Президентимиз ташаббуси билан шу кунларда юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жуда кўплаб хайрли ва савобли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан бизнинг диний соҳада ҳам бир қатор режалар, устувор вазифалар белгилаб олинган бўлиб, даставвал Ўзбекистон мусулмонлари Уламолар кенгашининг 2022 йил 1-март куни Баёноти қабул қилинди.

Баёнотда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни, динимизда кўчат экиш фазиларлари, юртни обод қилишликка бериладиган ажру-мукофотлар тўғрисида батафсил маълумот бериб ўтилган.

Дарҳақиқат азизлар, Ислом дини поклик, озодалик, ободлик узра қурилган муқаддас диндир.

Аллоҳ таоло инсонни барча нарсаларнинг энг шарафлиси қилиб яратди. Унга чексиз неъматлар берди. Ўзи яратган бу ажойиб оламни инсонга бўйсунадиган қилиб қўйди.

Дунёдаги ҳар бир нарса: сув ҳам, ер ҳам, тоғ ҳам, ҳайвоноту наботот ҳам Аллоҳ томонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган. Агар бу боғланиш бир оз бўлса ҳам бузилса, инсоният учун қатор жиддий муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир инсон дунёни, табиатни пок ва соф ҳолатда асраб-авайлашга ҳаракат қилмоғи лозим.

Муқаддас динимизда экин экиш улуғ ва савобли амаллардан ҳисобланиб, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Экилган кўчат ва ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбеҳ атиб туради.

Инсон ўзига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам худди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни «Зориёт» сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган: «Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз». Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Қароргоҳини пок сақлашга ҳаракат қилиш инсонийликнинг юксак чўққисидир.

Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб-авайлаши, балки унинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этишга ҳисса қўшиш олдимизда турган муҳим вазифалардан.

Мўмин яхши ният билан кўчат экса, улуғ ажр-савобга эга бўлади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси мусулмон экин экса, ундан ейилса, унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, унинг учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғли улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Кўчат экмоқчи бўлган киши нафақат ўзини, балки ён-атрофдагилар, келажак авлодларни ҳам манфаатини ўйлаши керак. Бу амалнинг деҳқонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаати етиб туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  умматларини кўчат ўтқазиш ва экин экишга тарғиб қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳаётимизда шу ер устида яшаётган бўлсак, вафот этганимиздан кейин ҳам шу ер бағрида ётамиз. Ўзимизнинг узоқ муддат масканимиз бўладиган бу ерни обод қилиш, ўзимиз ва келажак авлодларимиз учун фойдадир. Атрофимизни, табиатни турли зарарли чиқиндилардан ва ифлосланишдан сақласак, ўзимиз ва келажагимиз ҳаётини сақлаган бўламиз.

Баҳор мавсуми эса зироат, кўчат экиш фаслидир. Зеро кўчат экиб, деҳқончилик қилиш эса Одам (алайҳиссалом)нинг суннатидир. Пайғамбарлар тирикчилик учун касб-кор билан шуғулланишган. Одам (алайҳиссалом) ерни ҳайдаб, буғдой эккан. Ерни суғориб, ҳосил етиштирган. Буғдой туйиб, хамир қориган.

Биз азизлар бу кунларни ғанимат билиб, кўчат экиш ишларида фаол қатнашиб, хонадонимиз, юртимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшмоғимиз, атроф муҳинти тоза, озода, табиий ободлигини сақлашимиз, кўчат экиб юртни кўкалам юртига айлантирмоғимиз хозирги кунинг муҳим ишларидан ҳисобланади.

Айни дамда биз диний соҳа ходимлари ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимиздаги барча масжидларга, мадраса, қабристон ва зиёратгоҳларга бир қанча дов-дарахтлар экиб, юртимизнинг яшил макон бўлишлигига муносиб ҳиссамизни қўшмоқдамиз.

Жумладан, шу кунга қадар вилоятимиз бўйлаб имом-хатибларимиз ва отинойиларимиз бошчилигида 4мингдан ортиқ мевали ҳамда 3мингдан ортиқ манзарали дархтлар экилиб, вилоятимизнинг яшил макон бўлишлиги йўлида муносиб қадам ташланди.

Келинг азизлар бирлашайлик!

Бирлашганда ҳам муқаддас динимиз таълимоти атрофида бирлашайлик. Динимиз буюрган ободлик сари кўчат экиб, атроф муҳитни ободлиги йўлида бирлашайлик.

Ҳар биримиз оила аъзоларимиз билан дов-дарахт экиб, кўчат ўтказиб, ўзимиздан садақаи-жория ўлароқ юртимиз, манзилу-маконларимизнинг кўркам, обод диёрга айлантиришга муносиб ҳиссамизни қўшайлик.

Зеро ободлик кўнгилдан бошланади. Кўнглимизнинг обод бўлишлиги учун атроф муҳитга қўлимиздан келганича кўчат экиб, ундан муносиб бахра олайлик. Юртимизнинг кўкалам диёрга айлантиришга муносиб ҳиссамизни қўшайлик.

 

Андижон вилояти бош имом-хатиби

Мирзамақсуд домла Алимов