Инб Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам:
” Икки неъмат бор, кўпчилик бу иккисининг қадрига етмайдилар: Сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик”, дедилар”.
Имом Бухорий ривояти.
Ийд Қурбон ҳайит муносабати билан хозирги пандемия шароитида турли соҳа мутаҳасислари бизларни соғлиғимизни ва тинчлигимизни ўйлаб ўз муносабатларини билдирмоқдалар. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари ҳам байрамни кўнгилли ва шодумонликда ўтиши учун шариат таълимотлари бўйича мурожаат қилдилар. Энди бизларга тавсияларга амал қилишлик вожиб бўлади. Мақсад нима эди? Албатта, бизларнинг соғлиғимиз ва тинчлигимиз, ҳонадонларимизда нотинчликни олдини олиш, вирус юқтириб олмаслик ва тарқатмаслик. Расулуллоҳ алайҳис саломнинг юқоридаги ҳадиси шарифлари ҳам бизларнинг соғлиқ ва хотиржамлигимиз мақсадида айтилинган. Байрам кунлари ҳаммамиз уйимизда оиламиз даврасида бўлмоғимиз ҳам вазият ҳам шариат тақозосидир. Қурбонлик қилувчилар гўштларини кам таъминланганларга етказиб берса, ҳамма уйида дастурҳон безаб, қозон қайнатиб, фарзандларини шод қилса, бундан ортиқ қувонч борми. Ҳукумат ва муфтиётнинг ташвиши сизнинг соғлиғингиз. Сизнинг ҳотиржамлигингиз. Бу муҳим. Мен ҳам сизларга мурожаат қилиб шуни айтаманки, ўзингизни ва оилангизни асранг! Сизларнинг соғлиғингиз ва тинчлигингиз жамият барқарорлигини таъминлайди. Вазиятдан келиб чиқиб, зиёратга бориш, фотиҳага юриш, меҳмон чақириш каби ишлар хозирги вазиятда на шароитга, на-да шариат тавсиясига тўғри келмайди. Улуғларнинг насиҳатларига амал қилмаслик сизга ташвиш келтиради. Аллоҳ сақласин. Ниятимиз ўзингиз ва аҳлингиз тинч ва соғ-саломат бўлса, муродимиз шу. Яқинлашиб келаётган ҳайит байрамингиз муборак! Ҳонадонингиз байрам ва шодумон кунларга тўлсин. Халқимиз бошидан мусибатлар ариб, осуда кунларимизни қайтариб берсин. Бунинг учун сизнинг бугунги оқилона босган қадамингиз муҳим. Аллоҳнинг паноҳида бўлинг, азизлар!
Абдурахмон домла Артиқов.
Андижон шаҳри “Уйғур”
жоме масжиди имом-хатиби.