Мусибат етганида сабр қилишлик

2514

Сабрнинг одобларидан бири – уни биринчи марта мусибатга йўлиққан вақтда ишлатишдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтдилар: «Чиндан ҳам сабр мусибатга биринчи бор йўлиқишдадир» дедилар.

Мусибат тушган вақтда «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб истиржо айтиш, яъни «Биз Аллоҳнинг бандасимиз ва албатта Унинг ҳузурига қайтгувчимиз» дейиш керак.

Бу ҳақда Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят этилган ҳадис мавжуд. Уни Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида нақл этганлар. Яна мусибат вақтидаги одоблардан бири – тил ва аъзоларнинг сукутда бўлишидир. Аммо йиғлаш жоиздир. Баъзи ҳукамолар айтишди: «Дод-фарёд урган нарсани (ўтувчи) қайтара олмайди, лекин ичи қорани хурсанд этади (у бировнинг бошига тушган мусибатдан хурсанд бўлувчидир)». Мусибатчига етган мусибат асарини изҳор этмаслик чиройли сабрдан бўлиб ҳисобланади. Собит Баноний айтдилар: «Абдуллоҳ ибн Мутраф вафот топди. Мутраф чиройли кийимларни кийиб ва хушбуй ёғларни суртиб, қавмнинг олдига чиқди. Бас, улар ғазабланиб айтишди: «Абдуллоҳ ўлиб ётибди, сен бўлсанг, ўзингга оро бериб, янги кийимлар кийиб чиқдинг!» Мутраф айтди: «Аллоҳ таолонинг оятларига итоат этмайми? Парвардигорим менга уч хислатни ваъда этди. Бу уч хислатнинг ҳаммаси менга дунё ва ундаги барча нарсадан ҳам маҳбуброқдир. Аллоҳ таоло айтди: «Шундай зотларки, агар уларга бир мусибат етса, улар айтишади: «Биз чиндан ҳам Аллоҳнинг бандасимиз ва бизлар Унинг ҳузурига албатта қайтгувчилармиз». Ана шуларга Парвардигорларининг санолари ва раҳматлари бўлур ва яна ана шулар ҳидоят топувчилардир» (Бақара сураси,156–157-оятлар). Аллоҳ охиратда берган бир кўза сувнинг қадри улуғлигидан Аллоҳ мендан бу дунёда эвазини олишини дуст тутдим».

Мусибат яшириш мумкин булган нарсалардан бўлса, бас, уни яшириш Аллоҳ таолонинг махфий неъматларидан бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят этадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар банда бетоб бўлса, Аллоҳ таоло унга икки фариштани юборади ва айтади: «Уни кўргани келганларга нима дейишига қаранглар». Агар унинг ҳузурига киришса, у Аллоҳга ҳамд айтса, икки фаришта у ҳамдни Аллоҳ таоло ҳузурига кўтаришади, Аллоҳ билувчидир. Бас, Аллоҳ айтади: «Агар Мен унинг жонини олсам, уни жаннатга дохил этаман. Бу бандамнинг мусибат етгандаги сабри учун агар унга шифо берсам, унинг этини энг яхши этга (гуштга), қонини энг яхши қонга алмаштираман ва ундан хатоларини авф этаман».

Али розияллоҳу анҳу айтдилар: «Дардингдан шикоят этмаслигинг ва мусибатингни эсламаслигинг Аллоҳни шарафлаш ва ҳаққини билишдан бўлиб ҳисобланади». Аҳнаф айтадилар: «Қирқ йилдан бери кўзимнинг нури кетди, бирон-бир зотга бу ҳақда айтмадим». Ҳукамолар айтишди: «Мусибатларни яшириш меҳрибонлик хазинасидандир». Улар мусибатларга бўладиган савоб нуқтаи назаридан уларни яширардилар. Бу борада уларнинг ҳикоялари жуда машҳурдир.

Ривоят этилишича, Абдумалик ибн Умар ибн Абдулазиз вафот этганида отаси Умар ибн Абдулазиз дафн этди ва устига тупроқ тортди, сунгра ўрнидан туриб қоматини ростлади. Атрофида одамлар уни ўраб туришарди. Бас, у айтди: «Эй ўғлим! Аллоҳ сени раҳматига олган бўлсин! Сен отангга меҳрибон эдинг. Аллоҳ номига қасамёд этаманки, Аллоҳ таоло сени менга хиба (ато) этгандан бери сендан масрур эдим. Аллоҳга қасамки, сен туфайли мен қаттиқ хурсанд бўлган эдим. Аллоҳ таоло сенга ихтиёр этган шу манзилга сени қўйганимдан буён Аллоҳ таолодан сен туфайли бўладиган саодатимни умид этувчироқман». Агар бир подшоҳ фақир (камбағал) одамга айтсаки: «Мен сени мана шу юмшоқ чўп билан бир марта урсам, сенга минг динор бераман». Фақир кўпроқ зарба-урилишини албатта яхши куради. У юмшоқ чўп унга алам бермаслигини эмас, балки, унинг орқасидан келадиган нарсани умид этади. Агар уриш унинг жаҳлини чиқарса ҳам, унга бардош беради (қонини қайнатса ҳам). Шундай экан азизлар бизга бериладиган хар-бир мусибатга чиройли сабр килар эканмиз, албатта буни мукофоти берилади.

Аллох таоло хар-бир муъмин-мусинмонларни сабрли, бардошли бўлишини насиб айласин.

Вилоят бош имом-хатиби ўринбосари
Хайруллоҳ домла Сулаймонов