Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов куни кеча Андижон вилоятига ташриф буюрган эди.Ташриф жараёнида И.Иномов Андижон вилоятидаги бир қатор масжидларга бориб, масжидларда фаолият кўрсатаётган имом-хатибларнинг фаолияти, диний-маърифий соҳада амалга ошираётган ишлари, масжидлардаги ободонлаштириш ва қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.
Жорий йилнинг 18-сентябрь куни эса муфтий ўринбосари И.Иномов Андижон шаҳридаги “Пистамозор” жоме масжидида жума намозини жамоат билан адо этиб, намоздан аввал жамоатга мавъиза қилиб берди. Намоздан сўнг юртимизнинг тинчлиги, халқимизнинг фаровонлиги, беморларга эса Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуои хайрлар қилди. Шундан сўнг ЎМИ Андижон вилояти вакиллигида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда масжидлар кўздан кечирилганида аниқланган камчиликлар, имом-хатибларнинг ўз фаолиятидаги камчиликлар, диний-маърифий соҳанинг фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан ўзининг топшириқ ва кўрсатмаларини бериб ўтди.
Шунингдек, масжидларда намозхонларга яратилаётган шароитларни яхшилаш, пандемия даврида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда намозларни адо этишлик борасида ҳам бир қатор ўзининг кўрсатма ва топшириқларини бериб ўтди.