тинчлик ва осойишталик керак. Биз ҳар бир оиланинг тинч-тотув яшаши тарафдоримиз ва шунга интилаётган, шуни таъминлаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаймиз” деган сўзлари оила тўғрисида ғaмxўpлик қилиш, керак бўлса, бу вазифа муҳимлиги билан давлат сиёсати даражасига кўтарилишини ифода этади.

Ҳа, оилани мустаҳкамлаш-авлодлар давомийлигини таъминлаш демакдир. Бу эса барчамизнинг  асосий вазифамиз, инсонийлик бурчимиздир.

Андижон туман

бош имом-хатиби

Салимжон Матғозиев