Насуҳ тавбаси нима?

2866

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ тавба қилинглар! Шоядки, Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса», деган (Таҳрим, 8-оят).
«Тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Бу сўзнинг шаръий истилохдаги маъноси эса, гуноҳдан Аллоҳга қайтишни билдиради. «Насуҳан» сўзи эса, «холис», «жазм», «содиқ», «насиҳат қилувчи» маʼноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси «холис тавба», «жазм тавба», «содиқ тавба», «насиҳат» маъносидаги тавба маʼноларини англатади. Бу маъно ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган.
Жумладан, ҳазрати Умар(р.а)дан: «Тавбаи насуҳ нима?» деб сўралганда, у киши: «Кишининг ёмон ишига тавба қилиб, сўнг унга абадий қайтмаслигидир», деб жавоб берганлар.
Уламоларимизнинг таъкидлашларича, насуҳ тавба бўлиши учун тўрт нарса: қалб ила надомат қилиш, тил ила истиғфор айтиш, гуноҳни такрорламасликка азму қарор қилиш ва ёмон ҳамсуҳбатлардан узоқлашиш лозимдир.
Ҳадислардан бирида бундай ривоят қилинади:
«Ислом ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборади, тавба ҳам ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборади». Яъни, бир киши аввал гуноҳ ишларқилиб юрган бўлсаю, кейин мусулмон бўлса, аввалги гуноҳлари мусулмон бўлиши билан ўз-ўзидан ювилиб кетади.
Шунингдек, бир мусулмон киши билмасдан гуноҳ ишни қилиб юрсаю, кейин тушуниб етиб, тавба қилса, яъни чин кўнгилдан надомат қилса ва ўша ишни қайтиб қилмасликка аҳду паймон этса, билмасдан қилган аввалги гуноҳлари ювилиб кетади. Холис тавба эшигининг очиб қўйилиши сиз билан биз учун Аллоҳнинг катта неъматидир.
Бошқа динларда тавба қилиш жуда ҳам қийин, баъзи умматларга эса, тавба қилиш учун бир-бирларини ўлдириш буюрилган. Исломда эса, тавбанинг ниҳоятда осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин «ҳали эрта, вақти келганда тавба қилиб оларман», деган фикр энг ёмон фикрдир. Аллоҳ таоло тавба туфайли билмасдан қилинган хатоларни кечиради, билиб-тушуниб, қасддан қилинган гуноҳларни эмас.
Тавбаи насуҳ—холис тавбанинг самаралари оятнинг давомида баён қилинади:
«Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса», биринчи самара — гуноҳларнинг ювилиши.Асосий самара эса қиёмат кунида дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритишидир.
«ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса».
Аллоҳ таоло Моида сурасида:
«Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қиладир. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир», деган (39-оят).
Гуноҳ қилган банда тавбага шошилмоғи лозим. Аммо бу ояти каримага чуқурроқ назар соладиган бўлсак, унда:
«тавба этса ва амали солиҳ қилса», дейилмоқда.
Мусулмон одам учун ёмонликдан қайтишнинг ўзи кифоя қилмас экан. Ёмонликдан қайтиш билан бирга, яхшилик амалларни қилиши ҳам зарур экан. Чунки ёмонликни қилмай қўйиб юраверса, орада бўшлик пайдо бўлади ва бу бўшлик уни яна ёмонликка қайтариши мумкин.
Шунинг учун ҳам яхшилик қилиш тавбанинг қабул қилиниши шартларига қўшилмоқда.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида:
«Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган Зотдир», деган (70-оят).
Юқоридаги оятдан, мазкур гуноҳларни қилганлар тамоман умидларини узар эканларда, деган маъно чиқиб қолмаслиги учун унда тавба эшиги доимо очиқлиги баён қилинмоқда. Ўша уқубатдан мустасно бўладиганлар ҳам бор экан. Ундай одамлар қаторига:
«Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса», ўшалар киради.
Яъни, қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, Мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб такдирлайди.
«Бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».
Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Абу Фарва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Айтингчи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Исломга кирдингми?!» дедилар.
«Ҳа!» деди у.
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради», дедилар.
«Алдамчиликлариму фожирликларимни ҳамми?!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа!» дедилар.
У такбир айтиб («Аллоҳу акбар!!!» деб), қайтиб кетди. Унинг такбири кўзга кўринмай кетгунча эшитилиб турди”.
Лекин бундай ҳолга эришиш учун тавба ҳақиқий бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат келаси оятда яна бир бор таъкидланмоқда:
«Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар».
Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд тилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ, яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмайди.
Тавбанинг ҳақиқий бўлиши учун тўрт шарт бордир:
* Маъсиятдан дарҳол узилиш.
* Маъсиятни қилганига астойдил надомат чекиш.
* Уни ва унга ўхшаган гуноҳларни қайта қилмасликка қатъий азму қарор қилиш.
* Агар гуноҳ одамлар ҳаққига тегишли бўлса, улардан узр сўраб, ҳақларини жойига қайтариш.
Тавба яна ботиний ва ҳукмийга ҳам бўлинади. Ботиний тавба Аллоҳ билан бандадан бошқа ҳеч ким билмаган ва бировнинг ҳаққига тегишли бўлмаган гуноҳларда бўлади (мисол учун, ёлғон гапдан тавба қилиш). Бунда тавба надомат чекиб, бу гуноҳни қайта қилмасликка азму қарор қилиш билан бўлади.
Ҳукмий тавба Аллоҳнинг ёки банданинг ҳаққи бор гуноҳда бўлади.
Агар гунохда одам боласининг ҳаққи аралашган бўлса, унда надомат қилиб, қайта қилмасликка азму қарор қилиш билан бирга ўша одамнинг ҳаққини ҳам қайтариш ёки унинг ўзидан розилик сўраш лозим бўлади. Агар ҳақ эгаси топилмаса, тавба уни топиб рози қилишга азму қарор қилиш ила бўлади.
Агар гунохда Аллоҳнинг ҳаққи бўлса ва ўша ҳақ шаръий жазога лойиқ бўлсаю, уни биров билмаган бўлса, ўша гуноҳ яширин ҳолида қолгани яхши.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ушбу ифлосликлардан бирортасини қилса, уни Аллоҳнинг сатри ила сатр қилсин», деганлар.
Агар қилинган гуноҳда ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам банданинг ҳаққи бўлса, ҳақ эгасига қайтарилади. Мисол учун, закотни бермаган бўлса, тавба уни ҳакдорларга бериш билан тугал бўлади.
Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этадиган бўлиши керак. Тавбанинг ўтган, ҳозирги ва келаси замонга боғлиқлиги бўлади.
Бас, тавбанинг ўтган замонга боғлиқлиги қуйидагича: Банда фикри ила балоғатга етган биринчи кунига қайтади. Ўшандан буён ўтган умрини йилма-йил, ойма-ой, ҳафтама-ҳафта, кунма-кун, соатма-соат ва нафасма-нафас тафтиш қилиб чиқади. Адо этилмай қолган тоатларига ва содир этган маъсиятларига назар солади. Ҳаммасини бирмабир эслайди. Қанча намозни ўқимаганлиги ёки қанчасини нотўғри ўқиганини аниқлайди. Кейин уларнинг қазосини ўқишни бошлайди. Аста-секин қазо намозларини охирига етказади.
Шунингдек, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатларнинг ҳам қазосини жойига қўяди.Банда балоғатга етганидан бошлаб содир этган маъсиятларини ҳам тафтиш қилиб аниқлайди.
Мазкур маъсиятлардан ўзи билан Аллоҳ таолонинг ўртасидаги ишларга тавба қилиб, надомат чекади ва истиғфор айтади.
Кейин гуноҳларининг микдорига назар солади. Улардан ҳар бири учун муносиб яхши амал қилишга ўтади.
Каффорот ўрнига ўтувчи ҳасанотлар — яхшиликлар дил, тил ва бадан билан адо этилади. Бунда дил билан тазарруъда бўлиш, ўзини тоза тутиш, тил билан зулмни эътироф қилиб, истиғфор айтиш ва аъзолар билан садақа ва турли тоат-ибодатлар қилиш зарур.
Аллоҳ барчаларимизни тавба қилгувчилардан ва солиҳ амалларни қилувчилардан қилсин!

Шаҳрихон тумани
“Гул-тепа” масжиди имоми
Орипов Шохимардон