Намознинг сифати

700

Қиёмат бўли амаллардан сўралганда аввалги сўроқ намоздан бўлади деганлар. Мусулмон учун энг биринчи галдаги ибодат ҳам айнан намоздир. Намоз жаннатнинг калити. Намоз – дўзахдан қалқон. Намознинг яна кўплаб фазилатлари бор.

Намозларни тўла адо қилгувчиларнинг охиратдаги мартабаси юқори бўлгани каби дунё мартабасидан ҳам бенасиба қолмаслар. Ҳозирги кунда ҳам намоз ўқигувчи киши бошқаларга нисбатан сезиларли даражада эъзозланиши фикримизга далилдир. Лекин асл манба будир:

Абу Умома разияллоҳу анҳу айтади:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам иккита қул болани олиб келдилар-да, бирини Али разияллоҳу анҳуга бериб:

“Буни урма, чунки биз келганимиздан буён унинг намоз ўқишини кўрдим. Намоз ўқийдиган кишини уришдан Аллоҳ мени қайтарган”, дедилар.

Иккинчисини Абу Зарр разияллоҳу анҳуга бериб:

“Бунга яхшилик қил, хайрихоҳ бўл”, дедилар.

Абу Зарр у қул болани озод қилиб юбордилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Заррга:

“Қул бола қалай?” – деб сўраганларида, у киши:

“Бунга хайрихоҳ бўл, деган эдингиз, мен уни озод қилиб юбордим”, дедилар”.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, намознинг арконларини чиройли адо қилмоқ зарур. Кўпинча дунё ишлари билан хаёлимиз банд бўлиб, намозга бепарво бўлиб қоламиз. Нима қилиб бўлса ҳам тезроқ намозни тугатиш пайида бўлиб қоламиз.

Тўғри, бу ҳам Худодан қўрқишимизнинг бир белгиси, лекин намозда бунчалик шошқалоқ бўлиш ярамайди. Имом Ғаззолий ўғли тимсолида бутун мусулмонлар оммасига насиҳат қилар экан (Эй, фарзанд. Абу Ҳомид Ғаззолий. зиёуз.сом кутубxонаси), намозга бепарволик ҳақида шундай дейди:

“Намознинг руку, сажда ва бошқа рукнларини амр этилганидек, ўз жойларига қўйиб ўқимоқ керак. Саодат асрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир намозxоннинг руку, саждаларга эътиборсизлигини кўрдилар ва  дедилар:

«Бу киши намозларида шундай давом этсалар, «ярим» ҳолда кетадилар ва ҳеч қандай фойда кўролмайдилар».

Намоз рукнлари жой-жойига қўйилиб, амр қилинганидек ўқилмаса, баъзи тақиқларга кўра, намозликдан чиқади. Намозни мазаx қилгандай бўлади. Тўғри намоз ўқимаган кишининг динида xайр бўлмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Намоз – дин устуни. Уни мукаммал ўқиган динни мукаммал қилган, уни бузган динни бузган бўлади. Намоз — мўминнинг меърожидир». 

Намозни енгил-елпи иш санамаслик керак. Ботинида, зоҳирида диққат-эътибор этиладиган муҳим xусусиятлари бор. Намоз намозxонни Парвардигор ҳузурига кўтаргувчидир. Намоз ўқиш Ҳақ ҳузурига чиқиш демакдир. Намозда кимнинг ҳузурида турганимизни асло унутмаслигимиз, зоҳиру ботинни тузатиб турмоғимиз керак бўлади.

Зоҳирий тузатиш жойни, либосни, баданни пок тутиш бўлганидек, ботинини тузатиш эса, маънавий кирлардан тозаланиш, турли xаёллардан узилишдир. Энг юксак кўнгил поклиги — кўнгилни дунёдан узишдир. Чунки намоз – изҳори дилдир. Намоз — роз, розилашишдир, сирлашишдир, кўнгил фориғлигидир.

Намоз — кўнгилни покловчидир. Кўнгил _ Аллоҳ назаргоҳидир. Шунинг учун орифлар, сўфийлар намоздан ташқарида ҳам кўнгилни пок тутадилар. Намоз инсонни шундай софликка, мусаффолик осмонига кўтаргувчи амал.

Баъзан зоҳирий покликдан ботиний покликка келинади. Баъзан аксинча, ботиний поклик зоҳирда намоён бўлади, иккаласининг баробар келиши комилликдирки, бу билиш, таниш билан бўлади. Аллоҳни таниш ҳақиқий
маърифатдир. Шунинг учун ҳам ориф — маърифатли инсонлар, комил инсондир.

Намоз шу даражаларга кўтаргувчи ёки кўтарилиш учун воситадир. Намоз — гўзалдир ва гўзалликдир. Гўзалликнинг ҳақиқати эса покликдир. Зоҳирий ва ботиний поклик.

Аллоҳ таоло Одамни (алайҳис салом) яратиб, малоикаларга унга сажда қилишни амр этди. Барча фаришталар амрга мувофиқ, Одамга (алайҳис салом) сажда қилдилар. Фақат иблис бу амрга қарши бош кўтарди. Яъни сажда
қилмасдан лаънатланди ва жаннатдан маҳрум бўлди.

Маълумки, унда сажда Одамга (алайҳис салом) эди. Ҳолбуки, кунда беш марта қилиниши керак бўлган, яъни амр этилган сажда барча оламлар Парвардигори Аллоҳгадир, бу эса намоз билан адо этилади. У ҳолда намозини тарк этган бир кимсанинг аҳволи Иблисдан баттарроқ бўлмайдими?! Бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!”

Сулаймонов Абубакр

Мархамат тумани

“Марҳамат”

жоме масжиди имом-хатиби