Оила – бу муқаддас ошён. Оила аъзолари, хусусан эр ва хотин оила учун нафақат ўзларининг шахсий масалалари сифатида, балки бутун жамият муаммоси сифатида жавобгардирлар.  Чунки оила бутун жамиятнинг бир бошланғич бўлагидир. Оилада камол топажак ҳар бир авлод келажагимиз намоёндаларидурлар.

Оила жамият учун соғлом, фикри теран, ватанпарвар, комил ва етук инсонни тарбиялаб берар экан бу йўлда Аллоҳ таолонинг ҳузурида, халқ олдида, Ватан олдида юксак масъулиятни ҳис қилмоғи лозим. Бунинг учун эса, аввало оила бошлиқларининг ўзлари ахлоқ – одоб соҳиби бўлмоқлари керак.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади ‒ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Туғилажак фарзанд борки, фитратда туғилади. Сўнгра ота – онаси уни ё яҳудий қилади, ё насроний қилади ёинки мажусий қилади,‒дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Хўш, биз жамият учун, мустақил Ватан учун, ўзимизнинг келажагимиз учун қандай фарзандларни тарбиялаяпмиз?

Яна шуни ёдда тутишимиз лозимки, бизлар ўтмиш аждодлар ила келажак авлод ўртасидаги кўприклармиз. Шунинг учун ҳам аввало ўзимиз аждодлар анъаналарига содиқ бўлган ҳолда бу туйғуни авлодларга соғлом тарзда етказишимиз керак. Ўзимизнинг миллийлигимизни, қадриятимизни, динимизни, урфу одатларимизни сақлаб, омонатни ўз эгаларига топширмоғимиз даркор.

Аммо биз ҳақиқатан ҳам шундай масъулиятлик вазифани адо этмоқдамизми? Биз фарзандларимизга қандай маънавий бойлик бермоқдамиз? Улар кимга тақлид қиляпти?  Ахир бизнинг ўз миллийлигимиз, динимиз, ўзбекона одамгарчилигимиз ҳар қанча фахр қилса арзигулик бўлиб туриб, бошқа халқларнинг турмуш тарзини ҳавас қилишга қандай асосимиз  бор?

Яқин йилларда ҳам ахлоқ одоб ўта юқори даражада эканлигидан эркак киши оилада, бола-чақа олдида ҳам майка кийиб юргани ҳаё қилар эди-ку?! Қўни-қўшнида нимадур етишмовчилик бўлиб қолса оталаримиз ўзбекларгагина хос тантилик билан ҳеч кимга маслаҳат ҳам солиб ўтирмасдан уйда турган тахтами, бошқами бериб юбормасмиди?!

Бу саволни ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ўзига қайта – қайта бермоғи лозим. 

Фарзандларимизни маънавий дунёқарашининг шаклланишида жуда ҳам эътиборлик бўлишимиз керак. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасида марҳамат қилади:

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِّمَن كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيراً

Яъни: . Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”.

Бизнинг фарзандларимиз кимдан намуна олмоқда? Нега биз халқимиз маънавиятига зид бўлган халқларнинг “маданияти”га тақлид қилаётган фарзандлармизни кўриб ташвишланиш ўрнига, уларнинг ортидан  фахр ва ифтихор билан жилмайиб турибмиз? Бу аҳволда эртанги кунимиз қандоқ бўлишини бир кўз олдимизга келтирмасак бўлмайди.

Туғилишимиз биланоқ ўнг қулоғимизга азон, чап қулоғимизга иқомат – такбир айтилса, ҳолбуки у пайтда бизда мутлақо жавобгарлик йўқ гўдак бўлганмиз. Вафот этишимиз биланоқ ювиб, кафанлаб, жанозамизни ўқиб ҳурмат эҳтиром билан дафн қилишса, ҳолбуки у пайтда ҳам жавобгарлик кўтарилиб кетган бўлади.

Ҳаётимизнинг ибтидоси – МУСУЛМОНЧИЛИК, интиҳоси – МУСУЛМОНЧИЛИК, бу иккиси бизнинг ихтиёримиздан ташқари ҳолат, ихтиёр ўзимизда эканлигида номусулмоннинг ишини қилишимиз керакми? Номусулмонга эргашиб, номусулмонга тақлид қилишимиз керакми?

Озгина тафаккур борми?

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими