Намоз банданинг Аллоҳ билан боғланишидир

1236

Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ола билмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард-ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Ҳеч бўлмаганда банда дардини тўкиб солиб, ҳузур қилади.
Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади. Намоз Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига банда шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари жуда кўпдир.
Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир.
Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, У зотга муножот қилади, барча дардларини тўкиб солиб, руҳий, маънавий лаззат олади.
Бу дунёда ҳаёт кечираётган одамнинг ўзига яраша дарди ҳасратлари бўлади. Уларни бошқа одамларга айтса, ёрдам ола билмаслиги мумкин, қолаверса, улар сирини бошқаларга фош қилиб, дард устига чипқон бўлишади. Дард-ҳасратни Аллоҳ таолога айтилганда эса Аллоҳ ёрдам беради ва сирни фош қилмайди. Ҳеч бўлмаганда банда дардини тўкиб солиб, ҳузур қилади.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Банда ўз намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Намоз доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди. Фақат Аллоҳдангина иззат талаб қилишга ўргатади.
Намоз инсонни бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади.
Намоз ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.
Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан қутилиб, ушбу ҳаётдаги ўз масъулиятини сидқидилдан адо этадиган бўлади.
Намоз кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий сифатларга эга бўлади.
Намоз ўз эгасини юксак инсоний фазилатларга эга бўлишига, турли разолатлардан ҳоли бўлишга олиб боради.
Намозхон одамнинг энг аввало, қалби пок бўлади. Қолаверса, бадани, кийим-боши ва макони пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга ҳам сир бўлмай қолди.

Намознинг фойдаларини оят ва ҳадисларда батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ.

Аллоҳ таоло: «Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», деган. (Нисо: 103)
Ушбу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг биридир. Ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.
Яна: «Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир», деган (Анкабут: 45).
Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга оятда намознинг ҳикматларидан бири, ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши ҳам таъкидланмоқда.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса: «Эй, Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла: «Мен сенинг умматингга беш вақт намозни фарз қилдим. Мен ўзимга ўзим, ким уларни муҳофаза қилиб ўз вақтида ўқиб келса, албатта, жаннатга киритаман, деб аҳд бердим. Ким уларни муҳофаза қилмаса, Менинг ҳузуримда унга аҳд йўқдир, деди», деб айтдилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси қудсийдир. Чунки, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ривоят қилмоқдалар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшиги олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?» дедилар.
«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар».
Бировнинг эшиги олдидан анҳор оқиб турса-ю, у одам ўша анҳордан ҳар куни беш марта ювиниб турса, кири қолма- ганидек, ҳар куни беш марта намоз ўқиган одамнинг гуноҳлари ювилиб, унда гуноҳ кири қолмайди…
Ким бир вақт намозни ўқимаса, унинг гуноҳ кирлари баданида қолади. Икки вақтни ўқимаса, яна ҳам кўпроғи қолади ва ҳоказо. Бир кунги намозларини ўқимаса анчагина кир тўпланади. Бир ҳафта ўқимаса, бир ой ўқимаса, бир йил ўқимаса нима бўлиши маълум. Бир умр ўқимаганлар эса, бир умр ювинмаган одамдан кўра бир неча миллион марта жирканч ҳолга келади. Чунки бадан кири моддий кир. Намоз ўқимаганнинг кири эса маънавий руҳий кирдир…
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Қачон сен Аллоҳ учун бир сажда қилсанг, албатта, Аллоҳ сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва у билан битта хатоингни ўчиради», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ўз навбатида намоз нафақат гуноҳларнинг ювилишига, балки даражаларнинг кўтарилишига ҳам хизмат қилишини баён қилинмоқда.
Демак, Аллоҳнинг ҳузурида даражам юқори бўлсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимизни кўпайтирайлик. Чунки ҳар бир саждамиз туфайли даражамиз бир поғона кўтарилажак.
Хатоларимиз ювилсин, десак, кўпроқ намоз ўқиб саждаларимиз сонини кўпайтирайлик. Чунки ҳар бир саждамиз туфайли бир дона хатомиз ювилажак иншааллоҳ.

Манбалар асосида

Мухаммадкуддус Абдухалимов

Хўжаобод туман

“Етти чинор”

жоме масжиди имом-ноиби