Бизлар имтиҳон дунёсининг меҳмонларимиз. Унутмайликки, имтҳондан ўтиш учун бериладиган имконият бир марталикдир. Дунё айвонидаги ўқиш имтиҳонлари каби яна бир бор имконият берилмас.
Шундай экан, эртага Аллоҳнинг ҳузурида туришимиз, ҳар бир қилган ишимиз учун ҳисоб беришимизни унутмайлик. Арзимас дунё матоси учун охиратимизни сотиб юбормайлик.
Айниқса, бугуни пандемия шароитида мусулмонлар ўзларининг ҳамжиҳатликларини намоён қилишлари керак.
Кейинги кунларда дорихоналарда дори-дармонларнинг нархлари сунъий равишда кўтарилаётганининг хабарларини эшитмоқдамиз. Ҳолбуки, мўминлар бундай кунларда ўзларининг саховатларини намоён қилиш келди.
Қани, беҳуда дабдабаларга миллионлар сарфлаб, ҳаммага ўзининг саховатини кўз-кўз қилганлар?
Қани, исрофгарчиликда бир-биридан ўзишга мусобақа қилганлар?
Наҳотки мусулмон киши бошқа мусулмонларнинг бошига келган ташвишдан ҳам жиғилдонлари учун фурсатдан фойдаланиб қолишнинг пайида бўлса?
Ахир мўминларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ака-ука деб таърифлаган эмасмиди?
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ
Яъни: “Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот, 10)
وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Яъни: “Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрарлар, ёмонликдан қайтарарлар, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиларлар”. (Тавба, 71)
Мўмин киши ўзининг биродарига хиёнат қилурми? Дўстининг кўзига чўп солурми?
Ярмук ғазотида мусулмонлар ҳақиқий биродарлик намуналарини намоён қилдилар. Ҳузайфа Адавий шаҳид бўлганлар орасида сув кўтариб олиб амакисининг ўғлини қидирар экан унинг:
- Бир қултум сув ичсам эди, – деб инграётганини эшитиб қолди.
Шошилиб у томон борди ва энгашиб:
- Сув ичириб қўяйми? – деб идишдаги сувни унинг оғзига тутди.
У энди ичмоқчи бўлган эди, яна бошқа бир одамнинг:
“Оҳ! Сув бўлса эди, ичар эдим” деб инграгани эшитилиб қолди. Ҳузайфа разияллоҳу анҳуга:
“Сувни ўшанга олиб бор” деб ишора қилди. Ҳузайфа қараса Ҳишом ибн Ос экан. Ҳишом энди сув ичмоқчи бўлган эди учинчи одамнинг инграганини эшитиб қолди.
У ҳам сувни ўша ҳамроҳига илинди. Ҳузайфа учинчи кимсага югурди. Аммо бориб қараса, жони узилган экан.
Дарҳол қайтиб Ҳишомга келди. У ҳам жон топширган. Амакисининг олдига келди. У ҳам шаҳид бўлган эди.
Ҳақиқий имон эгалари охирги нафасда, ўзлари ўта муҳтож бўлиб турган пайтда ҳам ҳақиқий исломий дўстликни намоён қилдилар. Бугунги синов кунида ҳам мўминлар ўзларини кўрсатмоқдалар.
Мана, энди ўзини мўмин деган инсонларнинг намуна ва ўрнак бўлиш пайти келди:
سَابِقُوا إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاء وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَن يَشَاءُ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ
Яъни: “Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир”. (Ҳадид. 21)
Ҳа, меҳр-оқибат учун мусобақа пайтидир, бугун.
Шаҳобиддин домла Парпиев,
Асака тумани бош имом-хатиби