НАМОЗНИНГ ҲИКМАТЛАРИ

1392

Ҳаммамиз намоз диннинг устуни ва мўминнинг меърожи эканини яхши биламиз. Бу улкан ибодатнинг қадр-қиммати ва фазлу баракотини ҳам яхши биламиз.

Намоз, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.

У банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.

Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.

Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади.

Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ола билмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард-ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Ҳеч бўлмаганда банда дардини тўкиб солиб, ҳузур қилади.

Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Иккинчидан намоз ютуқлар ва нажот йўлидир.

Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўлидир.

Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.

Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.

Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.

Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан қутилиб, ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.

Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.

Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.

Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазилатларга эга бўлишига, турли разолатлардан ҳоли бўлишга олиб боради.

Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир.

Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир.

Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради.

Жамоат намози кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган муҳим омилдир. Намозда ким бўлишидан қатъий назар, бир жойда, бир сафда туради, бир хил амални бажаради ва намозхонлар бир Аллоҳга банда эканликлари изҳор қиладилар.

Жамоат намози мусулмонларнинг сафлари ва гап – сўзлари бир эканини кўрсатади.

Намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниш, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади.

Жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, унсу улфат орттирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир – бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.

Жамоат намозида қатнашувчилар бир – бирларига ёрдам бериш билан бирга хатоларини ҳам тузатадилар ва бошқа кўплаб ўз жамиятлари учун керакли ишларни амалга оширадилар.

Намоз мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи асосий белгидир. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.

Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир.

Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Қолаверса, бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга ҳам сир бўлмай қолди.

Намознинг фойдаларини қатор оят ва ҳадисларда батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло: «Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», деган. (Нисо: 103)

Ушбу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг биридир. Ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.

Яна: «Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир», деган (Анкабут: 45).

Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга оятда намознинг ҳикматларидан бири, ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши ҳам таъкидланмоқда.

«Модомики, банда ўз намозида бўлса, унинг бошидан албатта, яхшилик ёғилиб туради».

Намозхон намоз ўқир экан, Аллоҳнинг раҳмати унинг устидан тинмай ёғилиб туради, Аллоҳнинг раҳматидан насибасиз қолмайлик….

Манбалар асосида Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом  ноиби Мухаммадкуддус Абдулманнон тайёрлади.