НОШУКУРЛИК –ЖИНОЯТ ВА ФАҚИРЛИК АСОСИ

681

Одамзотнинг табиати қизиқ. Баъзида  иши орқага кетиб муҳтожликка юз тутса, билиб-билмай  хато қилса  ва ёҳуд жиноят кўчасига кириб қолса сабабини ўзидан эмас, атрофдан излайди  ҳамда Яратганга ёзғиради. “Мени қайси гуноҳим учун бу куйга солдинг?”, дейди. Ва аксинча, омад илгидан тутиб давр сурганида, мол-давлат тўплаганида ўзига қойил қолиб нафақат ўзлигини, балки Худони ҳам унутади. Бу ҳудбинликнинг оқибатида нафс  янада ҳаккалак отади. Хом сут эмган банда эришган бойлигини кўпайтириш учун ҳар қандай  йўлдан қайтмай  қўяди. Айни жиҳат уни тубанлик  ва қатор жиноятларга ошино қилади.

Ҳудди шундай  ҳолатдаги киши бойлик учун коррупциядан, ўғирлик  ва порахўрликдан, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан  тап тортмайди. Унинг кўзига фақатгина бойлик  кўринади ва қалб зиёси сўнади. Одамзот феълдаги бу каби иллатлар  хусусида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Имом ал-Бухорийнинг ислом оламида Қуръони каримдан кейинги муқаддас ва шарафли манба  сифатида қадрланадиган   “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” ҳамда “Ал-адабу-л-муфрад”  асарларида кўп ибратли мисоллар келтирилган. Жумладан,  “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” китобида бу каби кимсалар хусусида шундай дейилади:

“Бу мол-дунё деган нарса ҳайвон кўзини ўйнатадиган кўм-кўк, ширин ўт-ўлан каби фусункор ва лаззатлидир. Кимки нафсини тийиб, эҳтиёжига ярашасини олса, баракали бўлади ва кимки очкўзлик қилиб, эҳтиёжидан ортиғини олса, бебарака бўлади. Бундай одам мечкай ҳайвон кабидир, меҳнат қиладиган қўл тиламчи қўлдан яхшидир”.

Баъзи одамлар бирданига бойиб кетса  босар тусарини билмай қолади. Ўтмишини унутади. Беш тўрт тангалик  бўлиб олиб янада фаровон ҳаётни орзулайди. Хотинни  иккита  қилади,  учинчисига кўз олайтиради. Пировардида қўша  хотинлар орасидаги мезонни эплолмай  қолади. Яна бошқалар эса бошқа аёл учун ўз хотини, фарзандларидан  воз кечишгача боради. Буларнинг асоратида болалар тирик етим  қолади. Кечаги бойвачча энди ўз  пуштикамаридан бўлган болага алимент тўлашдан бўйин товлайди. Унинг тафаккурида оила деган  муқаддас тушунча, фарзанд ва унга меҳр бериш, раҳмдил бўлиш каби хислатлар ўрнини нотавонлик эгаллайди. Уларга ибрат хусусида эса “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” китобида шундай дейилган:

“Аллоҳ  таоло ўз раҳматини юз бўлак қилиб яратиб, тўқсон тўққиз  бўлагини ўзида сақлаб қолди. Унинг бир бўлагини ерга нозил қилди. Оллоҳ  таолонинг ерга нозил қилган ана шу бир бўлак раҳмати туфайли бутун борлиқ  ўзаро  раҳмдиллик қилғайдир. Ҳаттоки от ҳам боласини майиб қилиб қўйишдан чўчиб, туёқларини эҳтиёткорона кўтариб боради”.

Шунингдек, Имом ал-Бухорийнинг мазкур китобида “Иш нолойиқ одамларга топширилганда, қиёмат бўлмоғини кутавер”, деган ибратли ҳадис ҳам бор. Бундан маъни шуки, ҳозирда фақатгина нафси куйида мансаб сари интилган кимсалар оқибатда коррупция ботқоғига ботиб шарманда бўлаётганлиги, бунинг натижасида ўша тизим ва соҳа  таназзулга учраётганлиги, жамият ва хадлқ  манфаатларига путур етаётганлиги  кўриш мумкин.

Шундай экан, бугун аввало кўрган кунимизга, эришган ризқимизга шукр қилайлик. Ҳалоллик  ва эзгулик шиоримиз бўлсин. Зеро, ношукурлик барча балоларнинг боши эканлиги ҳақ гап.

Абдулаҳад қори ТОЖИБОЕВ,

Бўз тумани  бош имом-хатиби.