Мамлакатимизда инсоннинг қадр-қиймати ва шаънини эъзозлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида барча имкониятлар яратилган.
Зеро, инсоннинг халқ фаровонлиги йўлда қилган меҳнати қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланиш бўлади.
Бугун, 6 январь куни тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, кўп йиллик самарали фаолияти, узоқ йиллардан буён муборак ислом динининг инсонпарварлик, бағрикенглик, олийжаноблик ғояларини кенг тарғиб қилиб келаётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармонига асосан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги ва вилоятда фаолият кўрсатаётган барча масжид имом-хатиблари жамоаси муфтий ҳазратларини «Эл-юрт ҳурмати» ордени давлат мукофотини олганлиги билан табриклайди ва муфтий ҳазратларининг келгуси фаолиятларида Ватанимиз равнақи, динимиз ривожи йўлида олиб борадиган барча хайрли ишларида улкан зафарлар тилайди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида зиёли оилада таваллуд топганлар. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олганлар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби вазифасида, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритганлар. Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаганлар.
Усмонхон Алимов ҳазратлари 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 14 йилдан буён шу лавозимда самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан биридир. 2012 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлар.
Сўнгги йилларда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро эътибор ва эҳтиром сабаб Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгалладилар. У ўтган 10 йилдан буён ушбу рўйхатдан мустаҳкам жой олиб келмоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақола муаллифи ҳисобланади ҳамда теле, радио дастурларда долзарб мавзуларда чиқишлар қилган.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари даврларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан қўшни ва хориж давлатлари мусулмонлари диний идораси ўртасидаги дўстона муносабатларни ўрнатишга эришилди.
Дарҳақиқат, ўз меҳнати самарасини кўриш, улкан хизматлари эътироф этилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлиш, мамлакатнинг ифтихорига айланиш ҳар бир инсон учун катта бахт, энг олий саодатдир.
Яна бир бор муфтий ҳазратларини юксак мукофот билан табриклаймиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги.