Динимизда одоб-аҳлоқ асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Бу борада жуда кўп оят-ҳадислар бор. Унга кўра, ҳар бир мўмин банда одобли, ахлоқли бўлиб яшашга тарғиб қилинади.
Хулқ катта мавзу бўлиб, биргина мақолада унинг ҳамма жиҳатини қамраб олиш, батафсил баён қилиш мушкил ишдир.
Биз ҳам мавзунинг бир қисми бўлган ахлоқни сайқаллашда нафс тарбиясига оид уч муолажага эътибор қаратамиз холос.
Юқорида инсон аҳлоқини гўзал қилиши, бу эса бевосита нафс тарбиясига боғлиқ эканини айтиб ўтдик.
Ахлоқ яхши ва ёмонга бўлинади. У тўғри ва гўзал бўлганда уммат тўғри бўлади. Унинг акси бўлганда эса уммат издан чиқади.
Инсонлар бошига тушаётган ҳар хил бало-офатлар беодоблик ва бадхулқлик натижасида бўлади десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Зеро, халқимизда: «Менинг нафсим балодур, ўтдан чўққа солодур», деган пурҳикмат гап бор.
Гапни кўп чўзмай, нафснинг уч муолажасига ўтамиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафсни поклашга чақириб, бу ишни амалга оширган инсонни ютуққа эришганини таъкидлайди.
قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا
«Ҳақиқатда, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади». Шамс сураси, 9-оят.
Машойихлар нафс тарбияси ва ислоҳида асосан, учта муҳим йўлга урғу берадилар.
1. Нафсдан хоҳлаётган нарсаларини тийиш ёки камайтириш. Чунки асов ҳайвонни жиловлаш ва қўлга ўргатиш унинг емини камайтириш билан бўлади. Ҳудди шунингдек, бебош нафсни тарбия қиламан деган киши нафс хоҳиш ва истакларини жиловлаб тийиш керак.
2. Оғир келадиган ибодатларни юклаш. Асов ҳайвонни бўйин сундиришининг яна бир йўли, унинг емини озайтириш билан бирга устига ортиладиган юкини кўпатириш билан бўлади. Шунда ҳайвон заифлашиб, ўз-ўзидан итоаткор бўлиб қолади.
Нафс тарбиясида мана шу усулни қўллаш яхши самара келтиради.
3. Бу йўлда доим Аллоҳ таолодан тавфиқ ва ёрдам сўраш.
Чунки нафсни Аллоҳ таоло яратди. Унинг ҳолатини, қиладиган ишларини биздан кўра яхшироқ билади.
Уламолар қуйидаги набавий дуони ўқишни тавсия қиладилар. Чунки бу дуони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганлар. Дейдилар: «Ўқ подшоҳнинг ўқдонидан олинган бўлса, албатта нишонга тегади».
اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا أَنْتَ وَلِيُّهَا وَمَوْلَاهَا
Дуонинг таржимаси: Аллоҳим, нафсимга тақвосини бер. Ва уни покла. Сен покловчиларнинг энг яхшисисан. Унинг Эгаси ва Холиқи ҳам Ўзингсан.
Андижон шаҳар “Жиддаи Муборак” масжиди
имом-ноиби Асадуллоҳ Азимов
{print-me}