Нафақа аёлнинг эрдаги молиявий ҳаққидир

1059

Жамиятни оилаларсиз, оилаларни эса аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аёл -оила чароғбони, фарзандлар тарбиячиси ҳисобланади. Ислом аёлларни она, сингил, қиз ва уй бекаси сифатида эъзозлаб, риоясини қилишни тоат амаллардан бир амал ва
жаннатга олиб борувчи бир йўл қилиб қўйган. Шунингдек, ислом эркак кишига ўз аёлига чиройли муомалада бўлишни, унинг маҳр, нафақа каби ҳақларига риоя қилишни, уни турли қийинчиликлардан ҳимоя қилиш ва хор бўлишликдан сақлаш каби амалларни юклаган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз“, деган.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхшилик қилувчиларингиздир. Мен ҳам ўз аҳлимга сизлардан кўра яхши муомала қилувчиман“, деб марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари аёлларига гўзал муомалада бўлиб, уларга лутфу марҳамат кўрсатар,
нафақаларини кўпайтириб берар, бошқаларни ҳам шунга буюрар эдилар.
Тарихдан маълумки, ислом аёлларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон, мустақил шахс сифатида мулкка эга бўлиш, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик
билан тасарруф қила олиш ҳуқуқи берилган. Шу билан биргаликда уларнинг моддий ҳуқуқлари ҳам тартибга солинган.
Шариатда ҳақлар икки қисмга бўлинади. Улардан бири банданинг Аллоҳ таоло олдидаги ҳаққи бўлса, иккинчиси банданинг бошқа
банда олдидаги ҳаққидир. Аллоҳнинг ҳаққига намоз, рўза каби ибодатлар киради.
Кўп инсонлар дин, шариат деганда фақатгина мана шу ибодатларни тушуниб, банданинг ҳаққини диндан деб билмайдилар. Аслида эса банданинг ҳаққи ҳам жиддий эътибор бериладиган ҳақлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло намоз, рўза каби ибодатларда
камчиликка йўл қўйиб, гуноҳкор бўлган кишини қаттиқ тавбаси сабабидан кечириб юбориши мумкин. Аммо бир банданинг иккинчи бандадаги ҳаққини ўша банданинг ўзи кечмагунича Аллоҳ таоло ҳам кечмайди. Бундан кўриниб турибдики, бу ҳақларга бепарволик билан қарашлик мутлоқо жоиз эмас.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга ўтирганларида Жаброил (алайҳис-салом) одам суратида келдилар ва ислом, иймон ҳақида сўраб, “Менга эҳсон ҳақида хабар беринг!“, дедилар. У зот соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ҳудди Уни кўриб турганингдек, агар сен уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг“, дедилар. Ушбу ҳадисдаги ибодат сўзидан фақатгина намоз, рўза, ҳаж тушунилмайди. Бу сўз “аъбада“ феълидан
олинган бўлиб, “қуллик қилди“ яъни Аллоҳга бандалик қилиш маъносини билдиради.
Аллоҳга фақат намоз, рўзадагина қуллик қилинмайди, балки барча ҳолатларда Аллоҳга қуллик қилинади. Шунингдек, ҳадисдаги эҳсон сўзидан фақат намоз ўқиётгандагина Аллоҳни кўриб тургандек бўлишга ҳаракат қилишлик тушунилмайди, балки ҳамма вақт, жумладан, инсонлар билан, аёли ва фарзандлари,
ота-онаси, яқинлари билан муомала қилаётганда ҳам, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилишда ҳам эҳсон ҳолатида бўлиши керакдир.
Шариат аҳкомларини ўзида жамлаган фиқҳ китобларида ҳам рўза, намоздан ташқари бандаларнинг ҳақлари баён этилган бўлиб, шулардан бири аёлнинг эрдаги ҳақлари ҳисобланади. Аёлнинг эрда бир неча молиявий ҳамда муомалавий ҳақлари бор бўлиб, молиявий ҳақларига маҳр ва нафақа киради.
“Маҳр“ ақди никоҳ ёки эр-хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва аёлга беришлик шарт бўлган молдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деб буюради:
“Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверинглар“,
деб марҳамат қилган. Аллоҳ таоло ушбу оятда:
Аёлларингизга маҳрларини вожиб бўлган ҳадя ва лозим бўлган фарз сифатида беринглар, деган маънони назарда тутган. Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканлигига далолат қилувчи тўртта оятдан биридир. Маҳр тўғрисида яна шуни ҳам билиш керакки, унинг муайян бир миқдори белгиланмаган. Кўпининг чегараси йўқ. Ҳанафий мазҳабида энг ками ўн дирҳам дейилган.
Чунки шариатда бир нарсага арзигулик энг оз молнинг миқдори шудир. Шунингдек, куёвнинг келинга берган нарсалари масалан, кийим-кечак, уй анжомлари, турар жой
кабилар ҳам маҳр ҳисобига ўтиши мумкин. Бунда мабодо улар ажралишадиган бўлсалар, куёв ўша берган нарсаларини қайтариб олмайди. Маҳр эрнинг аёлга эга бўлганлигининг эвазига берилади. У аёлнинг шахсий мулкига айланиб, уни
хоҳлаганича тасарруф қила олади. Хоҳласа оятда айтилганидек кечиб юборади, хоҳласа ўзига ишлатади.
“Нафақа“ аёлнинг эрдаги молиявий ҳақларидан бўлиб, никоҳ
ақди сабаби билан эрнинг зиммасига вожиб бўладиган аёлнинг ҳақиқий, асл ҳақларидандир.
Фуқаҳолар аёлларнинг нафақаси у муслима ёки кофира (кофира деганда аҳли китоб назарда тутилган)
бўлсин саҳиҳ никоҳ билан вожиб бўлишлигига иттифоқ қилишган. Чунки, аёлларга нафақани вожиб қилувчи далиллар умумий бўлиб, аёлларнинг муслима ёки кофира бўлишлиги ажратилмаган. Шунингдек, аёлнинг бой ёки камбағал бўлишлиги, духул қилинган ё духул қилинмаган бўлишлиги, катта ёҳуд кичик ёшда бўлишлиги ҳам баробардир. Аёлларнинг нафақаси эрларга вожиб эканлигига Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда далиллар жуда ҳам кўп.

Қуръони каримдан далиллар:
«Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин …» Бу оятда нафақа қилишликка
амр бор. Амр эса вожибликка далолат қилади.

«Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш оталарнинг (эрларнинг) зиммасидадир…»

«Уларга (талоқ иддасини сақлаётган аёлларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз … .»
Ибн Масъуд бу оятни
Яъни, (Уларга ўзларингиз маскан тутган жойдан жой беринглар ва тоқатингизга қараб инфоқ қилинглар) қироати билан ўқиганлар.

Суннатдан далиллар:
Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг видолашув ҳажида айтган сўзлари. Бу ҳадисни Имом Муслим, Абу Довуд ва Моликлар Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилганлар:
“Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
«Бас аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки, сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни
ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда меъёри билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».

“Оиша (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: Ҳинд бинт Утба:
«Ё Расулуллоҳ Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар унга билдирмай олсамгина бўлур»,-деди.
(Саҳиҳ Муслимда: “Шундай қилсам менга гуноҳ бўладими?“ деган сўз зиёда қилинган )
Расулуллоҳ: «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол»,-дедилар”.

Бундан ташқари нафақанинг вожиблигига далолат қилувчи ҳадислар жуда кўп бўлиб уламоларнинг барчаси аёлларнинг нафақаси эрларга вожиб эканлигига иттифоқ қилганлар.

Шаҳрихон тумани бош имоми
“Сулаймонбек” масжиди имоми
Турғунов Иззатулло домла