Бисмиллаҳир рохманир роҳийм.
( إِذْ جَعَلَ الَّذِينَ كَفَرُوا فِي قُلُوبِهِمُ الْحَمِيَّةَ حَمِيَّةَ الْجَاهِلِيَّةِ فَأَنزَلَ اللَّهُ سَكِينَتَهُ عَلَىٰ رَسُولِهِ وَعَلَى الْمُؤْمِنِينَ وَأَلْزَمَهُمْ كَلِمَةَ التَّقْوَىٰ وَكَانُوا أَحَقَّ بِهَا وَأَهْلَهَا ۚ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمًا )
الفتح (26) Al-Fath
Эсла! Куфр келтирганлар қалбларида қизиққонликни жоҳилият қизиққонлигини жойлаганларида, Аллоҳ Ўз сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди, улар ушбуга ҳақли ва аҳл эдилар. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. Жоҳилият қизиққонлиги бу тўғрими-нотўғрими қайсарлик билан ўз фикрида қолиши, мутаассиблик, миллатчилик, тоифачиликдир.
Умматнинг бузилиши миллатчилик, тоифачилик ва мутаассиблик сабаб бузилади.
Агар ушбу хислатлар бирор миллатда бўлса, у миллат хорлик, бўлиниш ва ҳалокатга маҳкумдир.
Мутаассиблик – ўз эътиқоди тўғрилигига ўта қаттиқ ишониш, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлишдир. Инсоният тарихида мутаассибликдан ғаразли мақсадларда кўп фойдаланилган. Мутаассибликнинг пайдо бўлишига диний зиддиятлар, шунингдек, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларнинг ҳал қилинмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран ўйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради.
Бугунги кунда диний экстремистик ва террористик гуруҳлар мутаассиблик ғоялари ва амалиёти ривожида гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни кофир, уларнинг таълимотига кўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни “ҳалол”, деб биляптилар. Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш, ислом дини таълимотига зид экани Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари ва уламоларнинг асарларида ўз аксини топган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади».
Ибн Нужайм: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”- дейдилар .
Аммо, бугун динда ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар, бу масалада “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”,- дейишга бориб етдилар. Бу эса, уламоларнинг тутган йўлига тескаридир.
Жалолиддин Суютий айтадилар: “Мусулмонни кофирликда айблаган одам, уни ўлдирган билан баробардир”.
Бу масалада Аҳли сунна вал жамоанинг хулосаси шуки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат, ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабларининг ҳаммалари, гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ла илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаймиз, гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, – дедилар.
Демак бизлар хукм чиқаришда эхтиёт бўлишимиз шариъатимиз талаба экан. Аллоху Таъоло адашишдан, мутаассибликдан, миллатчиликдан ўзи сақласин. Амийн.
Олтинкўл тумани “Уйшин” жоме масжиди имом хатиби
Анваржон домла Ибайдуллаев