Халқимиз шундай халқки, бошга ташвиш тушганда асқотади. Бунга минг йиллик тарих гувоҳ бўла олади. Аслдиа мусулмон инсон ана шундай сифатда бўлиши ҳам керак.
عن بن عمر قال : لقد اتى علينا زمان أو قال حين وما أحد أحق بديناره ودرهمه من أخيه المسلم ثم الآن الدينار والدرهم أحب إلى أحدنا من أخيه المسلم سمعت النبي صلى الله عليه و سلم يقول كم من جار متعلق بجاره يوم القيامة يقول يا رب هذا أغلق بابه دونى فمنع معروفة
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтдилар: “Бизга шундай замонлар (ёки “дамлар” деди) келган эдики, ҳeч бир киши ўз динор ва дирҳамида мусулмон биродаридан ҳақлироқ эмас эди. Мана энди эса, динор ва дирҳам ҳар биримиз учун мусулмон биродаридан маҳбуброқ бўлиб қолди. Мeн Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
“Қанча қўшнилар борки, қиёмат куни қўшнисига осилиб: “Эй Раббим! Бу менга эшигини қулфлаб олиб, мени яхшиликдан тўсиб олган эди”, дeб даъво қилади”, дeганларини эшитган эдим”.
Бизнинг оталаримиз эмасми, қўшниси қурилиш қилаётиб, бирор нарса етмай қолса: “Бор, бизнинг уйимизга кир, шундай киришингда дарвозанинг ўнг томонида тахталарни тахлаб қўйганмиз. Керагини олиб чиқ!” деган?
Бизнинг оталаримиз эмасми, Иккинчи жаҳон урушида меҳру-оқибатига бутун олам тасанно айтган? Шоир айтганидек:
Боболардан сўзладим, аммо
Бир зот борким, баридан суюк:
Буюкларга бахш этган даҳо,
Она халқим, ўзингсан буюк.
Сен ўзингсан, энг сўнгги нонин
Ўзи эмай ўғлига тутган.
Сен ўзингсан, фарзандлар шонин
Асрлардан опичлаб ўтган.
Она халқим, жон-таним маним,
Ўзбекистон, Ватаним маним.
Бироқ, шолининг ичида курмак ҳам бўлар экан. Бутун инсоният манфаатидан ўз нафсини устун қўйган, охиратини унутган, виждонини ютган кимсалар ҳам йўқ эмас экан. Шундай кунда улар билиниб қолди. Гўёки ҳаммага келган ташвиш унга даромад топиш учун қулай имконият.
Худога шукурки, ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида қилинган тадбирлар туфайли барчасинин олди олинди. Шунингдек фаол жамоатчилик ҳам ўз вазифаларини адо қилиб бозорларда нарх-наволарни тартибга солиш учун ўз ҳиссасин қўшмоқда.
Асака туманидаги “Ҳазрат Умар” масжиди имом хатиби М. Иминов ва масжид ходимлари ҳам Асака шаҳридаги бозор ва дўконларда тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. Сотувчиларга бундай вақтларда оқибатни унутмаслик ҳақида насиҳатлар қилишмоқда.
Суратларда мазкур ҳолатлар акс этганини кўришингиз мумкин.
Улуғбек қори Йўлдошев
Асака туман
“Холид ибн Валид”
жоме масжиди ходими