Аждодларимизнинг миллий ва диний қадриятлар сарчашмаси бўлган бой тарихий меросни келажак авлодга чуқур ўргатиб, ёшлар онгига сингдирмоқ керак. Зеро, тарих сабоқлари барчани ҳаёт воқеа-ходисаларига нисбатан онгли муносабатда бўлишга ундайди. Болаларнинг мурғак қалбида Ватанга меҳр туйғуларини, бугунги кун қадрига етиш ҳиссини уйғотиш масъулияти эса ота-оналар, тарбиячи-мураббийлар зиммасидадир.
Ёшларимизни она Ватанга садоқатли қилиб тарбиялашда аввало, имон-эътиқод, меҳр-оқибат, диёнат, адлу-инсоф, орият ва ғурур каби эзгу фазилатларни шакллантириш аҳамиятли ҳисобланади. Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус, диёнат каби умрбоқий қадриятлар халқимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетган. Афсус, бугунги тез ўзгарувчан даврида ана шу бобомерос кадриятларимизга болта урушга уринаётган «оммавий маданият»ни тарғиб қилаётган айрим ғаламислар ёшларимизга турли ёт ғоялар, маънавий бузуқлик ва ахлоқсизликларни сингдиришга уринаётгани ҳеч кимга сир эмас. Умар ибн Хаттоб розияаллоҳу анҳу: “Аввал одоб, сўнг таълим беринглар”, деган бўлсалар, Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи аълайҳи: Агар менга бир кишини аввалги ва охиргиларнинг илми бор деб сифатлашсаю, унда одоб бўлмаса у билан учрашмаганимга афсусланмайман, агар бир кишини нафс одоби бор деб эшитсам, унга йўлиқишни орзу қиламан учрашмасам афсусланаман, деганлар. Ҳикматларда айтилишича «Одоб бир дарахтдур, илм унинг меваси. Агар дарахт бўлмаса, мева қаердан бўлсин», дейилади. Динимизда фарзанд тарбияси борасидаги белгилаб қўйилган муҳим қоидалардан яна бири болани ёшлигидан жамоатчилик орасида ўзини чиройли тута билиш одобларига одатлантиришдир.
Ислом таълимотида ёш авлодни жисмонан соғлом бақувват бўлиб улғайишига жиддий аҳамият берилган. Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишлари учун давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналар хам фарзандларни ёшлигидан одоб-ахлоқли, динига, ватанига садоқатлик қилиб тарбия қилмоқлик зарур. Мирзо Бедил ҳазратлари айтадилар:
“Аввал ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор,
Осмонга етса ҳам, қийшиқдир девор.
Аллоҳ ҳаммамизни одобу ахлоқда пешқадам қилсин.
Олтинкўл туман “Хондибоғи”
жоме масжиди имом хатиби
Мухаммадсидиқ Хожиматов