Одамларнинг энг яхшиси…

1086

Мусулмон киши нима учун яратилдию, нима қилиши лозимлигини яхши билади. Бу борада у кўнглига келганини эмас, балки Роббисининг каломи билан яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади: “ Мeн жин вa инсни фaқaт ўзимгa ибoдaт қилишлaри учунгинa ярaтдим.” (Зориёт-56)
Мусулмон киши Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилади.
Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилганлар: “Одамларнинг энг яхшиси бошқа одамларга фойдаси кўпроғидир” (Ибн Абид-Дунё ривояти).
Одамларга фойда етказиш энг улуғ солиҳ амаллардандирки, унинг ажри Аллоҳ таолонинг ҳузурида фақат банданинг ўзига наф берадиган нафл ибодатдан афзалдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дебдурлар: “Аллоҳ таолога энг севимли амал мўминнинг қалбига шодлик киритишдир: унинг ғамини кетказасан, ёки бирор қарзини адо этасан, ёки қорнини тўйдирасан. Менинг бир мусулмон биродарим билан бирор иши учун бирга юришим масжидда икки ой эътикоф ўтиришдан яхшироқ. Кимки ғазабини тийса, Аллоҳ унинг айбларини ёпади. Кимки аламини олишга қодир бўла туриб аччиғини ютса, Аллоҳ унинг қалбини розилик ва қаноатга тўлдириб қўяди. Кимки мусулмон биродари билан бирор иш учун бирга юрса, Аллоҳ унинг оёқларини Қиёмат куни собит қилиб қўяди” (Ибн Абид-Дунё ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунининг ташвишидан нажот топиш кимни ҳурсанд қилса, қийналган одамга ёрдам берсин!” деганлар (Имом Муслим).
Қиёматдаги машаққат ва қийинчиликлар ҳақида Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади:
“Эй инсонлар! Раббингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат зилзиласи улкан (даҳшатли) нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизикли она эмизиб тургани (боласи)ни унутар ва ҳар бир ҳомиладор ўз ҳомиласини ташлар ҳамда одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Ҳаж, 1-2).
Ёш болаларнинг сочи оқариб кетиши, катта ёшдагиларнинг маст ҳолатга тушиши, ҳомиладорларнинг бола ташлаши, буларнинг ҳаммаси ўша куннинг нақадар даҳшатли ва оғир кечишидан далолатдир (Шайх Абдулаиз Мансур).
Одамларга фойда келтириш орқали абадий ажрларга эга бўлиш билан биргаликда яхши ном қолдиришга ҳам муваффақ бўлинади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Одамларга фойда берадиган нарса эса ер юзида қолур” (Раъд сураси: 17-оят).
Зуҳайр ибн Хаббоб раҳматуллоҳи алайҳ фарзандларига васият қилиб шундай деди: “Болаларим, яхши ишлар қилингиз, одамлар қалбидан дўстлик ила жой олингиз. Шундайлар ҳам бўладики, молу дунёсидан мосуво бўлади, лекин шу билан кун кўриб, ҳатто бола-чақасига ҳам қолади”.
Одамларга наф келтириш хору зорлик ва ҳалокатдан тўсиқ ва ҳам гўзал хотимага эришмоқ йўлидир. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан сақлар”.
Яхшилик қилиш билан ўзаро меҳр-оқибат ва муҳаббатни зиёда қилибгина қолмай, балки Яратганнинг раҳматига ҳам сазовор қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшилик қилинглар, албатта Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни севади”, деб марҳамат қилган.
Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир” – деб таъкидланган.
Луқмони Ҳаким ўз ўғлига қилган насиҳатида қуйидагиларни айтган экан: “Ёмонликни ёмонлик қайтаради дегувчилар ёлғончидирлар! Агар ростгўй бўлсалар, икки жойга олов ёқиб, бири билан иккинчисини ўчирсинларчи. Ҳақиқатда эса, ўтни сув ўчиргани каби ёмонликни ҳам яхшилик қайтаради”.
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир хайрли ишимизда ният ва ихлосимизнинг тўғри бўлишига муваффақ қилсин!
Юртимизни тинч – осмонимизни доимо мусаффо айласин!

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.