Намоз арабчада “Солат” дейилиб, луғатда яхшиликка дуо маъносини англатади. Шариатда эса: “Такбир таҳрима ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган махсус шартлари бор гаплар ва ишлар намоздир”. Намоз Исро кечасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган.
Намоз, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.
У банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.
Аввало намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Иккинчидан намоз ютуқлар ва нажот йўлидир.
Учинчидан, намознинг намозхонлар жамиятига келтирадиган фойдалари ҳам жуда кўпдир.
Маълумки, намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзалдир.
Жамоат билан намоз ўқиш намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди. Куч жамоатда эканини англатади. Ижтимоий боғланиш, ҳамкорликни кучайтиради.
Жамоат намози орқали мусулмонлар бир бирлари билан танишиб, унсу улфат ортдирадилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга одатланадилар. Улар жамоат намози туфайли бир-бирларининг ҳолларидан хабар оладилар. Ичларида бемор, мазлум, ҳожандмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.
Жамоат намозида қатнашувчилар бир-бирларига ёрдам бериш билан бирга хатоларини ҳам тузатадилар ва бошқа кўплаб ўз жамиятлари учун керакли ишларни амалга оширадилар.
Тўртинчидан, намоз поклик рамзидир.
Намозхон одамнинг энг аввало қалби пок бўлади. қолаверса бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса. Намоз банда билан Аллоҳ орасидаги алоқабўлганлиги учун намозимизни савоблардан маҳрум қиладигон амаллардан сақланган ҳолда адо этмоғимиз зарурдир.
Намоз ўқиётганда қуйидаги ишларни қилиш ман этилади:
1. Бисмиллаҳни жаҳрий айтмоқ.
2. Аминни жаҳрий айтмоқ.
3. Юзни ўнг ёки чап тарафга қаратиш.
4. Осмонга қараш.
5. Қўлларини боғлаган ҳолатда аёлларга ўхшаб кўкрак билан баробар қўйиш.
6. Икки оёқ ораларини катта очиб, кибр ва манманлик билан турмоқ
7. Фарз намозларида бирон нарсага узрсиз суяниш.
6. Рукуъда, саждада оёқ ёки қўл бармоқларини ердан кўтариш.
7. Қаъдада икки оёқни тик қилиб товон устида ўтириш.
8. Бадани ёки кийимини кўп ўйнаш.
9. Саломни фақат бир тарафга бериш.
10. Намоз вожибларидан бирини қасдан тарк этиш. Масалан, фарз намозларининг биринчи, иккинчи ракатида Фотиҳани қироат қилмаслик, қаъдада ташаҳҳудни ўқимаслик ва ҳоказо.
НАМОЗДАГИ МАКРУҲ АМАЛЛАР
1. Намоз суннатларидан бирини атайин тарк этиш. Масалан, такбири таҳримадан кейин санони ўқимаслик, рукуъда, саждада тасбеҳ айтмаслик ва ҳоказо.
2. Мусҳаф тартибига тескари қироат қилиш. Масалан, биринчи ракатда Ихлос, иккинчи ракатда Масад сурасини ўқиш.
3. Қисқа суралар ўқиганда орада бир сурани ташлаб кетиш. Мисол учун, биринчи ракатда Қурайш, иккинчисида Кавсар сурасини ўқиш.
4. Фарз намозларининг бир ракатида бир сурани икки марта ўқиш.
5. Доим бир сурани ўқиш, бошқаларини тарк этиш (Лекин, “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда кўпроқ шу сураларни қироат қилганлар”, деган нияти бўлса, макруҳ эмас).
6. Намозни хушуъсиз, бепарво ўқиб қўйиш.
7. Намоз ўқиётган одамнинг сажда қилишга халақит бермайдиган майда тошларни суриб ташлаши (Ҳадисда айтилганидек, бир марта сурса бўлади).
8. Агар сажда ўрни тупроқ бўлса, намоздан чиққач пешонани тозалаб артиш.
9. Эркаклар сажда қилаётганда икки билагини ерга, қорнини тиззасига текказиши.
10. Эркаклар намоз вақтида сочни турмаклаб олиши.
11. Қиёмда қўлни белга қўйиш.
12. Намоз ўқувчи кийимини осилтириб ёки елкасига ташлаб ёхуд йиғиштириб, енгини шимариб олиши.
13. Амали касир қилмаган ҳолда кийимни узрсиз тўғрилаш (Жумладан, саждага бораётганда қўли билан шимини кўтариш), бармоқларини бир-бирининг ичига киргизиш, танасининг айрим жойларини беҳуда ўйнаш. Чунки бу нарса хушуъга халал беради.
14. Дангасалик ёки кибр туфайли бош кийимсиз намоз ўқиш (Аммо, Аллоҳ ҳузурида ўзини хор тутиш ниятида бошяланг ўқиш макруҳ эмас).
15. Қорин жуда оч пайтда намоз ўқиш. Бунда аввал озроқ таом еб, нафс қондирилади. Кейин хотиржам ҳолда намоз ўқилади.
16. Фикрни чалғитувчи нарсалар қаршисида намоз ўқиш.
17. Ҳожатхонага бориш зарурати туғилганда ёки ел чиқиши танг қилиб турганда ўзини мажбурлаб ушлаб туриш.
18. Кўзини беҳуда юмиб олиш. Агар хушуъ ҳосил қилиш учун юмса, ҳечқиси йўқ.
19. Жаноза намозида такбир айтилганида бошини кўтариш.
20. Имомнинг жамоатдан фарқли даражада баландда туриши.
21. Намоз ўқувчининг – сафда бўш жой бўла туриб – кейинги сафда туриши.
22. Намозхон олдида, ён тарафида, кийимида, саждагоҳида жонли нарсалар сурати бўлиши (Агар сурат орқада бўлса, жуда кичик ёки боши ўчирилган бўлса ёки жонсиз нарсалар сурати бўлса, зарари йўқ).
23. Оловга қараб намоз ўқиш. Чунки бунда намозхон мажусийга ўхшаб қолади (Бироқ, меҳробда чироқ туришининг зарари йўқ)
24. Намозхон олдидан биров ўтиши эҳтимоли бор жойда сутра қўймасдан намоз ўқиш.
25. Кир, эски иш кийимида намоз ўқиш.
26. Намозда турган ҳолида оятларни, тасбеҳларни бармоқ билан санаш.
Мазкур амаллар билан намоз бузилмайди, лекин қусурли бўлиб қолади. Шунинг учун намозхон бундай ишлардан сақлангани маъқул.
Намозимиз қанчалик мукаммал бўлса қабул бўлишлик ҳолатига ҳам яқин бўлади. Аллоҳим барчаларимизга намозларимизни мукаммал адо этишни насиб айласин, ожизлик билан қилаётган ибодатларимизни қабул этсин!
Жалақудуқ туман
“Қутайба ибн Муслим” жомеъ
масжиди имом – хатиби: М. Жумабоев