Мусулмоннинг ҳақ – ҳурмати

1159

Мусулмоннинг моли, қони ва обрў-эътибори Аллоҳ наздида улуғ ва ислом шариати ҳимоясидадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажларида улкан жамоат олдида бу нарсани таъкидлаганлар.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:Бир-бирингизнинг молингиз, қонингиз ва обрўйингиз ҳудди мана шу кунингиз, мана шу шаҳрингиз, мана шу ойингиз ҳурмати каби ҳаромдир”. (Муттафақун аълайҳ)

Булар осуда Ислом жамиятининг муҳташам биносига пойдевор бўлувчи умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлардир. Ушбу покиза муҳитда мусулмон мол-мулки, обрў-эътиборидан беҳавотир яшайди. Ҳеч ким унинг мулкига тажовуз ёки ўғрилик қилмайди ва ҳақ-ҳуқуқини поймол этиб, уни пастга урмайди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, сунъий равишда молнинг нархини оширманглар, ўзаро нафрат-адоват қилманглар, бир-бирларингизга орқа қилманглар. Бирингиз бошқа бировнинг савдоси устидан савдо қилмасин. Эй Аллоҳ таолонинг бандалари, ўзаро биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, у биродарига зулм қилмайди, уни алдамайди ва пастга урмайди. Тақво мана бу ерда деб, уч марта кўкракларига ишора қилдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Кишининг ёмонлигига унинг мусулмон биродарини пастга уриши кифоядир. Мусулмоннинг қони, моли ва обрў-номуси бошқа бир мусулмон учун ҳаромдир.” (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Мусулмонга зарар етказишга уринган ёки унга нисбатан макр-ҳийла ишлатган кимса малъундир”. (Термизий ривояти).

Ислом мукаррам инсонни ҳатто қўрқитиш, ҳавотирга солишни ҳам ман этади. Бир саҳобий биродарининг арқонини олиб қўйиб қўрқитди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмонни қўрқитмоқ мусулмон учун ҳалол эмас”. (Абу Довуд ривояти).

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бирингиз на ҳазиллашиб ва на жиддий равишда биродарининг битта чўпини олмасин”. (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки киши учинчисига эшиттирмасдан суҳбатлашмасин. Бу уни ҳафа қилади”. (Муттафақун алайҳ).

Яна бир ривоятда: “Бу нарса мўминга озор етказади. Аллоҳ мўминни озорланишини ёмон кўради”– дейилган.

Динимизда бир мусулмонга озор етмаслик учун шундай кичик ишлардан қайтарилган экан, демак, унинг обрўйини тўкиш, ўзгалар олдида изза қилиш, мол-мулкига тажовуз қилиш ўз-ўзидан ҳаром бўлади. Аллоҳ наздида бир мусулмоннинг обрўйи Каъбатуллоҳнинг ҳурматидан ҳам улуғ туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида масхара қилинаётган киши ёки аёл масхара қилувчидан яхшироқ эканини баён қилиб шундай дейди:

Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан)  зулм қилувчилардир. (Хужурот сураси 11- оят)

Ушбу кўрсатмалардан хулоса олган мўминлар ҳадисда кўрсатилганидек, бир-бирига меҳр-муҳаббатли ва ғамхўрликда ака-укалар каби биродар бўлиб яшашлари лозим бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади”. (Муттафақун алайҳ).

 

Андижон шахар

“Чинор” жоме масжиди

имом хатиби

Мўминов Авазбек