ОИЛА МУСТАХКАМЛИГИДА ҚУДАЛАРНИНГ ЎРНИ

803

Урф-одатларимизга кўра, янги оила қурган ёшлар тўлиқ мустақил бўлиб, ота-онасининг измидан чиқиб кетмайди. Балки парваришлаб, тарбия қилган, уйлаб-жойлаган ота-оналарнинг кўнглини олишга, уларни рози қилишга ва ранжитиб қўймасликка ҳаракат қилишади. Бу ҳам бўлса – исломий ахлоқ-одоб асосидаги шарқона тарбиянинг гўзал намуналаридан биридир.
Ҳозирги кунда жамиятимизда айрим оилаларнинг аҳил тотув турмуш кечиришларига, ҳеч қанча яшамай қўйди-чиқди бўлишига, ёш аёлларнинг бева қолишига, норасида гўдакларнинг ота меҳрига зор, тирик етим бўлиб қолишига ҳам шу тарбияга, диний ва миллий қадриятларимизга етарли эътибор берилмаётганлиги сабаб бўлмоқда, десам муболаға бўлмайди.
Бундан ташқари, тўйларимиздаги риё учун, одамлар кўрсин, деб қилинаётган кераксиз дабдаба ва беҳуда харажатлар ҳам қуда-андалар ўртасида турли нохушликлар келтириб чиқараётганлиги бор гап.
Неча бора айтилишига, махалла фаоллари, имомлар, отинойилар томонидан доимий равишда тарғибот қилинишига қарамай, давом этиб келаётган, мусулмончиликка ва аждодларимиз урф-одатларига, бугунги кун талабига зид бўлган исрофгарчилик ва дабдабабозлик, тўқликка шўхлик давом этмокда. Нима учун бундай ножоиз йўлни танлаяпмиз? «Қачон тафаккур билан иш юритамиз?», деган саволлар очиқ қолмокда?
Айниқса, қиз чиқараётган оилаларга жуда ҳам оғирлик тушмоқда. Фарзандини балоғат ёшига етказиб, кўлидан иш келиб қолганида бировнинг хонадонига бериб юбориш ҳам осон иш эмас. Қолаверса, қиз фарзандга ўғил боладан ҳам кўра кўпроқ эҳтимом қилинади.
Ана, энди уни балогатга етгач, турмушга чиқаради. Аслида ҳаётимизнинг мазмуни ҳам шу Албатта, қиз боласи бор хонадон фарзанди эсини таниб улгурмасидан сандиқ тўлдиришни бошлайди. Бу сандиқ шунчалар «еб тўймас»ки, тўйгача қам тўлмайди. Қиз узатган хонадон қийналсада, бемаъни ва кераксиз урфларни адо этишга мажбур бўлади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, аввало, келин томон бировнинг гап-сўзига эътибор бермай ўз шароитини ҳисобга олган ҳолатда кўрпасига қараб оёқ узатмоғи, шариатимиз чегараларидан чиқмаслиги, исрофгарчиликка йўл қўймаслиги лозим. Лекин асосий муаммони ҳал қилиш куёв томондагиларга боғлиқ. Улар таъмагирлик қилмаса, қудаларни авайлаб иш тутса кўп нохушликларнинг олдини олиш мумкин.
Кўпчилик «ҳамма қиляпдию» деган гапни маҳкам ушлаб олган. Бу эса ўзлари хоҳламаган нарсани қилишга сабаб бўлади. Қачонгача хотинлар галвасини рўкач қиламиз? Аҳли аёлимизни йўлга солайлик. Ахир бир-бирларини қийнаш мусулмончиликдан эмас, Илоҳим, қиз чиқариб, ўғил уйлаш, қуда-андали бўлиш бар-чамизга насиб этсин. Тўйларни ўтказишда қудаларимиз доимо бир-бирларини тушуниб, яхши муносабатда бўлсинлар. Шундагина ҳаётимиз файзли, қилаётган ишларимиз баракотли бўлиши шубҳасиз.

Лутфилло Хўжамбердиев
Андижон тумани
“Қилич Бурхониддин” жоме масжиди имом-хатиби