МУСТАҚИЛЛИК — ИНСОН ҚАДРИ, МАЪРИФАТ ВА ЭЗГУЛИК ТИМСОЛИ

19

Мустақиллик бу, аввало, халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, миллий қадриятлари, тили, тарихи ва маънавий меросини эркин асраб-авайлаши, келажагини ўз қўли билан бунёд этиш ҳуқуқидир.

Бугун Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ортга назар ташлар эканмиз, истиқлол йилларида босиб ўтилган мураккаб ва шарафли йўл, эришилган улкан натижалар, халқимиз ҳаётида юз берган ижобий ўзгаришлар кўз ўнгимизда яққол намоён бўлади.

Мустақилликни биз фақат давлатнинг сиёсий эркинлиги сифатидагина эмас, балки инсон қадри улуғланадиган, илм ва маърифатга кенг йўл очиладиган, миллий ва диний қадриятлар тикланадиган, халқ ўз орзу-интилишларини эркин амалга оширадиган буюк неъмат сифатида тушунамиз.

Мустақиллик — қалбларимиздаги улуғ туйғу.

Ҳар бир инсон учун Ватан тушунчаси муқаддас. Ватан тинч бўлса, хонадон тинч бўлади. Юрт осойишта бўлса, фарзандлар хотиржам таълим олади, тадбиркор ўз ишини ривожлантиради, деҳқон ерга уруғ қадайди, олим илмий изланиш қилади, устоз ёшларга илм беради. Шу маънода, мустақилликнинг энг буюк неъматларидан бири — тинчлик ва осойишталикдир.

Динимизда ҳам тинчлик, хотиржамлик ва ўзаро меҳр-оқибат юксак қадриятлар сифатида эътироф этилади. Қуръони каримда инсонларни яхшилик ва тақвода бир-бирларига ёрдам беришга чақирилади.

Шундай экан, истиқлолни қадрлаш,унинг неъматларини асраш, юрт тинчлигига ҳисса қўшиш, халқ манфаати йўлида ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилиш демакдир.

Бош жоме масжидидаги тарихий учрашув

Андижонликлар қалбида алоҳида из қолдирган воқеалардан бири — давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилояти Бош жоме масжидига ташрифи бўлди.
2021 йил 17 июнь куни Президентимиз бу ерда амалга оширилган реконструкция ишлари билан танишдилар. 18 июнь куни эса масжидда жума намози адо этилди. Янги мажмуа бир вақтнинг ўзида 15 мингдан ортиқ намозхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.

Бу ташриф андижонликлар учун оддий бир расмий учрашув эмас, балки халқимизда катта таассурот уйғотган, диний-маърифий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этган тарихий воқеа бўлди.

Ўша кунларда одамларнинг юзидаги қувонч, қалбларидаги ҳаяжонни сўз билан ифодалаш қийин. Зеро, халқимиз учун азиз бўлган масжиднинг янада обод ва замонавий қиёфада намоён бўлиши, унинг юртимиз раҳбари эътиборида бўлиши андижонликларнинг кўнглида катта фахр уйғотди.

Бугун ушбу масжид нафақат ибодат, балки маънавий-маърифий тарбия, илм ва ахлоқ маскани сифатида ҳам ўз вазифасини адо этиб келмоқда. Бу эса мустақиллик йилларида юртимизда диний-маърифий соҳада яратилган имкониятларнинг амалий ифодасидир.

Дин ва маърифатга яратилган имкониятлар

Сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Масжидлар обод қилинди, диний таълим муассасалари фаолияти ривожланди, Қуръони карим ва диний илмларни ўрганишга бўлган эҳтиёж учун янги имкониятлар яратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида “Қуръон ва тажвид” ўқув курслари кенг йўлга қўйилиб, бу курсларда ўн минглаб юртдошларимиз диний билимларини оширмоқда. Диний таълим муассасаларида замонавий таълим тизимлари жорий этилиб, илмий тадқиқотлар, янги дарслик ва қўлланмалар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу имкониятларнинг барчаси бир ҳақиқатни кўрсатади: маърифатли жамият — барқарор жамиятдир.

Илмли инсон ўз динини ҳам, Ватанини ҳам, ўз бурч ва масъулиятини ҳам тўғри англайди. Шу боис ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг маънавий камолоти имом-хатиблар фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Меҳнатнинг муносиб эътирофи

Мустақиллик йилларида диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётган уламолар ва соҳа ходимларининг хизматлари ҳам юксак даражада эътироф этилаётгани алоҳида қувонч бағишлайди.

Бу борада менинг ўзимга кўрсатилган эътиборни ҳам катта масъулият сифатида қабул қиламан. 2025 йил 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Фармони эълон қилинди.
Мазкур Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Олий даражали Имом Бухорий” ордени, бир қатор диний соҳа вакиллари қаторида мен — Андижон вилояти бош имом-хатиби Алимов Мирзамаксуд Хатамбекович “Имом Бухорий” ордени билан тақдирландим.
Бу мукофотни шахсий ютуқ сифатида эмас, аввало, Андижон вилоятида фаолият юритаётган барча имом-хатиблар, отинойилар, уламолар ва диний соҳа ходимларининг меҳнатига берилган юксак баҳо сифатида қабул қиламан.
Зеро, бир инсоннинг хизматини эътироф этиш ортида кўплаб инсонларнинг меҳнати, дуоси ва қўллаб-қувватлаши мужассам бўлади.

Бу эътироф бизга янада катта масъулият юклайди. Халқ ишончини оқлаш, одамларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, ёшларни эзгулик ва маърифатга чорлаш, оилалар тинчлиги ва жамият барқарорлигига ҳисса қўшиш — бизнинг энг асосий вазифамиздир.

Андижон — янгиланиш ва бунёдкорлик диёри

Бугун Андижонга назар ташласак, мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва мазмунини ҳис қилиш мумкин.
Янги турар жойлар, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, йўллар, хизмат кўрсатиш объектлари, истироҳат масканлари, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилмоқда.
Айниқса, Янги Андижон ҳудудида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари вилоятимиз тараққиётининг янги босқичини намоён этмоқда.
2025 йил 15 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Янги Андижондаги бунёдкорлик ишлари билан танишар экан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган бу замин шарафига Янги Андижон шаҳарчасини “Бобур шаҳри” деб номлаш ташаббусини илгари сурди. Бу ташаббус андижонликлар томонидан катта мамнуният билан қўллаб-қувватланди. Бу номнинг ўзида катта маъно бор. Бобур — илм, адабиёт, давлатчилик, жасорат ва юртпарварлик тимсоли. Унинг номини янги шаҳарга бериш — тарихимизга, буюк аждодларимиз меросига бўлган юксак эҳтиром ифодасидир.
Янги Андижонда 19 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилаётгани, унда минглаб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилаётгани, амфитеатр, дам олиш жойлари, болалар майдончаси ва бошқа замонавий инфратузилмалар яратилаётгани ҳам бугунги бунёдкорлик руҳининг ёрқин намунасидир.

Инсон ҳаётидаги ўзгаришлар — ислоҳотларнинг ҳақиқий мезони

Ислоҳотларнинг ҳақиқий самарасини фақат янги бинолар ёки йирик лойиҳалар билан эмас, аввало, оддий инсоннинг ҳаётидаги ўзгаришлар билан ўлчаш керак.
Бугун одамларнинг уй-жой шароити, фарзандларининг таълими, тиббий хизматдан фойдаланиши, тадбиркорлик қилиши, касб-ҳунар эгаллаши ва меҳнат қилиб, ўз оиласи фаровонлигини таъминлаши учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Маҳаллабай ишлаш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, уларга кўмак бериш, ишсиз фуқароларни касбга ўқитиш ва даромадли меҳнатга жалб этишга қаратилган ёндашувлар ҳам инсон қадрини улуғлаш ғоясининг амалий ифодасидир.

Динимизда ҳам инсоннинг оғирини енгил қилиш, унинг кўнглига қувонч солиш, муҳтожга ёрдам бериш энг улуғ эзгу амаллардан саналади.

Шу нуқтаи назардан, Андижон вилоятида масжид имом-хатиблари ташаббуси билан амалга оширилаётган хайр-саховат тадбирлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Саховат — халқимизнинг азалий фазилати

Мустақилликнинг 35 йиллиги ва янги ўқув йили муносабати билан вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида масжид имом-хатиблари томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва етим болалар ҳолидан хабар олиниб, уларга мактаб сумкалари, ўқув қуроллари, мактаб формалари ва бошқа зарур жиҳозлар тақдим этилмоқда.

Шу кунларда эса мазкур хайрия ишлари юздан ортиқ хонадонларда амалга оширилди, ушбу хайрия доирасида маҳалларда яшовчи боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва етим болаларга янги ўқув йили учун мактаб ўқув қуроллари ҳамда сумкалар ҳадя қилинган. Бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам имом-хатибларимиз томонидан қизғин давом эттирилмоқда.

Бу — шунчаки моддий ёрдам эмас.

Бу — “сен ёлғиз эмассан”, деган маънавий далда.

Бу — боланинг қалбига ишонч солиш демакдир.

Бу — унинг илм олишга бўлган иштиёқини қўллаб-қувватлаш.

Бу — жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш.

Энг муҳими, бу каби эзгу амаллар ёш авлодга ҳам тарбия мактаби бўлиб хизмат қилади. Бугун яхшилик кўрган фарзанд эртага ўзи ҳам бошқаларга яхшилик қилишга интилади.

Маърифатли авлод — мустақилликнинг энг катта кафолати

Бугун биз олдимизга катта мақсадларни қўймоқдамиз. Аммо барча мақсадларнинг замирида инсон ва унинг камоли турибди. Биз ёшларимизни замонавий илм-фан билан бир қаторда маънавий ва ахлоқий қадриятларга ҳам эга бўлган авлод сифатида тарбиялашимиз зарур. Зеро, илмсиз тараққиёт бўлмайди. Маънавиятсиз эса тараққиётнинг мазмуни йўқолади. Шу боис имом-хатиблар зиммасидаги вазифа фақат масжид минбарида мавъиза қилиш билан чекланмайди. Бугун имом-хатиб — халқ билан мулоқот қиладиган, ёшлар билан ишлайдиган, оилалар мустаҳкамлигига ҳисса қўшадиган, маънавий-маърифий муҳитни яхшилашга хизмат қиладиган масъул шахсдир. Андижон вилоятидаги диний соҳа ходимлари ҳам ана шу масъулиятни чуқур англаган ҳолда фаолият олиб бормоқдалар.

Мустақиллик — бизга берилган имконият ва масъулият

Мустақилликни қандай тушунамиз? Менимча, унинг энг тўғри жавобларидан бири — имконият ва масъулиятдир. Бизга ўзлигимизни англаш имконияти берилди — демак, тарихимизни ўрганишимиз керак. Динимизни эркин ўрганиш имконияти берилди — демак, уни тўғри ва соф манбалар асосида англашимиз керак. Фарзандларимизни ўқитиш имконияти берилди — демак, уларга муносиб таълим ва тарбия беришимиз керак. Тинч юртда яшаш имконияти берилди — демак, тинчликнинг қадрига етишимиз ва уни асрашимиз керак. Юртимизда бунёдкорлик қилиш имконияти берилди — демак, Ватан тараққиётига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Ана шунда мустақилликнинг ҳақиқий мазмунини англаган бўламиз.

Бугун Андижон заминида янги шаҳарлар қад ростламоқда, тарихий масканлар обод этилмоқда, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари барпо қилинмоқда, инсонларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бир томонда — Бобур номи билан аталиши таклиф этилган янги шаҳар. Бир томонда — 15 мингдан ортиқ намозхонга хизмат кўрсатадиган Бош жоме масжиди ва ушбу масжидга ўхшаб янгидан барпо этилган Андижон шаҳридаги “Хазрати Билол”, “Шаҳидтепа”, Бўстон туманидаги Марказий масжид каби ўнлаб масжидлар. Яна бир томонда — фарзандининг қўлига янги мактаб сумкасини тутқазиб, унинг кўзидаги қувончдан хурсанд бўлаётган саховатпеша инсонлар.

Аслида, буларнинг барчасини бирлаштириб турган битта буюк тушунча бор. У ҳам бўлса — ИНСОН ҚАДРИ. Мустақилликнинг энг буюк меваси ҳам шу — инсон қадрининг юксалиши, халқнинг эртанги кунга ишончининг мустаҳкамланиши, юртда тинчлик ва осойишталикнинг қарор топишидир.

Фурсатдан фойдаланиб, барча андижонликларни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Аллоҳ таолодан юртимиз тинчлигини, халқимиз осойишталигини, хонадонларимиз файзу баракасини зиёда қилишини, мустақиллигимизни абадий ва бардавом этишини сўрайман. Фарзандларимиз илмли, маърифатли, одоб-ахлоқли, Ватанга садоқатли ва халқимизга муносиб инсонлар бўлиб камол топишсин.

Мустақиллигимиз абадий, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин!

Мирзамақсуд домла АЛИМОВ

Андижон вилояти бош имом-хатиби.