МУРОЖААТНОМА – ТАРАҚҚИЁТ УЧУН ҚЎЛЛАНМА

958

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномасида халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва кескин равишда белгилаб берилди.
Мурожаатномадаги «илм йўқ жойда тўғри йўлдан адашиш бўлади, илм бу бизга ҳаводек зарур, энг катта бойлик ақл-заковат, энг катта қашшоқлик бу билимсизликдир» — деган пурмаъно ўгитлар барчамизни жиддий ўйлашга мажбур этади.
Маълумки, ривожланган мамлакатлар, энг аввало, илм-маърифат соҳасига алоҳида эътибор қаратади. Ўз-ўзидан аёнки, илм-маърифат бўлган жойда иқтисодий ўсиш муқаррар. Давлатимиз раҳбари ҳам илм-маърифат ва технологиялар ривожига алоҳида аҳамият қаратмоқда.
Инсоннинг онгу тафаккури, дунёқараши қанча кенг бўлса, диний ва дунёвий билимлардан хабардор бўлиб, аждодларининг тутган маънавий йўлидан юрса асло қоқилмайди.
Мурожаатномани тинглаб, шуни англаш мумкинки, бугун ҳар бир соҳа вакиллари янгича дунёқараш билан юртимиз тараққиёти йўлида доимо изланишда, харакатда бўлиши лозим.
Бугунги кунда Президент бошчилигида мамлакат иқтисодитётини кўтариш, аҳолининг турмушини яхшилаш, ишлаб чиқариш корхоналарини ва иш ўринларини кўпайтириш бўйича кенг қамровли ишлар бажарилмоқда. Бу ҳаракатлар ўз самарасини беради, албатта. Аммо бир кишининг изланишлари, ўзини ўтга-чўққа ургани кифоя қилмайди.
Бунинг учун ҳар биримиз ўзимизни, қарашларимизни, интилишларимизни, фикрларимизни ўзгартиришимиз керак. Қуръони каримда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «…Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунча, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас…» («Раъд» сураси 11-оят). Бу ояти кариманинг мазмуни халқимизнинг «Сендан ҳаракат – мендан баракат» нақлида ҳам соддароқ тарзда ифодаланган.
Фақат бугунни ўйлаб яшайдиган бўлсак, ҳеч нарса ўзгармайди. Ҳаммаси бугунгидек давом этаверади. Бугунги кун бир нави ўтиши учун шароитларимиз етарли. Лекин эртанги кун янада фаровон, янада тўкис бўлиши учун кўпроқ ўйлашимиз, ўқишимиз, изланишимиз керак.
Бунинг учун энг аввало ўз фарзандларимизга жиддийроқ эътибор қаратайлик. Хўш, фарзандларимиз бугун нима қилаяпти? Албатта, турли жабҳаларда кучи, билими, иқтидорини намоён этаётган ёшларимиз кам эмас. Лекин бошқалар-чи? Юқори натижаларга эришаётган ёшларимиз нари борса минг, икки минг, боринг ана ўн минг нафар чиқар. Қолганлар-чи? Ахир мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади-ку? Бу 16 миллиондан кўпроқ одам дегани. Улар нима билан машғул? Миллионлаб ёшларимиз билим олиш ўрнига сериал томоша қилиш, ижтимоий тармоқларга сурат жойлаш, кимлар биландир ярим кечасигача ёзишиш, турли электрон ўйинлар билан шуғулланмаяптими?
Катталар-чи? Уларни нималар ўйлантираяпти? Фақат ўғил уйлантириш, қиз чиқариш, уй қуриш, яхши кийиниш, яхши кийинтириш ҳақида бошқа қотирмаяптими?
Агар жаҳоннинг яқин тарихига назар солсак, Иккинчи жаҳон урушидан қашшоқлик гирдобига ботиб чиққан Корея, Япония сингари мамлакатлар табиий бойликлари эмас, ўз халқининг кучи, билими ва салоҳияти туфайли барча машаққатларни енгиб, юксак марраларга эришганига гувоҳ бўламиз.
ХХ аср ибтидосида жадид боболаримиз жамиятни ислоҳ қилишнинг учта тизимига алоҳида диққат қаратган: биринчиси – тарбия, иккинчиси – таълим, учинчиси – илмдир.
Ўзимизни ўзгартирайлик, Яратган ҳам бизни ўзгартиради. Фақат кундалик майда-чуйда ташвишлар билан эмас, келажак ҳақида, фарзандларимиз бугунгидан кўра комилроқ, тўкисроқ бўлиши учун ҳаракат қилайлик. Бунинг учун уларни ҳам кўпроқ ўқишга, интилишга ундайлик. Қўлига телефон эмас, китоб олиб берайлик.
Болаларимиз вақтини интернет ёки виртуал ўйинлар учун эмас, билим олиш, китоб ўқиш, изланиш учун сарфласин.
Жамиятдаги ҳар бир инсон фақат ўзи учун эмас, халқ учун, ватаннинг юксалиши учун меҳнат қилмас экан, интилишларимиз самара бермайди.
Фарзандларимиз вақтини беҳуда, ўйин-кулги учун сарфлар экан, келажакка умид билан боқиб бўлмайди.
Президентимиз айтган ҳалоллик вакцинаси нима? У аввало кўнгилни тозалаш, ҳаромни нима эканини англаб ундан ҳимояланишдир.
Мурожаатномани тинглаб, бу шунчаки, чақириқ эмас, балки, тараққиёт учун қўлланма эканлигини дилдан ҳис этмоқдамиз.

Ҳайитали ТЎЙЧИЕВ,
Улуғнор тумани

“Мингбулоқ”

жоме масжиди имом-хатиби