Дейдиларки, бировнинг номусини қадрламаган кимсада номус йўқдир. Номусли одам бошқаларнинг номусини ҳам муқаддас деб билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: “Хотинларингизнинг номусли бўлишини истасангиз, бошқаларнинг хотинларига ёмон кўз билан боқмангиз”, деб буюрганлар. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоби билан суҳбатда эдилар. Бир йигит кириб келди ва одобсизлик билан:

“Ё Расулуллоҳ! Мен фалончи аёл билан яқинлашмоқчиман, у билан зино қилмоқни истайман”, — деди.

Бу беодобликдан асҳоблар хафа бўлдилар ва ғазабланиб, йигитни уриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан чиқариб ташламоқчи бўлдилар. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга асло йўл қўймадилар. Суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитни ёнларига чақирдилар. Тиз чўктириб ўтқиздилар. Йигитнинг тиззаларига ўзларининг муборак тиззаларини теккизиб ўтирдилар ва:

“Эй йигит, бировнинг онанг ила бундай ёмон иш қилишини истайсанми? Бу жирканч ҳаракат сенга хуш келадими?” — деб сўрадилар. Йигит шиддат билан:

— Йўқ, эй Аллоҳнинг расули – деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Ундай бўлса, у билан бирга бу жирканч ишни қилмоқчи бўлган аёлнинг авлодлари, яқинлари бундан ҳурсанд бўлмайдилар. Агар бу хунук ишни сенинг онанг, синглингга қилсалар яхшими?  Ёки холанг, амманг ва ёки қариндошларингдан бири ила шу ишни истасалар яхши кўрасанми? — деб сўраганларида йигит ўрнидан сапчиб туриб:

— Йўқ, деб жавоб берди. Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Бошқа одамлар ҳам бу ишдан хурсанд бўлмайдилар ва ҳеч бири буни яхши кўрмайди, — дедилар ва яна сўрадилар:

-Айтгинчи, синглингни шундай қилсалар, суюнасанми? Йигит:

— Йўқ, асло! — деди қатъий ва ҳеч ким билан. Бундай ишни хуш кўрмаслигини айтди. Шундан кейин Ҳазрат Пайғамбиримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини йигитнинг кўкрагига қўйиб, бундай дуо қилдилар:

— Аллоҳим! Сен бу йигитнинг қалбини покиза қил. Номуси ва шарафини муҳофаза айла ва гуноҳларини кечир. Йигит Расулуллоҳ ҳузурларидан ҳурсанд бўлиб чиқди. Масаланинг гўзал ечимидан, ҳамма лол қолди.

Қиссадан олинадиган хулоса шуки, агарда нафсимиз ғолиб келиб, шайтон васваса қилиб, шундай никоҳдан ташқари жирканчли хоҳиш пайдо бўлиб қолса, дарҳол ўз аёлимиз, онамиз ёки опа-сингилларимизни эсласак, шахвоний хирс ўз-ўзидан ғоиб бўлади экан. Демак, ҳеч бир кимсанинг номусига ёмон кўз билан қарамаслигимиз лозим экан. Номуссизлик инсонни ақлини йўқотиб, тўғри йўлдан адаштиради экан. Аллоҳим! Бизларни гуноҳларимизни кечир, қалбларимизни покиза ҳамда номуси ва шарафимизни ўзинг муҳофаза қилгин. Омин!

Искандар домла Ортиқов,

Олтинкўл тумани “Далварзин”

жоме масжиди имом-хатиби